Ўзбекистон | 15:28 / 14.06.2022
14315
3 дақиқада ўқилади

Намангандаги маҳаллада ҳоким ёрдамчиси томонидан балиқ етиштириш бўйича 1 млрд сўмлик лойиҳа ташкил этилади

Жорий йилнинг июнь-август ойларида республика бўйлаб вилоятларда маҳаллабай ишлаш ва ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги юзасидан икки кунлик пресс-тур тадбирлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Фото: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги хабарига кўра, 13 июнь санасида оммавий ахборот воситалари ва блогерлар иштирокида дастлабки пресс-тур Наманган вилоятида ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари Наманган шаҳрида жойлашган «Ишга марҳамат» мономаркази фаолияти, унда яратилган шароитлар, ўқитиш йўналишлари, жалб этилган мутахассислар билан танишди. Ушбу даргоҳ 28 та йўналишда 1,5 минг нафар ишсиз фуқарони касб-ҳунарга ўқитиб, мутахассислиги бўйича иш билан таъминлади.

Кейинги манзил «Баркамол авлод» маҳалласида кичик саноат зонасига бўлиб, у ерда иштирокчилар 4535 та қўшимча иш ўрни яратилишини таъминлаши кўзда тутилган 46 та лойиҳаларни амалга ошириш жараёни, «Ёркатай» МФЙда ташкил этилган «Ёркатай» кичик саноат зонасидаги 796 та янги иш ўрни яратишга қаратилган 26 та лойиҳалар билан танишди.

Уйчи туманидаги «Хўжаобод» МФЙда чинни буюмларига ишлов бериш кооперацияга ташриф давомида пресс-тур иштирокчилари чинни буюмларга турли дизайнларда нақшлар билан ишлов бериш ҳамда уларни тайёрлаш жараёнини кўздан кечирди, бу кооперацияни ташкил этиш орқали 45 та хонадонда аҳоли бандлиги таъминланган.

Шундан сўнг, иштирокчилар Учқўрғон туманидаги «Соҳил» МФЙ ҳудудида «Учқўрғон форель балиқлари» МЧЖ томонидан ташкил этилган, умумий қиймати 34 млрд сўмлик, 700 нафар иш ўрнига эга бўлган балиқчилик кооперациясида бўлиб, балиқчилик комплекси тузилиши, аҳолига ажратилиши, балиқларни озиқлантириш, улар турлари билан танишди. 

Шунингдек, «Фаровон» МФЙда ҳоким ёрдамчиси томонидан ташкил этилган, умумий қиймати 1 млрд сўм бўлган балиқ етиштириш лойиҳаси кўриб чиқилди. Ушбу лойиҳа орқали 35 нафар доимий иш ўрни ва 35 нафар кооперация асосида ишчи ўрни яратилади.

Пресс-тур иштирокчилари кейинги манзили Наманган шаҳридаги «Янги аср» МФЙда «Исмоил саноат стандарт» МЧЖ корхонаси томонидан ташкил этилган «Nazman textile» бренди остидаги тикувчилик корхонаси бўлди. Корхона умумий қиймати 2 млрд сўмни ташкил этиб, экспорт ҳажми 550 минг долларга тенг бўлган ҳолда, 65 та янги иш ўрни яратилди.

Наманган туманида жойлашган «Олахамак» МФЙ ҳудудидаги Олахамак касб-ҳунар коллежида 22 та йўналишда 1400 нафар ишсиз фуқарони касб-ҳунарга ўқитиш ва иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилиши режалаштирилаётган ўқув маркази, «Наманган Наврўз гуллари» МЧЖ томонидан ташкил этилган гул етиштириш йўналишидаги иссиқхоналар ҳамда ташкил этилаётган гулчилик марказига ташриф ташкил этилиб, лойиҳа йўналишлари ва мақсадлари, гул етиштириш жараёнлари билан танишилди. Лойиҳа умумий қиймати 2 млрд сўмни ташкил этиб, 60 та янги иш ўрни яратилади.

14 июнь куни Наманган вилоятининг Давлатобод, Косонсой ва Поп туманларида пресс-тур тадбирлари давом эттирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид