Ўзбекистон | 21:00 / 14.06.2022
9817
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Фаол фуқаролар ҳафталиги ўтказилмоқда

5 кун, 18 та шаҳар, 30 дан ортиқ турли форматдаги тадбирлар, 3 000 дан зиёд иштирокчилар.

13 июн куни Тошкентда Фаол фуқаролар ҳафталиги иш бошлади. Ҳафталик беш кун мобайнида уч мингдан зиёд иштирокчилар — нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, вазирлик ва ташкилотлар, маҳаллий бошқарув органлари, экспертлар, фаол фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини битта мулоқот майдонига жамлайди.

Мақсад — 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш.

Фаол фуқаролар ҳафталиги доирасида форум, конференция, давра суҳбати, мунозара, телемуҳокама, тренинг, марафон шаклидаги 30 дан зиёд тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, “Жамоатчилик иштирокининг инновацион усуллари” форуми, “Яшил” иқтисодиёт ва инновациялар – барқарор ривожланиш драйвери” мавзусида экологик форум, “Орамиздаги қаҳрамонлар” лойиҳаси доирасида тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Фаол фуқаролар ҳафталигини ўтказиш зарурати нимада? Экспертларнинг эътирофича, Ўзбекистоннинг сиёсий қиёфаси янгиланиши билан бирга, одамларнинг ҳам, фуқаролик жамиятининг ҳам дунёқараши ўзгармоқда. Бугун ислоҳотлар самарадорлигини оширишда, тараққиёт дастурларини ҳаётга татбиқ қилишда ва қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришда фуқаролик жамияти институтлари катта салоҳиятга эга.

Фуқаролик жамияти институтлари, биринчи навбатда, фуқароларнинг турли тоифалари манфаатларини ифодалайди, шу боисдан турли даражадаги муҳим қарорларни қабул қилиш жараёнларини қамраб олишга ёрдам беради.

Иккинчидан, улар жамоатчилик назоратининг субъектлари сифатида давлат секторида шаффофликни ҳамда давлат дастурлари ва лойиҳаларини амалга оширишда мувозанат тизимини таъминлайди.

Учинчидан, фуқаролик жамияти институтлари ҳудудларнинг ўзига хослиги ва аҳолининг салоҳиятини инобатга олган ҳолда долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича инновацион ғоялар ва амалиётларни таклиф этиши мумкин.

Муҳим қарорлар ишлаб чиқиш ва қабул қилишда фуқароларни жалб қилиш Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган демократик ислоҳотлар – биз учун ягона тўғри йўлдир, жамиятнинг ўзи эса мамлакатдаги ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочисидир, деган тамойилнинг тасдиғидир.

Кейинги йилларда бу борада катта ишлар амалга оширилди. Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш механизмлари мақсадли такомиллаштирилиб, кафолатлар мустаҳкамланиб, жойлардаги инфратузилма такомиллаштирилмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти соҳасидаги қонунчиликни сезиларли даражада либераллаштириш бошланди.

Жумладан, бож ставкалари пасайтирилди:

  • Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш – 5 бараварга;
  • рамзларни давлат рўйхатидан ўтказиш — 2,5 бараварга;
  • ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олиш – давлат божининг 50 фоизигача.

Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати икки ойдан бир ойга қисқартирилди.

Агар 2017 йилда адлия органлари томонидан атиги 60 та нодавлат нотижорат ташкилоти рўйхатга олинган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 448 тага етди, яъни 7,5 баробарга кўпайди. Умуман, сўнгги 5 йилда

1 031 та янги нодавлат нотижорат ташкилоти рўйхатга олинди.

Жамоат ташкилотлари ташаббусларини молиялаштиришда ҳам жадал ўсиш кузатилмоқда. Биргина 2021 йилда ушбу мақсадлар учун 75,8 миллиард сўм йўналтирилган, бу 2017 йилга нисбатан 6,5 баробар кўпдир. 2017— 2021 йилларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларини молиялаштиришга 172 миллиард сўм йўналтирилди.

Шунингдек, ҳудудий давлат органлари ҳузурида Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари ташкил этилди. 2019 йилдан бошлаб уларга фаолиятини келгусида ҳам давом эттиришлари учун маҳаллий бюджетлардан маблағлар ажратилмоқда.

Нодавлат нотижорат ташкилотларига адлия органларига тегишли барча хизматларни электрон шаклда тақдим этиш имкониятини берувчи e-ngo.uz портали ишга туширилди. Ҳар бир вилоят марказида фуқаролик жамияти институтлари бепул жойлаштириладиган Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари ташкил этилди.

Ўтган йили 2021—2025 йилларда Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси қабул қилиниши мамлакатимиз фуқролик жамиятини янада ривожлантириш, ижтимоий институтлар ролини кучайтиришга интилаётганини яна бир бор намоён этди.

Концепцияда 2025 йилгача бўлган устувор йўналишлар ва мақсадлар, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар кўринишида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2021 йилда камида 1,2 баробар, 2025 йилда эса 1,8 баробар ошириш белгилаб берилди.

Фуқаролик жамияти институтларининг самарали фаолият юритиши учун шарт-шароит ва имкониятларни янада кенгайтириш кутилмоқда. Буни давлат раҳбарининг 2021 йил Конституция куни арафасида белгилаб берган вазифалари ҳам тасдиқлайди.

Бугун Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар жараёни бошланди. Бунинг замирида шахс, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ётади. Илгари амалда бўлган “давлат – жамият – шахс” тамойилини янги “инсон – жамият – давлат” тамойилига алмаштириш таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойилини акс эттирувчи фуқаролик жамияти институтларининг роли ва мавқеини Бош Қомусимизда мустаҳкамлаб қўйиш кўзда тутилмоқда.

Фаол фуқаролар ҳафталиги Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида ҳамда мамлакатдаги конституциявий ислоҳотлар шароитида трансформация жараёнларининг барча иштирокчилари ўртасида фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқиш учун конструктив мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.

«Фаол фуқаролар ҳафталиги “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан Олий Мажлис Сенати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази, Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ҳамда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), К.Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ва қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил этилмоқда», дейилади “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид