Номзодлар эгаллаб турган лавозими ва қарорлар қабул қилишга таъсир қилиш даражаси, иқтибосларда келтирилиши ва таниқлилиги ва ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ташаббусларни илгари сурганига қараб баҳоланган.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда ҳамда минтақа экспертлари кўмагида Марказий Осиёнинг етакчи аёллари рейтингини тузди.
Таъкидланишича, рейтингга киритилган аёллар минтақада турли соҳаларга, шу жумладан сиёсат, бизнес, таълим, фан, санъат ва ижтимоий масалаларга ижобий таъсир кўрсатган.
Номзодлар рўйхати шакллантирилгач, ҳаракатнинг минтақа миқёсидаги экспертлар гуруҳига тақдим этилган. Экспертлар номзодларни ҳам математик, ҳам эмпирик методларга таянган ҳолда саралаган.
Саралаш жараёнининг биринчи босқичида номзодлар қуйидагиларга қараб баҳоланган:
эгаллаб турган лавозими ва қарорлар қабул қилишга таъсир қилиш даражаси (10 балл);
иқтибосларда келтирилиши ва таниқлилиги (10 балл);
ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ташаббусларни илгари сурганлиги (5 балл).
Иккинчи босқичда минтақанинг 300 яқин экспертлар иштирокида онлайн овоз бериш жараёни ўтказилди. Овоз берган экспертлар таркибида инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсманлар, минтақанинг етакчи «ақл марказлари» раҳбарлари, парламентарийлар, академиклар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар вакиллари бор.
Марказий Осиёнинг топ-40 етакчи аёллари рўйхати:
Зироат Мирзиёева — «Замин» халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси, Ўзбекистоннинг биринчи хоними;
Айгул Жапарова — «Эне-балага тирек» жамоат фонди раиси, Қирғизистон республикаси биринчи хоними;
Азизамоҳ Асадуллаева — Тожикистоннинг биринчи хоними;
Танзила Норбоева — Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси;
Дунёгўзал Гулманова — Туркманистон Миллий Генгеш Межлиси раиси;
Саида Мирзиёева — Ўзбекистон президенти ёрдамчиси;
Зуҳра Иброҳимова — Олий Мажлис спикери ўринбосари;
Тамара Дуйсенова — Қозоғистон бош вазири ўринбосари;
ЗулайҳоМаҳкамова — Ўзбекистон бош вазири ўринбосари;
РозаОтунбаева — БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили ва БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси раҳбари, Қирғизистоннинг собиқ президенти;
ДинараОшуракунова — Қирғизистон «Демократия ва фуқаролик жамияти учун» коалицияси эксперти.
Экспертлар Танзила Норбоева Ўзбекистон тарихида Сенатга раислик қилаётган илк аёл бўлганини таъкидлашган.Бунгача у Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси, Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида фаолият юритган. «Шуҳрат» медали, «Фидокорона хизматлари учун» ордени, I даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган. 2019 йилда «Энг фаол давлат арбоби – Ўзбекистонда йил одами» cифатида эътироф этилган.
Роза Отунбоева Марказий Осиёдаги биринчи аёл президент. Бугунда Қирғизистон республикаси ривожига кўп томонлама ҳисса қўшаётган «Роза Отунбоева ташаббуси» жамоат фонди асосчиси. У етакчилик, дипломатия, фаол фуқаролик ва халқаро ҳамкорлик соҳаларида 35 йилдан ортиқ касбий тажрибага эга. Фуқаролик жамияти, давлат ва хусусий секторлар ҳаётини яхшилашга қўшган ҳиссаси учун Кувайт мукофоти билан тақдирланган.
Экспертлар, шунингдек, Зироат Мирзиёева раислигидаги Zamin фонди соғлиқни сақлаш, таълим, аёллар, болалар, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва қарияларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга ошириб келаётганини эътироф этди. Биринчи хоним халқаро миқёсдаги йирик анжуманлар, саммитларда фаол иштирок этиб, ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлашга, ўзбек жамияти ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Озода Раҳмон Тожикистон ҳукуматида юқори лавозимлардаги фаолиятидан ташқари, ўзининг хайрия ишлари, мамлакатда аёллар ҳуқуқлари ва таълим соҳасидаги ислоҳотларга таъсир кўрсатиши билан танилган.
Қозоғистон президенти ҳузуридаги Фанлар академияси президенти Кунсулу Закариё биология фанлари доктори, профессор, Ал-Фаробий номидаги фан ва техника соҳасидаги Давлат мукофоти лауреати. Олима аёл Қозоғистон илм-фанини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган. У COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши QazCovid-in (QazVac) вакцинасини ишлаб чиқди. 200 дан ортиқ илмий нашрлар ҳамда илмий-услубий қўлланмалар, монографиялар, ихтиролар ва меъёрий-техник ҳужжатлар муаллифи.
Мяҳри Бяшимова Туркманистон ташқи ишлар вазирлигидаги фаолиятидан ташқари, «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш, янги экологик тоза технологиялардан фойдаланишга оид лойиҳаларни фаол илгари суради, бу бўйича БМТнинг юқори даражадаги йиғилишларида иштирок этиб келади.
Умут Шаяхметова Қозоғистонда аёл бизнес етакчиларидан бири. У бошқараётган Халқ банки Марказий Осиёдаги йирик банклардан биридир. 2023 йилда нуфузли халқаро нашр – International Banker’га кўра, Шарқий Европадаги энг яхши банк деб топилди. Шунингдек, Қозоғистон Олимпия қўмитаси вице-президенти бўлган биринчи аёлдир.
Саида Мирзиёева Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш, маданият соҳасини ривожлантириш, шунингдек, гендер тенглиги масалалари бўйича фаоллик кўрсатиб, хотин-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Жамиятдаги муаммоларни кўтариб, аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муносабатини билдириб келади. Халқаро минбарларда Ўзбекистон номидан сўзга чиқиб, йирик таълимий ва маданий, экологик лойиҳаларни тақдим этмоқда.
34 ёшли Дунёгўзал Гулманова Туркманистон тарихида парламентнинг энг ёш спикери ҳисобланади. Экспертлар унинг ушбу лавозимга сайланишини мамлакат сиёсий манзарасида муҳим ўзгаришлардан дарак эканини таъкидлаган. Охирги парламент сайловлари натижаларига кўра, депутатларнинг 25,60 фоизини аёллар ташкил этди. Депутатлар таркиби сезиларли даражада ёшарди: қарийб 10 фоизи 30 ёшгача, 40,80 фоизи эса 40 ёшгача бўлган фуқаролардир.
«Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари етакчи аёлларининг мулоқот қилиши, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириши, тажриба алмашиши учун платформа яратилди. Хусусан, 2021 йилда Марказий Осиё етакчи аёлларининг илк мулоқоти Ўзбекистонда бўлиб ўтди. Мулоқот натижасида Марказий Осиё аёлларининг давлат бошқаруви, превентив дипломатия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, тадбиркорлик ва бизнес, маданият, таълим, фан, санъат, гендер тенглиги ва умуман барқарор ривожланиш соҳаларида ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди. Шунингдек, минтақа мамлакатларининг тадбиркор аёллари иштирокида бизнес форумлар ташкил этилди», дейилади «Юксалиш» ҳаракати хабарида.