Ўзбекистон | 11:20 / 14.06.2022
3397
2 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ бюроси Ўзбекистонда 2021 йилги президентлик сайловлари бўйича якуний ҳисоботини тақдим этади

Фото: Kun.uz

Бугун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) делегацияси Ўзбекистонга келди, деб хабар бермоқда «Дунё».

17 июнь кунигача давом этадиган ташриф дастурига кўра, Марказий сайлов комиссияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа давлат органлари, жамоат ташкилотларида учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, ташрифдан асосий мақсад 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон президенти сайловини кузатиш бўйича ДИИҲБ миссиясининг якуний ҳисоботини тақдим этишдан иборат.

Шу муносабат билан бугун Марказий сайлов комиссиясида ЕХҲТ ДИИҲБ делегацияси вакиллари билан учрашув ўтказилади, дейилади хабарда.

Маълумот учун, 2021 йилнинг 24 октябрь куни Ўзбекистон президенти сайлови бўлиб ўтди. 

5 та сиёсий партия томонидан президентликка кўрсатилган номзодлар сайловчиларнинг қуйидаги миқдордаги овозини олди:

  • “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Баҳром Абдуҳалимов – 3,39 фоиз;
  • Экологик партиядан номзод Нарзулла Обломуродов – 4,14 фоиз;
  • “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Алишер Қодиров – 5,48 фоиз;
  • Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Ворисова – 6,63 фоиз;
  • Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев – 80,12 фоиз.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг энг кўп – 80,12 фоиз овозини олиб ғалаба қозонди ва Ўзбекистон президенти этиб сайланди.

Сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллиондан ортиқ сайловчидан 80,4 фоиздан кўпроғи сайлов жараёнларида иштирок этган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид