Жаҳон | 09:20 / 14.06.2022
14332
4 дақиқада ўқилади

Зеленский Германия канцлерини оғир қуроллар етказиб беришдаги кечикишлар учун танқид қилди 

Украина президенти Германия канцлерини Киевга оғир қуролларни етказиб беришдаги кечикишлар учун танқид остига олди. Зеленский Шольцни Украина қўллаб-қувватлашни кафолатлашга чақирди.

Фото: president.gov.ua

Германия канцлери Олаф Шольц Берлиннинг Россия томонидан Украинага қарши бошланган уруш бўйича позицияси тўғрисида бир қарорга келиши лозим. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 13 июнь, душанба куни Германиянинг ZDF давлат-ҳуқуқий телеканалига берган интервьюсида айтди

«Бизга Германия Украинани қўллаб-қувватлаши ҳақида канцлер Шольцдан кафолат керак. У ва унинг ҳукумати қарор қабул қилиши керак, — деди Зеленский. — Украина ва Россия билан муносабатлар ўртасида мувозанатда бўлиш»га уриниш бефойда», дея таъкидлади Украина раҳбари. 

«Германия бизнинг баъзи қўшни давлатларимиздан бироз кечроқ қурол-яроғ етказиб бериш бўйича хулоса чиқарди. Бу факт», — деди Зеленский. АҚШ, Буюк Британия, Болтиқбўйи давлатлари ва Шарқий Европа бошқа давлатлари зудлик билан чора кўрган бўлса, Германия ва Франция дастлаб Украинани фақат сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлади, деди у. «Россия ҳукуматига қанча одам ҳалок бўлишининг аҳамияти йўқ. Бу уруш қанча давом этиши уни қизиқтирмайди. Чунки у энергия ресурсларини экспорт қилиш орқали пул топяпти. Лекин одамларнинг ҳаётдан кўз юмишига биз бефарқ эмасмиз», - дейди Володимир Зеленский. 

Украинанинг турли даражадаги расмийлари Германияни Киевга ваъда қилинган қуролларни етказиб беришда суст ҳаракат қилаётгани учун тобора кўпроқ танқид остига олмоқда. Май ойи охирида Украинанинг Германиядаги элчиси Андрей Мелник Олаф Шольцни етакчилик йўқлигида ва Украина манфаатларига эътиборсизликда айблади. «Ҳарбий жиҳатдан Берлин Украинани шунчаки ташлаб қўйди», — деди Мелник Украинага оғир қуроллар етказиб берилишини изоҳлар экан. 

Кейинчалик у Шольц «ҳақиқатан ҳам оғир қуролларни етказиб беришни истамайди ва шунчаки ўт очишни тўхтатиш режимини кутаётган бўлиши мумкин», деб айтди. 

Германиянинг ўзида ҳам канцлер танқид қилинмоқда. Мисол учун, Бундестагдаги ХДС/ХСС фракцияси вакили ва мудофаа қўмитаси аъзоси Флориан Хан Cicero журналига берган интервьюсида Шольц «қурол етказиб беришни атайлаб кечиктирмоқда» деди. «Афсуски, канцлер Украина бу урушда ғалаба қозонишини, рус қўшинлари мамлакатдан чиқариб юборилиши маъносида ғалаба қозонишини истамайди, деб ўйлайман», - деди ХДС’нинг мудофаа бўйича эксперти Родерих Кизеветтер. 

Олаф Шольц Италия бош вазири Марио Драги ва Франция президенти Эммануэл Макрон билан биргаликда 16 июнь, пайшанба куни Украинага ташриф буюриши мумкин, дея хабар бермоқда Италиянинг La Stampa нашри. Шольц бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортди. 

Нашрнинг қайд этишича, Европа иттифоқининг уч мамлакати етакчилари «Украина президенти Володимир Зеленскийни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаш» учун бирга келади. Уларнинг ташрифидан бир кун ўтиб Еврокомиссия Украинанинг ЕИ аъзолигига номзод мақоми бўйича аризаси юзасидан хулоса бериши керак, бу ҳақда аввалроқ Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ваъда қилган эди. 

Мавзуга оид