Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия тараққиёт банки Фарғонада ичимлик суви тизимига 200 млн евро ажратиши мумкин
KfW Германия тараққиёт банки Фарғона вилоятида ичимлик суви ва оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва қуришга 200 млн еврогача маблағ ажратиши режа қилинмоқда.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров KfW Германия тараққиёт банки лойиҳа маълумотлари бошқаруви менежери Леа Тереза Штуф бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда KfW Германия тараққиёт банки томонидан ишлаб чиқилаётган Фарғона вилоятида ичимлик суви ва оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш лойиҳаси муҳокама қилинди. Лойиҳа учун 49 млн евро Германия тараққиёт банки гранти ажратилмоқда, лойиҳа қийматидан келиб чиқиб 150 млн еврогача 15 йиллик имтиёзли кредит ҳам тақдим этилади. Лойиҳавий-баҳолаш ҳужжатини тайёрлаш учун ҳам KfW томонидан 3 млн евро грант ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида Қўқон ва Марғилон шаҳарларида жойлашган ҳамда атроф ҳудудлардаги шаҳар ва туманларга ҳам хизмат кўрсатувчи оқова сув тозалаш иншоотларини, ушбу ҳудудлардаги ичимлик суви тизимларини замонавий технологиялар асосида реконструкция қилиш ва қуриш режалаштирилмоқда.
Ҳозирда лойиҳани тегишли вазирликлар ҳамда республика идоралари билан келишиш жараёни давом этмоқда.
Лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканини таъкидлаган вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров келгуси ойда вилоят ҳокими ўринбосари бошчилигидаги фарғоналик тадбиркор ва ишбилармонлардан иборат делегациянинг Германияга ташрифи амалга оширилишини маълум қилди.
KfW Германия тараққиёт банки вакиллари бугун Қўқон ва Марғилон шаҳарларида бўлиб, мавжуд ичимлик суви ва оқова сув тизимлари билан танишади.
Мавзуга оид
09:56 / 11.07.2026
Ryanair рейсида иллюминатор синди, йўловчи жароҳатланди
10:35 / 08.07.2026
Германия мудофаа учун рекорд маблағ ажратади
11:05 / 07.07.2026
Канада Германиядан 12 та замонавий сувости кемасини сотиб олади
19:41 / 04.07.2026