23:06 / 17.06.2022
51785

Андижондан Қирғизистонга ўтишга мўлжалланган ерости йўли қазиганлар қамалди

Жорий йил 22 январ куни ДХХ Андижон ва Наманган вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда трансчегаравий жиноий гуруҳ 1,6 миллион доллардан ошиқроқ валютани Қирғизистонга олиб ўтишни режалаштираётганда қўлга тушган.

Ўтказилган тадбир давомида Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшовчи гуруҳ аъзоларидан бирининг уйида Қирғизистонга ўтиш учун мўлжалланган ерости йўли борлиги аниқланган. Унинг эни 1 квадрат метр, чуқурлиги 12,5 метр, узунлиги эса 150 метр бўлган.

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати
Фото: Давлат хавфсизлик хизмати
Фото: Давлат хавфсизлик хизмати

Ушбу тумандаги Бирлик маҳалласида эса узунлиги 420 метр бўлган яна бир ерости йўли борлиги аниқланган. Қирғизистонга ўтиш учун мўлжалланган бу ерости йўлида қўлбола пўлат излар ётқизилган бўлиб унинг устида электро двигателли аравача ўрнатилган ва шу тариқа Ўзбекистондан Қирғизистонга, Қирғизистондан Ўзбекистонга ноқонуний товарлар, валюта олиб ўтилган.

Жиноий гуруҳ икки нафар Ўзбекистон ва 6 нафар Қирғизистон фуқароларидан иборат бўлган. Гуруҳни 1974 йил туғилган Қирғизистон фуқароси бошқарган. Жиноий гуруҳ аъзолари ҳуқуқ тартибот органлари эътиборига тушмаслик учун сўзлашувда шартли мулоқот усулидан фойдаланган. Гуруҳ ахъзолари Андижондаги «Дўстлик» чегара постидан Ўзбекистонга катта миқдордаги валютани декларация тўлдирган ҳолда олиб кирган. Кейинчалик пулларни ерости йўли орқали Қирғизистонга қайтариб олиб кетган. Қўлга киритилган декларациядан эса Қўқон ва Тошкентдаги эҳтимолий текширувларда фойдаланишни мақсад қилишган.

Жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинган, уларнинг қилмишлари далиллар ёрдамида ўз исботини топган. Жорий йил 25 май куни Жиноят ишлари бўйича Норин туман судида гуруҳ аъзоларига нисбатан 6 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш бўйича айблов эълон қилинган.

Қўрғонтепадаги навбатдаги ерости ўли эса Ўзбекистон ва Қирғизистонни ажратиб турувчи Шаҳрихонсой канали остидан қазилган. Бу ерости йўлининг чуқурлиги 16 метр, узунлиги 70 метр. Бу яширин йўл махсус ёритиш ва кислород билан таъминлаш тизими билан «жиҳозланган». Ушбу йўлни қазиган фуқарога нисбатан жиноят иши очилган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ушбу ҳолатлар юзасида Ўзбекистон ДХХ томонидан Қирғизистон томонига аниқланган учта ерости йўлларининг қўшни давлат ҳудудидан чиқадиган манзиллари, ташкилотчилари ҳақида маълумотлар берилиб, қонуний чора кўриш сўралган. Жорий йил май-июн ойларида қўшни давлат вакиллари томонидан ўтказилган тадбир давомида ерости йўлларининг фаолиятига чек қўйилган.

Top