Жаҳон | 09:28 / 17.06.2022
15617
4 дақиқада ўқилади

НАТО ўзининг шарқий қаноти мудофааси бўйича янги модел тайёрламоқда 

Шимолий Атлантика альянсининг шарқий қанотини ҳимоя қилиш янги модели июнь ойи охирида Мадриддаги саммитда тасдиқланади. Альянс бош котиби Йенс Столтенберг унинг нимадан иборат бўлишини тушунтирди.

Фото: Reuters

НАТО ўзининг шарқий қаноти мудофааси учун янги моделни тайёрлади, у июнь охирида Мадридда бўлиб ўтадиган саммитда тасдиқланиши режалаштирилган. Бу ҳақда Шимолий Атлантика альянси бош котиби Йенс Столтенберг 16 июнь, пайшанба куни Брюсселдаги штаб-квартирада НАТО мудофаа вазирлари йиғилиши якунлари бўйича маълум қилди, дея хабар беради DW. 

«Россиянинг Украинага қарши уруши ўнлаб йиллар давомида хавфсизлигимиз учун энг катта таҳдид бўлиб қолади. Шунинг учун биз НАТОнинг узоқ муддатли жавоб чораларини аниқлашимиз керак», - деди Столтенберг. Унинг сўзларига кўра, вазирлар Мадриддаги учрашувга тайёргарликни якунлаган. «Ишончим комилки, икки ҳафта ичида саммитда биз модел бўйича келишиб оламиз. НАТОга аъзо давлатлар моделни тўлдириш учун зарур кучларни тақдим этишга тайёр», - дея тушунтирди бош котиб. Унинг фикрича, бу Шимолий Атлантика альянсининг барча мамлакатларини «энди хавфсиз ва рақобатбардош бўлмаган дунёда мудофаа қобилияти» мустаҳкамланишига ишонтиради. 

Янги моделнинг асосий элементи шарқий қанотда пиёда кучларнинг кўпайиши бўлади. Гап НАТО қўшинлари ҳақида кетмоқда. Ҳозиргача Болтиқбўйи давлатлари ва Полшада тўртта жанговар гуруҳ бўлган. Уларга яна тўрттаси қўшилади - Словакия, Венгрия, Руминия ва Болгарияда. Бундан ташқари, шарқий қанотдан бироз узоқроқда жойлашган давлатлар маълум бир ҳудудни ҳимоя қилишга ёрдам берадиган махсус бўлинмалар ажратади, деди бош котиб. 

Аввалроқ Германия Литвада мунтазам тайёргарликдан ўтадиган қўшинларни аниқлашни таклиф қилганди - бу ҳам ерда ҳаракатланиш, ҳам маҳаллий қуролли кучлар билан жанговар ҳаракатларни мувофиқлаштиришга мўлжалланган. Аммо улар Германияда жойлаштирилади, керак бўлса тезда Литвага ўтказилиши мумкин. Ушбу ҳаракатни чиндан ҳам тез амалга ошириш учун шарқий қанотда қурол ва озиқ-овқат омборлари жойлаштирилади. «Кўпинча нимага вақт кетади? Оғир техника, зирҳли машиналар, ўқ-дорилар ва озиқ-овқатларни етказиб беришга», - деди Йенс Столтенберг. 

Унинг сўзларига кўра, янги модел бошқа компонентларни ҳам кўзда тутади: ҳаво кучлари, денгиз флоти, кибернетика, ҳаво мудофааси. «Буларнинг барчаси биргаликда альянс бўйлаб мудофаа кучимизни сезиларли даражада оширишни англатади», деб қўшимча қилди Шимолий Атлантика альянси бош котиби. 

НАТО саммити 28-30 июнь кунлари Мадридда бўлиб ўтади. Йенс Столтенберг Украина президенти Володимир Зеленский ушбу учрашув таклифини қабул қилганини олқишлади. Бироқ Зеленский унда қайси форматда иштирок этиши номаълум. Саммитда Украинага янги ёрдам пакетини ҳам тасдиқлаш режалаштирилмоқда. 

«НАТО кўп йиллардан буён Европадаги суверен мустақил давлатни, Украинани қўллаб-қувватлаб келмоқда. НАТО давлатлари Украина қуролли кучларини тайёрлаш, ёрдам, маслаҳат бериш ва жиҳозлашда иштирок этмоқда. Бу ҳеч кимга таҳдид ёки провокация эмас. Бу биз қилишда давом этадиган нарса », деди Столтенберг. У «мустақил Украина давлатига қарши шафқатсиз тажовуз учун Москва жавобгар» эканини таъкидлади. 

Қора денгиз блокадаси туфайли Украинанинг дон экспорт қила олмаслиги Россия бошлаган уруш глобал оқибатларга олиб келишидан далолат беради, деб ҳисоблайди Йенс Столтенберг. Бу озиқ-овқат нархининг ошишига, турли минтақаларда, айниқса, Африкада кўпроқ одамларнинг қийин аҳволда қолишига олиб келади. «Бу фақат хавотирни кучайтиради, урушни тугатиш зарурлигини англатади, шунингдек, Путинни бу бемаъни жанговар ҳаракатларни тўхтатишга ундайди», деди НАТО бош котиби. 

Мавзуга оид