Ўзбекистон | 10:15
589
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон НАТО шерик давлатлари кунида иштирок этди

Бельгиянинг Монс шаҳрида жойлашган НАТОнинг Бирлашган қўшинлари Бош қўмондонлигининг Операциялар бўйича штаб-квартирасида (SHAPE) ўтказилган “НАТО шерик давлатлари куни – 2026” тадбирида Ўзбекистон ҳам иштирок этиб, мамлакатнинг бой маданий мероси, туристик салоҳияти ва миллий анъаналарини халқаро жамоатчиликка намойиш қилди.

Фото: Дунё

Тадбир НАТОга аъзо ва шерик давлатлар ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, шунингдек, иштирокчи мамлакатларнинг тарихи, маданияти ва миллий қадриятларини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.

Бу йилги тадбирда 20 дан ортиқ давлат вакиллари қатнашди. Учрашувга НАТО бош қароргоҳи ва унинг турли тузилмаларида фаолият юритаётган 300 нафарга яқин ҳарбий хизматчи, мутахассис ва уларнинг оила аъзолари меҳмон сифатида ташриф буюрди.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан SHAPE бошлиғи ўринбосари, Ҳарбий ҳамкорлик директорат бошлиғи адмирал Юсуф Карагюле бундай маданий учрашувлар турли халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, НАТО ҳозирги кунда 35 давлат билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган бўлиб, улардан 27 таси SHAPE'да аккредитациядан ўтган. Шунингдек, 20 та давлат мазкур штаб-квартирада доимий ваколатхонасига эга.

Тадбир доирасида Ўзбекистон миллий павильони иштирокчиларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди. Унда мамлакатнинг бой тарихий-маданий меросини акс эттирувчи фотосуратлар, халқ ҳунармандчилиги намуналари ва миллий амалий санъат буюмлари намойиш этилди.

Меҳмонларга Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари, тарихий шаҳарлари ва маданий обидалари ҳақида маълумот берувчи буклет ва тарғибот материаллари ҳам тақдим этилди.

Шунингдек, гастрономик кўргазма доирасида меҳмонлар ўзбек миллий таомларидан баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлди. Миллий таомлар ўзининг бетакрор таъми ва хилма-хиллиги билан иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Таъкидлаш жоизки, “НАТО шерик давлатлари куни” 2005 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинадиган анъанавий маданий тадбирлардан бири ҳисобланади. У турли мамлакатлар ўртасидаги маданий мулоқот ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид