Жаҳон | 08:51 / 19.06.2022
17070
2 дақиқада ўқилади

Россия армияси Северодонецк атрофида кичик натижаларга эришгани айтилди

АҚШдаги Урушни ўрганиш институти 18 июн ҳолатига кўра Украинадаги уруш ҳақида таҳлилларини тақдим этди. Унда айтилишича, Россия армияси Северодонецк атрофида кичик муваффақиятларга эришган, аммо бошқа йўналишларда тўхтаб қолган.

Фото: NDTV

Руслар Метелкино қишлоғида бироз одимлашга эришган. Украина томони ҳам бу маълумотни тасдиқлади. Олдинроқ Рамзан Қодиров чечен аскарларидан иборат «Ахмат» махсус бўлинмаси бу қишлоқни ўз назоратига олганини айтганди. Америкалик экспертларнинг фикрига кўра, бу жуда кичик одимлаш ҳисобланади ва русларнинг ҳаракати умумий олганда жуда суст кечмоқда.

Хабарда айтилишича, руслар Бахмут – Лисичанск трассасини Украина томони учун ёпишга интилиб, трассада артиллерия зарбаларини бериб бормоқда.

Институт маълумотларига кўра, Северодонецк учун жанглар давом этаётгани, шунингдек, кўп аскарлар ҳалок бўлиб, техникалар йўқотилаётгани сабаб Россия армияси бошқа йўналишларда тўхтаб қолган. Институт экспертларининг тахминича, Россия Северодонецкни бир неча ҳафта ичида қўлга олиши мумкин. Фақат фронтнинг ушбу кичик чизиғида ҳарбийлар сони ва техника бўйича катта устунликка эга бўлгани ҳисобига.

Украина Мудофаа вазирлиги разведкачилари томонидан ёзиб олинган рус аскарларининг телефон суҳбатларини таҳлил қилган экспертлар Россия армиясида руҳий ҳолат ва интизом билан боғлиқ муаммо бор деган хулосага келиб, бу русларнинг олдинга силжиши қийин бўлаётганига сабаблардан бири эканини айтган.

Мавзуга оид