Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Испания компаниясининг дрон ёрдамида бутазорлар барпо этиш бўйича технологияси Ўзбекистонда қўлланилади
Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонаси томонидан Испаниянинг “CO2 Revolution” компанияси вакиллари ва Ўзбекистон Инновацион ривожлантириш вазирлиги, Экология қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти мутасаддиларининг видеомулоқоти ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.
Видеомулоқот чоғида хориж томонига Ўзбекистонда ўрмон ва тўқайзорларни қайта тиклаш, Орол денгизи қуриган ҳудудларида саксовулзорлар ва бошқа ўсимликлар плантацияларини барпо этиш бўйича кенг кўламда амалга оширилаётган ва режалаштирилган ишлар тўғрисидаги ахборотлар тақдим этилди.
Бу йўналишларда “CO2 Revolution” компанияси томонидан ишлаб чиқилган инновация технологияларини Ўзбекистонда қўллаш бўйича ўзаро ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш таклиф этилди.
Компания дронлар ёрдамида махсус ишлов берилган ва тупроққа тушгач қушлар, ёввойи ҳайвонлар ва ҳашаротлар томонидан нобуд бўлиши олдини олувчи ва кейинчалик униб-ўсишига кўмаклашадиган микроэлементлар билан бойитилган капсулаларга жойлаштирилган уруғларни экади. Бу усул Ўзбекистонда асосан қўлланиладиган анъанавий қўлда экишдан кўра тезроқ ҳамда бориш қийин бўлган ҳудудларга самолёт ёки дельтаплан орқали экиш усулидан арзонроқ экани ҳамда уруғ тутиб кетиш коэффициенти юқорироқ ҳисобланиши таъкидланди.
Видеомулоқот давомида хориж компанияси вакили Ўзбекистонда чўлланишга қарши олиб борилаётган тадбирлар ва ўрмонларни тиклаш, доривор ўсимликлар экин майдонларини кўпайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда республика ҳудудларига мос келадиган уруғларга ишлов бериш ва экишда ўз инновацион илмий ва технологик ечимларини қўллаш орқали ўзаро ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар натижасида томонлар дастлаб экспертлар даражасида тегишли маълумотлар алмашувини йўлга қўйиш, кейинчалик испан компанияси вакиллари қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонга амалий сафар уюштиришига келишиб олинди.
“CO2 Revolution” 2018 йил Мадрид шаҳрида ташкил этилган компания бўлиб, унинг асосий фаолияти ўрмонларни қайта тиклаш бўйича лойиҳалар барча босқичларини амалга оширишдан иборат. Компания турли ўсимликлар уруғларини тез ва самарали эка оладиган дрон яратган. Бу мослама ёрдамида кунига 100 мингтагача уруғ экиш мумкин.