07:31 / 21.06.2022
2766

Фуқаролар молиявий назорат органлари фаолиятини баҳолай бошлайди

Foto: Fotolia

Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролар иштирокидаги аудит ўтказиладиган объектни аниқлаш ва давлат молиявий назорати органлари фаолияти самарадорлигини жамоатчилик томонидан баҳолаб бориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Низом қуйидагиларни назарда тутади:

  • «Давлат аудити» дастурига фуқаролар томонидан танланиши мумкин бўлган назорат объектлари рўйхатини киритиш;
  • фуқаролар томонидан энг кўп маротаба танланган назорат объектларида назорат тадбирини ўтказиш тартиб-таомиллари;
  • давлат молиявий назорати органи ва ички аудит хизматлари фаолияти самарадорлигини жамоатчилик томонидан баҳолаш тартиби.

Назорат объектини аниқлашда иштирок этиш учун фуқаролар «Давлат аудити» дастурида рўйхатдан ўтадилар. Фуқароларни «Давлат аудити» дастурида аутентификациялаш электрон рақамли имзо воситалари, мобил телефон рақамлари, шахсларнинг биометрик маълумотлари, Мобил-ID, Face-ID, бошқа усуллар билан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Фуқаролар томонидан танланиши мумкин бўлган назорат объектлари рўйхатига қуйидагилар киритилмайди:

  • ваколатли тузилмалар йиллик режасига киритилган назорат объектлари;
  • охирги икки йил мобайнида танланган ва назорат тадбирлари ўтказилган назорат объектлари;
  • молиялаштириш давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир сифатида эътироф этилган вазирлик ва идоралар ҳамда улар тизимидаги назорат объектлари.

 Баҳолаш натижалари ўртача баҳосидан келиб чиқиб ваколатли тузилмалар ходимлари натижалари қуйидагича белгиланади:

  • 5 балл бўлган ходим — «намунали»;
  • 4 балл бўлган ходим — «яхши»;
  • 3 балл бўлган ходим — «қониқарли»;
  • 3 баллгача бўлган ходим — «қониқарсиз».

Баҳолаш натижалари рейтинги бўйича:

  • «намунали» деб топилган ходимга — лавозим маошининг 25 фоизи;
  • «яхши» деб топилган ходимга — лавозим маошининг 15 фоизи;
  • «қониқарли» деб топилган ходимга — лавозим маошининг 5 фоизи миқдорида пул мукофоти бериш орқали рағбатлантириш амалга оширилади.
Top