Ўзбекистон | 09:21 / 21.06.2022
12187
6 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Хоразм вилоятида соғломлаштириш акцияси ўтказилмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати жамоаси, ихтисослаштирилган марказлар мутахассислари ва тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-шифокорлари, жами 150 нафардан ортиқ етакчи мутахассислар Хоразм вилоятида соғломлаштириш акциясини ўтказди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бу ерда бўлиб ўтаётган соғломлаштириш акцияси орқали, аввало, маҳаллий аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, уларда аниқланган касалликлар бўйича ҳудудлар кесимида беморлар рўйхатини шакллантириш мақсад қилинган.

Шундан сўнг хасталикка чалинганлар оғирлик даражаси бўйича таснифланиб, юқори технологик амалиётларга муҳтож тоифа Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан операцияга тавсия этиляпти. 

Акция доирасидаги чуқурлаштирилган тиббий кўриклар турли хавфли хасталиклар туфайли тўшакка михланиб қолган фуқароларни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. 

Рустам Раҳимов — Қўшкўпирнинг Баҳористон маҳалласидан. 37 ёшда. Олти йилдирки, жигар циррози халталигидан азият чекади. Дард билан курашиб, аҳволи анча ёмонлашган. 

Маҳаллий шифохоналарда режали муолажалар олиб келаётган бўлса-да, пойтахтнинг етакчи тиббиёт муассасаларида даволаниш учун оилавий шароити тўғри келмайди.

Соғломлаштириш акцияси доирасида Тошкентдан Хоразмга келган тажрибали мутахассислар Қўшкўпирдаги чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни якунлаб, Рустам Раҳимовнинг хонадонида ҳам бўлди. Бемор тиббий текширувдан ўтказилгач, мазкур шифо маскани клиникасида даволанадиган бўлди.

Кам инвазив усулда, ортиқча жароҳатларсиз, инновацион ёндашувлар асосида пойтахтлик етакчи мутахассислар томонидан саноқли кунлар ичида бажарилган амалиётлар натижасида эса 100 нафардан ортиқ беморлар бир неча соат, ҳатто саноқли дақиқалар ичида узоқ йиллик оғир хасталиклардан халос бўлди. 

Исобек Ҳайитбоев — Гурлан туманидан. Ўттиз олти ёшда. Кейинги йилларда бўғимларида оғриқлар кучайиб, бир оёғи иккинчисидан 4 сантиметр қисқариб, юришга қийналиб қолгач, шифокорларга мурожаат қилган.

Мутахассислар унга чап томонлама диспластик коксартроз хасталиги ташхисини қўйди. Чаноқ-сон бўғимида эндопротезлаш операциясини ўтказиш тавсия этилди. 

 “Бу мураккаб амалиёт ҳисобланар экан. Қолаверса, унинг сарф-харажатлари жуда қимматга тушаркан. Бунинг устига, пойтахтга бориб операция қилдиришим кераклигини айтишди. Очиғи, шунча маблағни қаердан топишимни билмай, тузалишдан умидимни узган эдим. 

Шундай кунларда Тошкентдан келган малакали шифокорлар маҳаллаларда ўрганишлар ўтказиб, мени ҳам давлат ҳисобидан операция қилинадиган беморлар рўйхатига қўшибди. 

Аввалига ишонгим келмади. Лекин ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Кечанинг ўзидаёқ вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари бошчилигида чап оёғимга эндопротез ўрнатишди. Мана, ҳозир аҳволим яхши. Дўхтирларнинг айтишича, бир неча кун ўтиб бемалол юра оламан”, дейди у.

Акция доирасида Хонқа, Шовот, Янгибозор туманларида, уларга ёндош ҳудудлар аҳолиси иштирокида ўтказилган сайёр тиббий кўриклар натижасида ҳам юзлаб беморлар саломатлиги билан боғлиқ муаммоларига ечим топди.  

Дилфуза Султонова — Хонқа туманидан. Тўққиз ёшли қизалоғини кўтариб олган, фарзанди Севинчой — оғир хаста. Ўнг томонлама гидроцифалия касаллиги билан туғилган. Юролмайди, эркин ҳаракатланишга ожиз. 

Сайёр тиббий қабулда шифокорлар унинг мурожаатига қулоқ тутди. Севинчой пойтахтдаги Болалар миллий тиббиёт марказида давлат ҳисобидан даволанадиган бўлди. 

Яна бир бемор — Азизбек Норбоев 23 ёшда. II гуруҳ ногирони. Туғилганидан буён кўзлари хаста. Акция давомида унинг ҳам дардига дармон топилди. Азизбекнинг кўз гавҳари юқори технологик операция орқали пойтахтда давлат ҳисобидан алмаштирилиши белгиланди.

Янгиариқлик Гулшан Жуманиёзова эса бу ерга қўлтиқтаёқ ёрдамида кириб келди. Шифокорлар беморнинг икки тизза бўғимида ҳаракатлари кескин чекланганини аниқлашди. Унда зудлик билан эндопротезлаш амалиётини ўтказиш зарур. Мутасаддилар Гулшанни Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида муолажа қилишга қарор қилди.

Янгибозор туманида ташкил этилган сайёр тиббий қабул ҳам шундай ўтди. Бу ерда соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев бошчилигидаги тизим мутасаддилари, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, пойтахтдаги етакчи шифохоналар, тиббиёт олий ўқув юртларининг энг малакали мутахассислари — жами 150 нафардан зиёд гуруҳ фуқароларни қабул қилиб, улар билан мулоқот ўтказди. 

Вазир аҳоли мурожаатларига қулоқ тутиб, уларнинг муаммоли масалаларини жойида ҳал этиш чораларини кўрди. Қолган муаммоли масалаларнинг бир қисми эса вазирлик ва тиббиёт муассасалари мутасаддиларининг назоратига олинди.

Мураккаб жарроҳлик амалиётлари талаб этиладиган, бироқ даволанишга имкони йўқ бир гуруҳ аҳоли вакилларига шу ернинг ўзида давлат ҳисобидан даволаниш учун йўлланмалар расмийлаштирилди. 

Янгибозор туманида яшовчи 68 ёшли Мунаввар Жуманиёзова ҳам бу ерга дард билан келган. У икки йилдирки, юрак соҳасидаги оғриқлардан азият чекади. Томирларида ҳосил бўлган тромб қон босими тез-тез кўтарилиб кетишига сабаб бўлаётганди. Вазир Мунаввар Жуманиёзованинг мурожаатини тинглади, хасталикдан тезроқ халос бўлиши учун шифокорларга тегишли топшириқлар берди. Унга Тошкентда давлат ҳисобидан даволаниши учун йўлланма расмийлаштирилди.


 
Яна бир мурожаат эгалари икки ёшли бемор ўғли — Муҳаммадалини кўтариб келган. Болакай туғма юрак нуқсони билан дунёга келган. Қарийб 48 ойдирки, ота-онасининг ҳаловати йўқолган. Фарзандини пойтахтдаги етакчи шифохоналардан бирида даволатиш ниятида. Сайёр тиббий қабул давомида ушбу мурожаат ҳам ўз ижобий ечимини топди. Муҳаммадалида тез кунларда юқори технологик операция ўтказиладиган бўлди.

Зафар Собировнинг хасталиги эса оёқларида. Тизза бўғимларидаги оғриқлар туфайли бир неча йилдирки, қўлтиқтаёқда юришга мажбур. Шифокорлар унда давлат ҳисобидан юқори технологик операция ўтказишга қарор қилишди. Бемор энди Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида муолажа олади. 

Мавзуга оид