Ўзбекистон | 20:08 / 22.06.2022
13390
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Афғонистондаги зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам кўрсатишга тайёр — ТИВ

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистонда мингдан ортиқ кишининг ҳалок бўлишига олиб келган зилзиладан сўнг қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди. Таъкидланишича, Ўзбекистон офатнинг фожиали оқибатларини тезроқ бартараф этишда биродар афғон халқига ёрдам беришга тайёр.

Пактика провинцияси / Фото: Bakhtar News Agency via AP

“Афғонистоннинг Пактика ва Хост провинцияларида рўй берган зилзила оқибатида кўплаб инсонларнинг қурбон бўлгани ва жароҳатлангани, шунингдек, жиддий вайронгарчиликлар келиб чиққани ҳақидаги хабарлар Ўзбекистонда чуқур қайғу билан қабул қилинди.

Ҳалок бўлганларнинг оилаларига чин дилдан ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз.

Ўзбекистон ҳукумати табиий офатнинг фожиали оқибатларини имкон қадар тез бартараф этишда биродар Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр”, – дейилади баёнотда.

22 июнга ўтар кечаси, маҳаллий вақт соат 01:30 атрофида рўй берган 6,1 балли зилзила оқибатида камида минг киши ҳалок бўлиши билан бирга, 1500 дан ортиқ киши яраланди. Қурбонлар сони яна ошиши мумкин.

Қурбонларнинг кўпчилиги – мамлакат шарқидаги Пактика вилоятида қайд этилган, биргина Раян туманида 200 дан ортиқ кишининг жасади топилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда кўчкилар остида кўмилиб қолган, вайронага айланган уйларни кўриш мумкин. Қутқарувчилар харобалар орасидан омон қолганларни қидирмоқда.

Толиблар зилзила қурбонлари ва жабрланувчилар оилаларига ёрдам учун 1 млрд афғоний (11 млн доллар) ажратган. “Толибон” ФВВ раҳбари ўринбосари Шарафуддин Муслимнинг маълум қилишича, Пактика, Хўст ва Нангарҳорда ҳалок бўлганларнинг оилалари ҳукуматдан 100 минг афғоний (1,1 минг доллар), жабрланганларнинг оилалари эса 50 минг афғоний (550 доллар) олади.

Мавзуга оид