Жамият | 21:14 / 22.06.2022
24530
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда қоида бузган ҳайдовчининг аёли эрининг машинасини эвакуаторга ортишларига монелик қилди

Йўл патрул хизмати ходими талабига кўра, автомобил бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни тақдим этмаслик — албатта маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Самарқанд вилояти Оқдарё туманида ўз фарзандлари билан 6 соат мобайнида машинаси эшигини беркитиб, ЙПХ ходимларига ҳужжат тақдим этмаган аёл ҳақида ҳикоя қилган эдик.

Паст Дарғом туманида ҳам шунга ўхшаш воқеа рўй берди. 4R46 Самарқанд–Каттақўрғон йўлининг Паст Дарғом тумани Қарағанда маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 16-километрида тўхтатилган «Cobalt» русумли автомобил ҳайдовчиси ЙПХ инспекторининг автомобилни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжат тақдим этиш талабини бажармаган.

«Ҳайдовчи машинани бошқариб келаётиб, қоидабузарлик содир этди. У йўлдаги узлуксиз сидирға чизиқни босиб, автомашинани қувиб ўтди. Жезл ёрдамида тўхтатганимда тўхтатди. Ўзимни таништириб, автомобилни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини тақдим этишни сўраганимда, ўзимдан ҳужжат талаб қилди. Кўрсатдим. Кейин «қоидабузарлигимни бодикамерангиздан кўрсатиб беринг», деб талаб қилди. Унга қоидабузарлиги визуал кузатув ёрдамида аниқлангани, бодикамера эса фақат ҳайдовчи ва ЙПХ ходимининг мулоқотини ёзиб олишини тушунтирдим. Кейин дислокация харитасидан кўчирма талаб қилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига киритилган ўзгартишларга кўра, ҳайдовчига дислокация харитаси тақдим этилмаслигини тушунтирдим», — деди ҳайдовчини тўхтатган ЙПХ сафдори Ойбек Эргашев.

ЙПХ сафдори Ойбек Эргашев

ЙПХ ходимига кўра, ҳайдовчи автомобилни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини 40 дақиқа давомида тақдим этмаган. Шундан сўнг холислар иштирокида маъмурий баённома расмийлаштирилган. Ҳайдовчи баённомага имзо қўйишдан бош тортган.

Машинани жарима майдончасига олиб кетиш учун эвакуатор чақирилганда, ҳайдовчи ўз рафиқасини автомашинани эвакуаторга юклашга монелик қилиш учун автомашинанинг орқа қисмига турғизиб қўйган.

Ҳайдовчига микрофон тутганимизда у ўзини таништирмади, матбуот ходимларига интервью беришни истамади. Президент порталига оғзаки мурожаат қилишини билдирди. Воқеаларнинг яна бир гувоҳи, унинг рафиқаси ЙПХ инспектори қўпол муомалада бўлгани, ҳужжатлар тақдим этилганида олмаганини айтди. Буларнинг барчасини видеосъёмка қилганини, бироқ тортишувда телефонининг экрани сингани ва ҳозирча тақдим қила олмаслигини билдирди.

Қарийб икки соат давом этган тортишув барибир автомобилнинг жарима майдончасига қўйилиши, маъмурий баённома расмийлаштирилиши билан тугади.

Бу масалада энг қизиқ жиҳати — ҳайдовчи тўхтатилган заҳоти автомобилни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини тақдим этганида, онлайн баённома расмийлаштириларди. Қилган қоидабузарлиги 0,5 БҲМ — 150 минг сўмни ташкил этар ва уни 15 кун ичида тўласа, 30 фоизли чегирма билан 105 минг сўм тўлар эди. Энди у ўзининг ҳақлигини суд орқали исботлай олмаса, кўпроқ жаримага тортилиши мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид