Ўзбекистон | 12:24 / 23.06.2022
9819
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Россия ИИВ «Паспорт-виза хизмати» корхонаси ваколатхонаси аккредитациядан ўтказилди

20 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги консуллик-ҳуқуқий департаментида Россия Ички ишлар вазирлиги «Паспорт-виза хизмати» федерал давлат унитар корхонаси Ўзбекистондаги ваколатхонаси маслаҳатчиси Олег Костюк билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Учрашувда Россия Ички ишлар вазирлиги «Паспорт-виза хизмати» федерал давлат унитар корхонаси вакилига ушбу ташкилот ТИВ ҳузурида расмий аккредитациядан ўтгани ҳақидаги сертификат топширилди.

Олег Костюк аккредитациядан ўтказилганлик учун миннатдорлик билдириб, ваколатхона нафақат ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини уюшган равишда жалб қилиш бўйича «пилот лойиҳа» доирасида фаол иштирок этиш, балки фуқаролар учун турли хизматлар, хусусан, консалтинг ва ахборот хизматларини кўрсатишни ташкил этиш ниятида эканини таъкидлади.

Россия Ички ишлар вазирлиги «Паспорт-виза хизмати» давлат унитар корхонаси асосий фаолияти жисмоний ва юридик шахсларга миграция соҳасида ахборот ва консалтинг хизматларини кўрсатиш, шунингдек, Ички ишлар вазирлигига тақдим этилган аризалар ва бошқа ҳужжатларни қайта ишлаш бўйича хизматларни тақдим этадиган ягона тузилмадир.

Айни пайтда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Россия Ички ишлар вазирлиги «Паспорт-виза хизмати» федерал давлат унитар корхонаси билан мамлакатдан Россияга 10 минг қурувчини ишга жалб қилиш бўйича «пилот лойиҳа» доирасида ҳамкорлик қилмоқда.

«Пилот лойиҳа» меҳнат мигрантлари Россияга кириш механизмини оптималлаштириш, иш берувчилар билдирган эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда мутахассислар малакасини ошириш, шунингдек, фуқаролар Россия ҳудудига бориши учун зарур бўлган процедураларни ўтказишга қаратилган. Барча зарур тиббий ва ҳуқуқий процедуралар, жалб этилган ўзбекистонлик мутахассислар малака текширувлари Тошкентда амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид