Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Оиламдагиларнинг барчаси вафот этди». Афғонистонда зилзиладан кейин нималар бўлмоқда?
Афғонистонда кучли зилзила мингдан ошиқ кишини ҳаётдан олиб кетди, уларнинг орасида харобалар остидан чиқиб кета олмаган кўплаб болалар бор. Вазият кучли ёмғирлар туфайли янада оғирлашмоқда.
6,1 балли зилзила чоршанба тонгида Хўст шаҳридан тахминан 44 км масофада рўй берган, унинг кучи Покистон, Ҳиндистон ва Ўзбекистон шаҳарларида сезилган.
Зилзила ортидан бошланган кучли ёмғирлар, қутқарувчилар етишмаслиги, алоқа йўқлиги ва мураккаб рельеф қутқарув амалиётини қийинлаштирди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 1000 дан ортиқ кишининг ўлими тасдиқланган, аммо лойдан қурилган уйлар харобалари остида қанча одам қолиб кетгани маълум эмас.
«Толибон» ҳукумати халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраб мурожаат қилган. ЕИ, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Буюк Британия, Германия ва Ўзбекистон дарҳол афғонларга гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилганди, 23 июн куни Ҳиндистондан инсонпарварлик юкларининг илк партияси етиб келди.
БМТ ҳозирда табиий офатдан энг кўп жабрланган Пактика вилоятига озиқ-овқат ва тиббий ёрдам етказишга ҳаракат қилмоқда - Афғонистонда соғлиқни сақлаш соҳаси ҳалокатгача ҳам коллапс ёқасида ишлаётганди.
Омон қолганлар ва қутқарувчилар BBC билан суҳбатда буткул вайрон бўлган қишлоқлар, йўллар ва мобил алоқа миноралари, шунингдек қурбонлар сони ортиши борасидаги ўз хавотирларини айтиб ўтишган. Расмий маълумотларга кўра, ҳалок бўлган мингдан ошиқ кишидан ташқари 1,5 минг киши турли даражада тан жароҳатлари олгани қайд этилган.
Энг жиддий вайронгарчиликлар Пактиканинг Гаян ва Бармал туманларига тўғри келади. Маҳаллий аҳоли хабар қилишича, бу ҳудудларда ўнлаб қишлоқлар кунпаякун бўлган.
Ярадорлардан бири, Пактика маркази Шаран шаҳри шифохонасида ётган аёл оила аъзоларидан 19 кишини йўқотганини айтади.
«Бир хонада етти киши, бошқасида беш учинчисида тўрт, кейин яна биттасида уч киши - бутун оилам ҳалок бўлди», дейди у.
Яна бир омон қолган киши зилзила қандай бошланганини эслайди.
«Гумбурлаш рўй берди ва менинг каравотим силкина бошлади. Шифт босиб тушди. Мен қопқонда қолдим, аммо осмонни кўра олардим. Тушундимки, елкам чиққан ва бошим ёрилган, аммо мен чиқа олдим. Мен билан бир хонада бўлган оила аъзоларим, етти ёки тўққиз киши вафот этган», деган у.
Мамлакатда сўнгги йигирма йилликда рўй берган энг ажалвор зилзила ўтган йил августида Ғарб қўлловидаги ҳукумат қулагач, ҳокимиятга келган толиблар учун жиддий муаммога айланди.
Афғонистон гуманитар ва иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда ва «Толибон»нинг юқори мартабали мулозимларидан бири Абдул Қаҳҳор Балхий маълум қилдики, ҳукумат молиявий жиҳатдан одамларга зарур ёрдамларни кўрсата оладиган ҳолатда эмас.
Тирик қолганлардан яна бири Зайтулло Гурзивал BBC билан суҳбатда одамлар зилзила натижасида бор-йўғидан айрилганини айтади.
«Бу ерда ҳеч нарса қолмади. Бизнинг буюмларимиз ҳамон харобалар остида ётибди. Ёпинчиқлар йўқ, палатка ва бошпаналар ҳам. Одамлар очиқ осмон остида ухлашмоқда. Бизга озиқ-овқат ва сув керак. Бизнинг сув узатиш тизимимиз буткул вайрон бўлган. Барчаси вайрон бўлган, уйлар бузилиб кетган», дейди Гурзивал.
БМТ раҳбари Антониу Гутерриш ташкилот ушбу фалокат муносабати билан тўла сафарбар қилинганини маълум қилган. БМТ расмийларига кўра, зилзила ҳудудига аллақачон тиббий бригадалар, дори-дармонлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва вақтинча бошпаналар етиб борган.
Аммо Пактика вилояти ахборот бўлими раҳбари Муҳаммад Амин Ҳузайфа «Франс пресс» агентлигига айтишича, қутқарувчилар зилзила ортидан қаттиқ жала қуйган ҳудудларга етиб бориши жуда мураккаблашган.
«Ҳозирда июн ва об-ҳаво бундай бўлмаслиги керак эди. Аммо бу ерда ҳозир дўл ҳам, қор ҳам ёғмоқда ва бу вазиятни жуда мураккаблаштиряпти», деган BBC билан суҳбатда «Афғонларни очликдан қутқаринг» нодавлат ташкилоти вакили Убайдулла Бахир.
Мобил алоқа минораси вайрон бўлгани туфайли телефонлар ишламаяпти ва кўплаб одамлар шунчаки уларнинг қариндошлари айни дамда қаерда эканидан бехабар.
«Менинг укам ва унинг оиласи ҳалок бўлган, мен бу ҳақда анча вақт ўтиб хабар топдим», деган маҳаллий журналистлардан бири.
Афғонистонда зилзилалар тез-тез рўй бериб туради, мамлакат тектоник фаол минтақада, қатор ёриқлар, жумладан Чаман, Харируд, Марказий Бадахшон ва Дарваз ёриқлари устида жойлашган.
БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бўйича бошқармаси маълумотига кўра, сўнгги ўн йилликда мамлакатда ер силкинишлари оқибатида 7 мингдан ошиқ киши вафот этган. Ҳар йилги қурбонлар сони ўртача 560 кишини ташкил этади.
Толиблар ҳокимиятга келгунча ҳам Афғонистон авария-қутқарув хизматлари табиий офатларга қарши курашда қийинчиликларга дуч келар, қутқарувчилар учун самолётлар ва вертолётлар етишмасди.
Шунингдек, мамлакат тиббий мақсадлар учун мўлжалланган воситалар ва озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилигини бошдан кечирмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, Афғонистондаги хўжаликларнинг 93 фоизи озиқ-овқат хавфсизлиги билан таъминланмаган - бу эса афғон оилаларининг мутлақ кўпчилигининг дастурхонида ҳар куни ҳам егулик бўлмаслигини англатади.
Мавзуга оид
09:05 / 17.06.2026
Афғонистондан олиб кирилган 37,6 кг гиёҳвандлик воситалари фош этилди
10:50 / 12.06.2026
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида қўшимча темирйўл қурилиши мумкин
11:30 / 11.06.2026
Афғонистон–Покистон можаросига қарамай, Кобул коридорини қуриш лойиҳаси давом этмоқда
17:54 / 10.06.2026