Жамият | 21:10 / 25.06.2022
72768
10 дақиқада ўқилади

“Барига сабр ва шукр қилдим” — қисматига синовлар битилган одам

Фарғоналик Эргашали акага кўзи тушган киши борки, беихтиёр унинг юзи нега бундай экани билан қизиқади. Кутилмаган бахтсиз ҳодиса 18 ёшни қаршилаган кўркам йигитни шу кўйга солган. Ҳаётда йўқотганлари фақат шундан иборат бўлмаган қаҳрамонимиз барчасини Яратганнинг синовлари деб билади ва сабр билан яшашда давом этади.

Эргашали Бозорбоев болалигиданоқ ҳарбий бўламан деб ният қилган эди. У орзусига эришди. Бироқ аскарлик давридаги машъум ҳодисадан кейин ҳаёти бутунлай ўзгариб кетди.

“1976 йилда Фарғона вилояти Қўштепа тумани “Пахтакор” МФЙ да туғилганман. Оилада 5 фарзанд бўлганмиз.

Мактаб давридаёқ ҳарбий ҳаётга қизиқиш пайдо бўлган. Телевизорда, ҳаётда ҳарбий кийим кийганларни кўриб ҳавас қилиб улғайдик. Мактабда ўқиш жараёнида ҳарбий касбга ўзимни тайёрладим. Эрталаблари югуриб машқлар қилиб юрдим. Худога шукр, ёмон бўлмадик. Мактабни аъло баҳоларга битириб, медаллар олдим.

Ватанга содиқ фарзанд бўлгим келиб хизматга ҳам бордим. 1995 йилда Тошкентдаги Миллий гвардияга қарашли ҳарбий қисмга хизматга кетдим. Эрталабки “подём” пайтида ҳар галгидек туриб, “спорт городок”га борганмиз. Унгача “кросс” югуриб келдик. Турникка тортинишни бошладик. Турник омонат қурилган экан. Тепаликда машқ қилаётганимизда мосламанинг бир томони қўпорилиб, юзимга темир қувур келиб тушди. Дарҳол 1-ёрдамни кўрсатишди. Ҳаммаси бир зумда содир бўлган эди. Тезкорлик билан марказий госпиталга олиб кетишди. У ерда жарроҳлик амалиёти ўтадим. Реанимация бўлимига жойлашдим. Кейинроқ Невропатология бўлимига ўтказишди. Аҳволим яхшилана бошлади. 9 йил мобайнида марказий госпиталга қатнаб, даволаниб юрдим”, – дейди у.

Госпиталда даволанаётган пайти (Ўнгда отаси)

Бахтсиз ҳодиса сабаб у севган қизи билан оила қура олмади. Маълум сабабларга кўра, биринчи оиласи билан ажрашишга мажбур бўлди. Ҳозирда унинг иккинчи турмушидан икки қизи бор.

“Хизматга кетишдан аввал бир қизга кўнгил қўйган эдим. Пинҳона севги дейди-ку. Қайтганимдан кейин бу ҳақда уйдагиларимга айтишни дилимга тугиб қўйгандим. Уйланадиган пайтимда у ҳали турмуш қуришга тайёр эмас эди. Пешонага ёзилган тақдир бўлар экан-да. Бошқа қизга уйландим. Айрим сабабларга кўра, биринчи турмушим билан ажрашдик. Ҳозирда иккинчи турмушим билан яшаяпмиз. Яратган уч қиз фарзанд берган эди. Ўзи раҳматига олган бўлсин, яқинда иккинчи қизимизни бериб қўйдик.

Хасталикдан вафот этган қизи Муштарийбону.(Ўнгда)

Ҳозирда икки қизни тарбиялаб вояга етказяпмиз.

Ҳар кимнинг ҳам қалбида ўз севган қизи бўлади. Мен севган қизимни ўз ҳолига ташлаб қўйганман шу бахтсиз ҳодисадан кейин.

Йигитлик чоғимда тоза орзу-ҳавас билан хизматга жўнадим. Олий ўқув юртига топшириб, офицер бўлиб, Ватан ҳимояси йўлида фаолият юритаман, деган ниятлар бор эди.

Госпиталда даволаниш жараёнида кўплаб жарроҳлик амалиётларида қатнашдим. 4-5 йил жарроҳлик бўлимида ёрдамчи бўлиб хизмат қилдим. Қўлимдан келганича у ерда операторлик қилдим. Госпиталдан кейинги режаларим 100 фоизга ўзгариб кетди. Ёшликдаги орзулар ўзгарди. Янгидан ҳаёт бошлашни ният қилдим. Ҳозир ҳам ногирон бўлсам-да, қўлимдан келганича халққа хизмат қиляпман”, – дейди собиқ аскар.

“Рафиқамнинг менга нисбатан кўнгли йўқлигини ўшанда билганман. Ота-онаси ногирон бўлганим учун рўзғорни эплаб кета олишимга шубҳа қилишди”...

“Госпиталда даволаниб юрган пайтимда тенгқур дўстларим уйланишни бошлашди. Дадам телефон қилиб, келинликка номзод топиб қўйгани, қишлоққа келиб уни бир кўриб кетишимни айтди.

Дадамнинг раъйини қайтармай, у қиз билан учрашиш учун қишлоққа келдим. Келсам қўшни маҳаллалик умримда ҳали кўрмаган қиз экан. Қиз билан кўришиб учрашдик. Бир-биримизга маъқул келдик. Учрашувдан кейин ота-онамга қиз маъқул келганини айтдим. Мақсадим тезроқ уйланиб яна даволанишни давом эттириш учун Тошкентга кетиш эди. Тўй ўтди. Бир муддат қишлоқда яшадим.

Вақт ўтган сари рафиқам мендан зерикканга ўхшаб қолди. 8 ой турмуш қурдик. Ҳайит байрами эди. Уйдагиларини байрам билан табриклашга кетган турмуш ўртоғим қайтиб келмади.

Дадамнинг келинни бориб олиб кел, деган гапидан кейин қайнотамнинг уйига бордим. Рафиқамнинг менга нисбатан кўнгли йўқлигини ўшанда билганман. Ота-онаси ногирон бўлганим учун рўзғорни эплаб кета олишимга шубҳа қилишди. Охир-оқибат ажрашдик. Вақт ўтиб ўғлимиз туғилди.

Биринчи турмушим бўлмагач, тоғам орқали иккинчи турмуш ўртоғимни топдим. Тўйдан аввал у билан кўришдик. Бир-биримизга маъқул келдик. Яратган бир-биридан ширин 3 қиз берди. Эр-хотин қўш ҳўкиз дейди. Кучимиз етганича баҳоли қудрат бир-биримизни тушуниб яшаб келяпмиз. Ўртамиздаги муносабатлар яхши. Оила қуришдан аввал бир-биримизни хафа қилмасликка келишиб, кейин тўй бошлаганмиз.

Ёшликка қайтадиган бўлсак хизматдан қайтганимдан кейин кўчадаги қизларнинг ўзи “ёрилиб” қолган. Мен сизни бахтли қилардим, дейишган”, – дейди у.

У куч-қувват, ақл-идрок бергани учун Яратганга ҳамдлар айтади. Ҳаёти қайтиб берилганидан хурсанд. Қишлоқда пахса уйлар қуради. Устачилик, боғдорчилик, паррандачилик, деҳқончилик билан шуғулланади.

“Тақдиримдан шикоят қилишга ҳаққим йўқ. Биз Аллоҳнинг бандасимиз. Кутилмаган қисмат пешонага ёзилган. Агар шу ҳолатимга мен қолганлар саломат-ку, нега мен шунақа бўлиб қолдим, деб афсус қилиб юрсам юрагимни эзиб, Яратганга шак келтириб қўйган бўламан. Ўша томондан мен қисматимни Худонинг меҳрибончилиги деб қабул қилганман. Лекин Аллоҳга шукр, шу ёруғ дунёда яна ҳаётга қайтарганига. Балки ўша бахтсиз ҳодисада Аллоҳнинг ҳузурига кетган бўлармидим. Яратганга шукрлар бўлсин, яна куч-қувват берди. Ақл-идрок берди. Қисматимдан минг марта розиман.

Ёшлигимда маҳалладаги масжидни бунёд этиш учун Қўқондан пахса уй қурувчи усталар келган. Уларнинг ишини кўриб туриб ҳавас қилганман. Уйга қайтиб келиб, пахсадан икки хонали уй қурганман. Хизматдан келиб ҳам бир муддат укам билан пахса уйлар қуриб юрдик. Бир икки йил бўлди бу ишни қилмай қўйганимга. Йигит кишига етмиш ҳунар оз дейди-ку. Худога шукр, қўлимдан кўп нарса келади.

Устачилик, боғдорчилик, паррандачилик, деҳқончилик барини эплаб қиляпман”, – дейди у.

Эргашали аканинг жисмоний имконияти аввалгидек бўлмаса-да, ҳаёт учун курашади. У бахтсиз ҳодиса ҳақида сўзлаб берди.

“Шифокорларга раҳмат. Ўша пайтда соғлигимни тиклашиб мени ҳаётга қайтаришди. Ҳозирда соғлигимдан шикоятим йўқ. Меҳнатга лаёқатим яхши. Яратган куч-қувватимни қайтариб берди. Жисмоний имкониятим аввалгидек бўлмаса-да яхшиман. Асосий жароҳатим юз қисмимдан бўлган. Жароҳат олган пайтимда тишим қўпорилиб чиқиб кетган экан-да.

Эрталабки бадантарбия пайтида соат 7 лар эди. Отрядларга бўлиниб машқ қилишга тушдик. Спорт мосламасининг устида 10 дан ортиқ аскар бор эди. Темир труба қўпорилиб кетгандан кейин бошқа ҳеч нарсани эслай олмайман. Йиқилган аскарлар мен қатори турли даражадаги тан жароҳати олган. Самарқандлик дўстимнинг бош қисми тошга санчилиб қолган. Иккимиз жиддий жароҳат олганмиз. Қолганларнинг жароҳати енгил бўлган.

***

Аёлим уй бекаси. Фарзандларим тарбияси билан машғул. Давлат томонидан пенсия ажратилган. Худога шукр етиб турибди. Янги кўтарилган нарх билан 933 000 сўмга чиқди. Пенсияга қараб турганимиз йўқ. Қўлимиздан келганича ҳаракат қиляпмиз. Карантин пайтидаям озиқ-овқат томонидан ёрдам қилишди.

Пенсия етади-ю, лекин етган тақдирдаям озгина муаммо бўлиб қолади. Орттира олмаймиз. Фарзандлар катта бўляпти. Едириш-кийинтириш керак. Эл қатори яшаяпмиз. Кунимиз ўтиб турибди. Пенсияга қурилиш қилиб бўлмайди. Оддий товуқ катак қилмоқчи бўлсангиз ҳам фалон пул кетиб қолади.

Яқинда 27 йил деганда бир хизмат қилган хизматдош ўртоқларим келишди. Мени сўроқлашиб қидириб келишибди. Она-бола сигир сотиб олиб беришди. Янги дарвоза ўрнатиб бериб кетишди.

Уларнинг ҳаққига дуо қилдим. Ҳозир ҳам дуодаман”, – дейди собиқ аскар.

Собиқ аскарнинг турмуш ўртоғи Зарифахон Исаева рўзғор камчиликларини бутлашда хўжайинига кўмаклашади. Ўртанча қизининг вафоти онанинг соғлигига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. У хаста қизини даволатиш учун борини берди. Лекин қўлидан ҳеч нарса келмади....

Зарифахон Исаева

“Эргаш акамнинг уйдагилари совчиликка боришган. Хўжайиним билан учрашганмиз. Дадам раъйимга қараб турмушга чиқиш чиқмасликни ўз ихтиёримга қўйиб берган. Тўйга розилик берганман. Шундан кейин оила қурдик.

2006 йилда шу ҳовлига кўчиб чиққанмиз. Қўлимда чақалоқ бор эди. Шу иморатни қийинчилик билан тиклаганмиз.

Катта қизимизни 2-3 йилдан кейин турмушга узатамиз. Пенсиялари оз. Лекин нолимаймиз. Хўжайиним уй ишларини ўзи қилади. Қийналиб қолганида ёрдам бераман.

Бир қизим ўтиб қолди. Ота-онам ёрдам берди. Қизимни даволатишга Тошкентга, Фарғона шаҳрига олиб бордим. Қизимнинг оёғига ўсимта чиқиб оёғини кесиб юборишган эди. Тошкентга даволатиб юргандим. Уни елкамга чиқариб олардим. Дорилар қиммат эди. Ўша ерда бир шифокор бизга ёрдам берди.

Қизим бечора роса дард чекди. Онажон ўлиб қоларканман, деб тинмай йиғларди. Шунча даволатишимизга қарамай шу йилнинг 25 февралида ўтиб қолди. Катта ва кичик қизларим уни соғинишади. Дадасига ҳам бу кутилмаган зарба бўлди. Кичик қизим ҳозир ҳам йиғлайди опамни соғиндим деб”, – дейди у.

Оилага ёрдам беришни истаган юртдошларимиз учун: 8600 0609 4396 4339 (Эргашали Бозорбоев)

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири,
Монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид