Фарғона вилояти ИИБ томонидан товламачиликда айбланиб, қамоққа олинган Маҳлиё Умаровани қамоқда ушлаб туриш муддати 5 ойга қадар узайтирилди. Бу қамоқда ушлаб туриш муддати ҳали тугамай туриб амалга оширилди. Жиноят иши тергови Фарғонадан аввалига Тошкент шаҳри Миробод тумани ИИБга, сўнгра Тошкент шаҳар ИИББга ўтказилган. Аммо қамоқда сақланаётган М.Умарова ҳамон Фарғона вилояти ИИБда қолмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди товламачиликда айбланаётган Маҳлиё Умаровани қамоқда ушлаб туриш муддатини узайтирди. Суднинг бу борадаги ҳужжати 2025 йил 10 ноябр куни чиқарилди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан Маҳлиё Умарованинг яқин қариндошларига жўнатилган хабарномада келтирилишича, уни қамоқда сақлаш муддати 2025 йил 10 ноябрдан 5 ойга қадар узайтирилган.
Маҳлиё Умаровага Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2025 йил 22 августдаги ажрими билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланганди.

Жиноят-процессуал кодексининг 245-моддасига кўра, жиноятлар тергов қилинаётганда қамоқда сақлаб туриш муддати кўпи билан уч ойни ташкил этади. Ушбу тартиб бўйича Умаровани қамоқда сақлаб туриш муддати 2025 йил 22 ноябр куни тугаши керак эди. Аммо ушбу муддат ҳали тугамасдан туриб аёлни қамоқда сақлаш муддати узайтирилган.
Қамоқда сақлаб туришнинг белгиланган уч ойлик муддатини беш ойгача узайтириш имкони Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ёки вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг илтимосномасига биноан суд томонидан кўриб чиқилади.
Маҳлиё Умарова ва унинг опаси Моҳинур Холиқназаровага нисбатан товламачилик бўйича жиноят иши қўзғатилган. Опа-сингил фуқаро Назокат Шукуровани “машинада Қува тумани ҳудудида жойлашган “Каркидон” сув омбори яқинидаги овлоқ жойга олиб бориб, машина ичида зўрлик ишлатиб, уйини фарзандларига қўшиб ёқиб юбориш билан қўрқитган ҳолда пул талаб қилган”ликда гумонланмоқда.
Аввалроқ Kun.uz ҳолат юзасидан суриштирув ўтказганди. Унда Моҳинур Холиқназарова бу жиноят иши Фарғона шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Алишер Ашуровнинг адовати туфайли уюштирилганини билдирганди.












