Тбилисида Грузиянинг ЕИ билан интеграциясини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги оммавий акция ўтказилди
«Европадаги уй – 2» митинги иштирокчилари Грузия бош вазиридан 3 июлгача истеъфога чиқишни талаб қилди. Парламент биноси яқинидаги митингни Тбилисидаги ўн бешта университет талабалари кўмагида Shame ҳаракати уюштирди.
24 июнь, жума куни кечқурун Тбилисида Грузия парламенти биноси олдида ЕИ билан интеграцияни қўллаб-қувватловчи навбатдаги оммавий акция бўлиб ўтди. «Европадаги уй – 2» митинги Европа иттифоқи саммитининг Украина, Молдова ва Грузияга ташкилотга қўшилиш бўйича мақом бериш ҳақидаги расмий қарори эълон қилинган кунга тўғри келди. 23 июнь куни Европа кенгаши Грузияга ислоҳотлар амалга оширилмагунча ЕИга номзод мақомини бермасликка қарор қилди – бунинг учун олти ой вақт ажратилган.
«Олигархик бошқарувсиз Грузия» бош шиори остида ўтказилган митингга Shame («Шарманда») ёшлар ҳаракати фаоллари бошчилик қилди. Улар Европарламент резолюциясида олигархларнинг бузғунчи роли тўғрисидаги банд борлигини таъкидлади ва олигарх Бидзина Иванишвилининг Грузия сиёсати ва иқтисодиётига худди шундай таъсири борлигини билдирди. ЕИ аъзолигига номзод мақомини олиш шартларидан бири мамлакатда «деолигархизация»ни амалга оширишди.
Акция қатнашчилари, ўзлари ваъда қилганидек, расмийларга бир қанча талабларни илгари сурди. Улар орасида Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвилининг истеъфога чиқиши ҳам бор, у аввал узоқ вақт Иванишвилининг ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Бундан ташқари, намойишчилар Еврокомиссия талабларини бажаришни бошлайдиган Миллий келишув ҳукуматини тузишни талаб қилди. Shame ҳаракати, агар намойишчилар талаби бажарилмаса, 3 июлдан бошлаб парламент олдида муддатсиз норозилик намойишини бошлаш ниятида.
Грузия парламенти биноси яқинида ҳукуматга қарши митингга олдинги акциядан ҳам кўпроқ - 20 мингдан ортиқ одам йиғилди. Полиция иштирокчиларнинг катта оқимини кутган ҳолда, марказий Руставели проспекти бўйлаб ҳаракатни олдиндан тўсиб қўйди. Бу сафар намойишни ташкил этиш ва ўтказишда ёшлар етакчи роль ўйнади, сиёсий партиялар ўзини ҳеч қандай кўрсата олмади. Грузия ва Европа иттифоқининг улкан байроқлари остида ўн бешта пойтахт университетлари талабаларининг бирлашган колоннаси ўтиши кульминация бўлди.
Митинг икки соатдан ортиқ давом этди. Украина президенти Володимир Зеленский ва Украина парламентидаги «Халқ хизматкори» фракцияси раҳбари Давид Арахамия йиғилганларга аудио-алоқа орқали мурожаат қилди. Зеленский Донбасс ва Қримни Абхазия ва Цхинвали минтақасига қиёслади ҳамда Украина ўз ҳудудларини қайтариб олмагунча таслим бўлмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Украина Европа иттифоқига номзод давлат мақомини олди, Грузия эса шу йўлда. «Йўлда давом этинг, биз сизга ёрдам берамиз. Украина ва Сакартвело (Грузия) абадий бирга», - деди Зеленский. Унинг бу сўзлари майдонда ҳаяжон билан кутиб олинди.
Давид Арахамия деолигархизация мавзусига тўхталди. Украина, унинг сўзларига кўра, бугунги кунда «Грузия катта Европа оиласига қўшилиши учун ҳамма нарсани қиляпти, аммо барча грузияликлар битта олигархнинг гаровига айланганини тушуниш жуда уятли нарса». Унинг таъкидлашича, Иванишвили оиласининг барча аъзолари Европа иттифоқида яшамоқда, грузинлар эса бу имкониятни йўқотмоқда.
Мавзуга оид
23:10 / 26.10.2024
Грузияда парламент сайловлари якунланди. Ҳукмрон партия ва мухолифат ўз ғалабасини эълон қилди
21:11 / 21.10.2024
«ГРУ» ва «ФСБ» ҳакерлари Грузия ҳукумати ҳамда компанияларини кузатиб келган — Bloomberg
22:42 / 07.10.2024
Грузия парламенти президентнинг импичментини қайта бошлайди
11:45 / 06.10.2024