ССВ: Зангиота ковид-касалхоналарида 900 га яқин бемор даволанмоқда, 100 га яқин бемор жонлантириш бўлимида
Зангиота ковид-касалхоналарида қанча бемор даволанаётгани маълум қилинди.
Ўзбекистонда шу кунларда коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна оша бошлади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги айни пайтда Зангиота шифохонасида вазият қандайлиги бўйича маълумот берди.
Маълум қилинишича, айни пайтда 4000 ўринга мўлжалланган Зангиота 1- ва 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус ташхиси қўйилган ва касалликка гумонланган 900 нафарга яқин бемор даволанмоқда. 93 нафар бемор эса жонлантириш бўлимида даво муолажаларини оляпти.
«Охирги ҳафтани инобатга олсак, юртимизда касалланишлар сони бироз ортганини кўриш мумкин. Айни пайтда муассасамизга кунига ўртача 70-80 нафар бемор мурожаат қилиб, уларнинг 25-30 нафари госпитализация қилиняпти.
Бироқ шуни айтиш керакки, касалланишлар сони ошган бўлса-да, бугун шифохонага ётқизилаётган аксарият беморларда ўпка зарарланиши, сатурациянинг пасайиши каби жиддий асоратлар кузатилаётгани йўқ», дейди Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимов.
Муассаса директори ўринбосари Ҳилола Олимова ижтимоий тармоқларда тарқалган, шифохонада касаллар сони сезиларли даражада ортгани ҳақида хабарларга тўхталиб ўтди.
«Ўтган йилнинг шу даври билан таққосласак, беморлар сони жуда паст. Айни пайтда муассасамизга мурожаат қилаётган ва госпитализацияга кўрсатма бўлган беморларнинг барчаси шифохонага ётқизилиб, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Марказимиз етарли даражада тиббий анжом ва дори воситалари билан таъминланган.
Шу ўринда беморлардан илтимос қилиб сўрардимки, агар ўзингизда касаллик аломатларини сезсангиз, Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига эмас, аввало, яшаш ҳудудингиздаги оилавий поликлиника ёки оилавий шифокор пунктига ҳамда Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг туман бўлимларига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Сабаби шифохонамиз коронавирусга тест топширадиган ёки тана ҳароратини ўлчайдиган муассаса эмас. Балки, COVID-19’га чалинган ва хасталик оғир ҳамда ўта оғир кечаётган беморлар даволаниши учун мўлжалланган шифо масканидир», дейди у.
ССВ фуқаролардан ўзи ва яқинлари саломатлигига эътиборли бўлиб, касалликка қарши ўз вақтида тўлиқ дозаларда эмланишини сўраган.
Мавзуга оид
10:20 / 30.10.2024
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
10:04 / 27.08.2024
Зангиотада ҳаракатланиб кетаётган Damas ёниб кетди
14:32 / 25.07.2024
«Зангиота-2» ўрнида Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли шифохонаси ташкил этилади
07:50 / 23.07.2024