Ўзбекистон | 01:03 / 03.07.2022
28053
3 дақиқада ўқилади

«Президент халқ Конституцияси бўлишини айтган эди ва ўз сўзида турди» — Азамат Сеитов

Социолог Азамат Сеитовнинг айтишича, Қорақалпоғистонда юз берган намойишлар ўз фикрини қонуний тарзда билдириб келган бутун қорақалпоқ халқининг иродаси эмас. Айримлар популистик қарашлар ортидан ўз фикрини изҳор қилишнинг ноқонуний йўлларига ўтган. Лекин норозиликнинг бундай деструктив шакллари ўсиши жамиятга доим ҳам фойда келтирмайди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўқитувчиси, социология фанлари номзоди, доцент Азамат Сеитов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Қорақалпоғистонда сўнгги кунларда юз берган воқеалар ҳақида фикр билдирди.

— Азамат ака, хабарингиз бор, сўнгги кунларда тармоқларда Қорақалпоғистонда Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлардан норозилик оқибатида намойишлар бўлаётгани ҳақида лавҳалар тарқалди. Сиз социолог сифатида қорақалпоғистонликларнинг бу реакциясини қандай баҳолайсиз?

— Биламиз, парламент томонидан Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги лойиҳа биринчи ўқишда қабул қилинди. Афсуски, бу ҳали лойиҳа экани, таклифлар олинишда давом этиши айтилганига қарамасдан, баъзилар буни янги Конституциядай қабул қилди. Конституциявий комиссия ўз фаолиятини тўхтатмасдан таклифларни олишда давом этиши ҳам айтилган эди.

Асосий норозиликлар Конституциянинг 70-75 моддаларига алоқадор эди. Конституциявий ислоҳотлар бошланишидаёқ ҳукумат таклифлар бериш бўйича барча имкониятларни яратиб қўйди.

Дастлаб флешмоб шаклида, кейинроқ эса манипуляция технологиялари орқали бу муҳокамалар ўсиб, ноқонуний митингларга айланиб кетди. Алоҳида айтишим керак, бу намойишлар ўз фикрини қонуний тарзда билдириб келган бутун қорақалпоқ халқининг иродаси эмас эди.

Президент Шавкат Мирзиёев янги таҳрирда қабул қилинаётган Конституция халқ конституцияси бўлишини айтган эди ва давлат раҳбари ўз сўзида турди. Нукусга ташриф буюриб, халқ вакиллари ва фаолларнинг сўзларини тинглади ҳамда халқ норози бўлган нормаларга ўзгартиришлар киритилмаслигини таъкидлади.

Бугун аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ошган, ҳамма ҳужжатларни ўқиб ўрганмоқда. Лекин, айримлар популистик қарашлар ортидан ўз фикрини изҳор қилишнинг ноқонуний йўлларига ўтиб олиши ҳам бўлмоқда. Бир нарсани тушуниш керак, демократик ислоҳотларнинг бўлаётгани бизга эркин фикр билдириш билан бирга масъулият ҳам беради. Фикр билдириш ва норозиликнинг бундай деструктив шакллари ўсиши жамиятга доим ҳам фойда келтирмайди.

Афсуски, биз буни пост совет ҳудудларидаги кўплаб салбий мисолларда кўриб келмоқдамиз.

Мавзуга оид