Жаҳон | 20:26 / 05.07.2022
16241
2 дақиқада ўқилади

Италия сўнгги 70 йил ичидаги энг кучли қурғоқчилик исканжасида қолди. Мамлакат шимолида фавқулодда вазият эълон қилинди

Италия шимолидаги бешта регионда охирги 70 йил ичидаги энг кучли қурғоқчилик сабабли фавқулодда вазият режими эълон қилинди.

Фото: EPA

Эмилия-Романя, Фриули-Венеция-Жулия, Ломбардия, Пиемонт ва Венето регионлари сув тақчиллигига қарши курашиш учун мамлакат фавқулодда фондидан 36,5 млн евро олади. 

Италия қишлоқ хўжалик иттифоқи Coldiretti’нинг ҳисоб-китобларига кўра, қурғоқчилик региондаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 30 фоиздан ортиғини йўқ қилиши мумкин. 

Бир нечта муниципалитетлар сув ўлчов билан берилишини эълон қилди.

Қурғоқчиликка қишда ёғингарчиликнинг камлиги ва ёзнинг ўта иссиқ келиши сабаб бўлди.

"Мавжуд ҳолат фавқулодда вазият режимини жорий этишни талаб қиларди", - дейилади Италия ҳукуматининг баёнотида.

Барча жабрланган регионлар По дарёси – Италиянинг узунлиги 650 километрдан ортиқ бўлган энг узун дарёси атрофида жойлашган.

Италиянинг энг узун дарёси бўлмиш По дарёси айрим жойларда қуриб қолган
ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

По водийсидаги фермерлар дарёнинг айрим жойлари қуриб қолгани, айрим қисмларида эса оқимга денгизнинг шўр суви қўшилаётгани, бу эса экинлар учун ҳалокатли эканлигини айтишмоқда.

Душанба куни Италия бош вазири Марио Драги етти нафар алпинистнинг ўлимига сабаб бўлган муз кўчкиси юз берган Доломитга ташриф буюрди. Фалокат оқибатида тўққиз киши жароҳатланган, 20га яқин одам бедарак йўқолган.

Драгининг фикрича, музлик фожиаси ва қурғоқчилик – глобал исиш жараёнининг бўғинлари ҳисобланади.

Мавзуга оид