Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Facebook логоси намойиши учун қамоқ ва бошқалар: Россияда ўта репрессив қонун қабул қилинди
Россия Давлат думаси ўзининг баҳорги сессиясининг сўнгги кунида Россия Федерациясини СССР даврига узил-кесил қайтарадиган қарорлар қабул қилди. Мамлакатда энди амалда армияга хизмат қилишдан бошқа иш қилиш имконсиз бўлиб қолди.
Давлат думаси депутатлари Украина билан уруш шароитидаги якунловчи ялпи йиғилишда репрессив қонунларнинг янги пакетларини қабул қилди. Мухтасар қилиб айтиладиган бўлса, мамлакатда энди исталган нарса учун қамоққа тушиш мумкин, фуқароларнинг бир қатор ҳуқуқлари олиб қўйилди.
Иқтисодиёт ҳарбий релсларга ўтказилмоқда
Депутатлар ҳукуматнинг РФ ҳудудидан ташқарида ҳарбий операциялар олиб борилаётганда «иқтисодиёт соҳасида махсус чораларни жорий этиш» таклифини қўллаб-қувватлашди. Мамлакатда мобилизацион қувватлар ва объектлар қайта ишга туширилади, ишчилар тунги вақтда ва байрам кунлари ҳам меҳнатга жалб этилиши мумкин.
Бундан ташқари, компаниялар армия эҳтиёжлари учун турли маҳсулотларни етказиш бўйича давлат шартномаси тузишга мажбурланади. (Мудофаа вазирлиги сингари) айрим буюртмачилар шартнома шартларини у тузиб бўлинганидан сўнг ўзгартириш ҳуқуқига эга бўлади. Тушунтириш хатида айтилишича, қонун лойиҳаси Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли муҳокамага киритилган.
Кечаги ўқувчилар — шартнома асосидаги аскарлар
Қонун лойиҳасига кўра, ўрта маълумот олган ўсмирлар Мудофаа вазирлиги, Россия Миллий гвардияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан дарҳол (ҳозиргидек, уч ой хизматдан сўнг эмас) шартнома имзолаш ҳуқуқига эга бўлишади.
Давлат думасининг оила, аёллар ва болалар масалалари қўмитаси ҳужжатни танқид остига олган, бироқ у барибир қабул қилинган.
Кучишлатар тизимларни танқид қилганлар қамалади
Депутатлар Жиноят кодексига ўзгартиришларнинг бутун бир «гулдаста»сини қабул қилишди. Унга кўра, давлатга хиёнат, душман томонга ўтиш, санкцияларга чақирув ва экстремистик рамзларни намойиш қилиш учун белгиланган моддалар янада қатъийлаштирилган.
Масалан, Жиноят кодексига «Давлатнинг хавфсизлигига қарши қаратилган фаолиятни амалга оширишга очиқ чорлаш» деб аталувчи 280(4)-модда киритилмоқда. Бу моддани бузганлик учун 4 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади. Давлат сирини ошкор қилиш дея энди шу ахборотларга эга «ташувчиларнинг жойини ўзгартириш ёки бошқа ёққа юбориш» ҳам ҳисобланади. Ушбу қонунга кўра, Facebook ёки Instagram логотипларини намойиш қилишга ҳам жазо қўлланади.
Ташқи савдо ҳақидаги маълумотлар махфийлаштирилади
Ҳукумат Ғарб санкцияларидан жабр кўраётган иқтисодиёт ҳақидаги барча маълумотларни «тозалаш»га ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун Россияда «аксилсанкцион ахборот» термини жорий қилинмоқда, бу хорижий ҳамкорлар билан ўтказилган ёки режалаштирилган битимлар ҳақидаги маълумотларни билдиради.
«Махфий» грифи остига тарқалиши битим иштирокчиларини янги санкцияларга дучор қилиши мумкин бўлган маълумотлар киритилади. Бошқа бир қонун билан давлат сири маълумотлари сирасига олтин захираси ва Россия Федерацияси валюта захиралари миқдори ҳақидаги маълумотлар ҳам киритилган.
Қариндошлар ҳақидаги маълумотлар молиявий разведка қўлига ўтади
Депутатлар Россия молиявий мониторинги (Росифинмониторинг)га Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш ягона давлат реестридан маълумотлар олиш ҳуқуқини тақдим этишди. Бу йўл билан РФ ҳукумати жиноий йўл билан қўлга киритилган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга қарор қилган.
Росреестрдаги маълумотлар махфийлаштирилади
Тасдиқланган қонун лойиҳаси кўчмас мулкка эга жисмоний шахсларни идентификациялашни қийинлаштиради — бунинг учун «Шахсий маълумотлар ҳақидаги» федерал қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда. Энди Кўчмас мулк ягона давлат реестри (ЕГРН)даги шахсий маълумотлар учинчи томонга фақат ўша жисмоний шахснинг розилиги билан берилиши мумкин бўлади. Цензурани депутатлар яна кучишлатар тизимлар ходимларини асраш зарурияти билан оқлашган.
Давлат думасининг баҳорги сессияси репрессив қонунлар бўйича барча рекордларни янгилади. Масалан, депутатлар Жиноят кодекси ва Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга Россия қуролли кучларини «дискредитация» қилиш тўғрисидаги моддаларни киритишган.
Ғарб санкцияларига жавобан Давлат думаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорларини бажармаслик тўғрисидаги қонунни қабул қилган. Ғарб компаниялари Россияни бирин-кетин тарк этгач, уларнинг мол-мулкларини миллийлаштиришга қарор қилинган.