Ўзбекистон | 22:21 / 06.07.2022
25835
5 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан 100 дан ортиғи жиддий жароҳатланган

Қорақалпоғистонда оммавий тартибсизликлар иштирокчилари ҳужумлари оқибатида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг 107 нафар ходими жиддий тан жароҳати олган, улардан 23 нафари оғир аҳволда. Умумий олганда, давлат органларининг 270 нафар ходими турли даражада тан жароҳати олган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистон воқеалари юзасидан ОАВда тарқалаётган асоссиз маълумотлар юзасидан баёнот берди.

Алоҳида оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар номи тилга олинмаётган манбаларга асосланиб Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида содир бўлган воқеалар ҳақида турли хил тахминлар ва ишончсиз маълумотларни бўрттириб кўрсатмоқда.

«Тинч митингни тарқатиш» учун кучлардан ноқонуний фойдаланганлик, жумладан, фавқулодда ҳолат эълон қилиш йўли билан «мустақил овозларни бўғиш ва ахборотни чеклаш» ҳақида асоссиз баёнотлар янграмоқда.

Шу сабабдан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистонда рўй берган воқеалар юзасидан ойдинлик киритиш, атрофлича ва холис ахборот тақдим этишни истайди.

2022 йилнинг 1–2 июл кунлари Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг конституцион тузуми, ҳудудий яхлитлиги ва бирлигини вайрон қилишга уриниш содир бўлди. Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича омма эътиборига ҳавола этилган таклифларга норозилик билдириш баҳонасида ғараз ниятдаги шахслар томонидан зўравонлик акциялари, тўқнашувлар ва давлат ҳокимияти органлари биносини эгаллашга уринишлар ташкиллаштирилган.

Бу қонунга зид ҳаракатлар сепаратизмни алангалатиш, тинч, бирдам ва демократик мамлакатни бўлиб ташлаш ва беқарорликка гирифтор қилишга йўналтирилган, аввалдан режалаштирилган яққол қўпорувчилик белгиларига эга эди. 

Популистик шиорларни қалқон қилиб, мобил алоқа ва интернет орқали фейк ахборотларни тарқатиб душманона кайфиятдаги кучлар фуқароларни оммавий равишда аксилконститицион фаолиятга жалб қилишга уриниб кўришди. Бу интернет алоқасини вақтинчалик чеклаш бўйича чораларни қўллашга мажбур қилди.

Оммавий тартибсизлик ва бузғунчилик давомида Жўқорғи Кенгес — парламент биноси, Нукус шаҳри ИИБ ва Миллий гвардия бошқармаси биноларини штурм қилиш, ўқотар қуролларни эгаллаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини гаровга олишга бир неча бор уринишлар бўлган, турли жойларда ўт қўйиш, давлат, жамоат ва хусусий мулкларни бузиш ва йўқ қилиш амалга оширилган, шаҳар инфратузилмасига катта зиён етказилган.

Бундан ташқари, ҳужумлар натижасида ҳуқуқ-тартибот органларининг 107 нафар ходимига жиддий тан жароҳатлари етказилган, уларнинг 23 нафари оғир аҳволдалигича қолмоқда. Умумий ҳисобда давлат органларининг 270 нафар ходимлари турли даражадаги тан жароҳатларини олишган.

Тартибсизликларда иштирок этганларнинг шафқатсизлиги инсонлар онгини манипуляция қилган бир гуруҳ шахсларнинг провокацион ҳаракатлари натижасида юзага чиққан ва фуқароларнинг тинч намойиши деб аталиши мумкин эмас. 

Ушбу ноқонуний ҳаракатлар натижасида аввал эълон қилинганидек, 18 киши вафот этган. Қайд этиш жоизки, ҳужумларда фаол иштирок этганлар орасида наркотик ва алкоголли моддалар таъсирида маст бўлган шахслар кўпчиликни ташкил этган. 

Ўзбекистон ҳукумати ҳокимиятни куч билан эгаллаш, сепартизм ғояларини тарғиб қилиш, нафрат ва нифоқ уруғини ёйиш, зўравонлик ва оммавий тартибсизликларга чорлашга йўналган ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракатларни кескин қоралайди.

Кўрилган чоралар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳаракатлари шарофати билан ғайриқонуний акциялар тўхтатилди. 

Айни пайтда Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалар аъзоси сифатида шаффоф, мустақил ва холис тергов принциплари, шунингдек тегишли ҳуқуқий процедура ва одил суд муҳокамасини кафолатлашга тўлиқ содиқ бўлиб қолади. Тергов натижалари тегишли халқаро ташкилотлар эътиборига ҳавола этилади.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш юзасидан қўлланаётган барча ҳаракатлар ҳуқуқий майдон доирасида амалга оширилмоқда ва биринчи навбатда инсонларнинг ҳаёти ва соғлигига таҳдид юзага келмаслигига қаратилган.

Айни айтда Қорақалпоғистон ҳудудида мобил алоқа тўлиқ ҳажмда ишламоқда, озиқ-овқат дўконлари, бозорлар, нонвойхоналар, банклар, касалхоналар ва бошқа ижтимоий объектлар фаолият кўрсатмоқда. Электр энергияси, газ ва сув штатли режимда етказиб берилмоқда.

Ўзбекистоннинг тегишли давлат органлари жамоатчиликни Қорақалпоғистондаги воқеалардан ҳар куни воқиф қилиб турибди. Бинобарин, у ердан ахборот олиш имконсизлиги ҳақидаги баёнотлар асоссиз.

Демократик ислоҳотларни изчил амалга ошираётган, ҳар бир инсоннинг шарафи ва қадри, фаровонлиги ва манфаати ҳақида қайғурувчи инсонпарвар, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат қуришга ишонч билан қадам босаётган Ўзбекистон Республикасига ҳеч бир куч халақит бера олмаслигини таъкидлаб ўтамиз. 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги барча оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларни турли ишончсиз манбаларга таяниб шошилинч хулоса ва бир томонлама баёнотлар чиқармаслик, Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан холисона ёндашишга чақиради.

Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳамжамият билан барча масалаларда, жумладан, қонуний манфаатлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимояси масалаларида очиқ мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик қилишга содиқ қолади.

Мавзуга оид