Дунё конларидан табиий уран ишлаб чиқаришнинг учдан икки қисми Қозоғистон, Канада ва Австралия ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу ҳақда Жаҳон ядро ассоциацияси (WNA) маълумот берди.
2021 йилда қазиб олинган ураннинг энг катта қисми Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган. Қўшни республикада ўтган йил давомида 21,8 минг тонна уран ишлаб чиқарилган ва бу кўрсаткич дунё бўйича қазиб олинган жами маҳсулотнинг 45 фоизини ташкил этади. Кейинги поғоналарни Намибия (5,7 минг тонна) Канада (4,6 минг тонна) ва Австралия (4,1 минг тонна) банд этган.
Ушбу рўйхатда Ўзбекистон бешинчи ўринда қайд этилган. Ўтган йил давомида республикада 3,5 минг тонна уран қазиб олинган. Бу кўрсаткич 2020 ва 2019 йилларда ҳам 3,5 минг тоннани, 2018 йилда эса 3,4 минг тоннани ташкил этган.

Ўзбекистон 2020 йилда ҳам жаҳонда уран қазиб олиш бўйича 5-ўринда эди.
Уран захиралари
Дунё бўйлаб табиий уран захиралари 6,14 миллион тонна ҳажмида баҳоланган. Шундан 28 фоиз қисми Австралия, 15 фоиз қисми Қозоғистон ва 9 фоиз қисми Канада ҳиссасига тўғри келади. Кейинги ўринларда жойлашган Россия, Намибия ҳамда Жанубий Африка Республикаси уран захираларининг мос равишда 8 фоиз, 7 фоиз ва 5 фоиз қисмига эгалик қилади.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда аниқланган уран конларида 132,3 минг тонна ресурслар мавжуд эканлиги қайд қилинган. Бу бутун дунё бўйича барча уран хомашёсининг 2 фоизини ташкил қилади.

Уранга бўлган бир йиллик талаб қанча?
WNA таҳлилларига кўра, 2021 йилда дунё бўйича уранга бўлган эҳтиёж 62 500 тоннани ташкил этиб, ишлаб чиқариш талабнинг 77 фоиз қисмини қоплаган.


















