Ўзбекистон | 20:02 / 10.07.2022
14574
3 дақиқада ўқилади

“Нукусдаги намойишлар вақтида чақалоқ ўқдан яралангани ҳақидаги хабарлар ёлғон” – Миллий гвардия

Расмий баёнотга кўра фейк хабарлар хориждан туриб тарқатилмоқда.

Фото: MAKAN.UZ телеграм-канали

Интернетда Нукусдаги шифохонада ётган чақалоқ ўқдан яраланганлиги айтилган ёлғон хабарлар тарқалди. Миллий гвардия расмий баёнот билан чиқди.

“Чет давлатлардан биридаги айрим ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон ҳалқи номидан турли фейк хабарлар тарқатишга уринмоқдалар. Унда акс эттирилган фототасвирга изоҳ берилиб, шифохонада ётган чақолоқнинг жанговар ўқдан яраланганлиги тўғрисида айтилган”, дейилади баёнотда.

Миллий гвардия матбуот хизмати хабарига кўра, масъул ходимлар Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалига бориб, бу хабарни ўрганишган. Навбатчи шифокор жарроҳ Бобурбек Тилмуродов тарқатилган сурат ва унга берилган изоҳ нотўғри эканлигини айтиб, бундай жароҳат олган чақалоқ шифохонада умуман қайд этилмаганини тасдиқлаган.

Бошқа бир баёнотда тартибсизликлар содир бўлган жойлардан ўқотар қуроллардан отилган гильзалар топилгани акс этган видеотасвирлар тарқатилгани, бироқ видеотасвирда ўқдан ҳалок бўлганлар кўрсатилмагани таъкидланади. Миллий гвардия хабарида Нукусдаги намойишлар вақтида ҳақиқий ўқ-дорилар ишлатилмагани яна бир марта такрорланган.

“Фақат оломонни тарқатиш ва тартибсизликларни бостириш учун махсус воситалар – ёруғлик, шовқин ва тутун ишлатилган. Аниқлик киритиб ўтамизки, пиротехника воситалари билан тўлдирилган патронларнинг ўқлари махсус 4 ўқли қўшимчали Калашников автоматидан отилади. Албатта бундай махсус воситаларни қўллаш учун автоматга пахтовон ўқлар жойланади.

Оломонни тарқатиш учун ишлатилган бу каби махсус воситалар қолдиқларини топиб олган айрим фуқаролар провокацион руҳдаги видеохабарларни ижтимоий тармоқларда тарқатишни мақсад қилишган. Бироқ  ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг бундай вазиятларда қуроллардан фойдаланиши учун қонуний асослари мавжуд”, дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқарма бошлиғи ўринбосари Абдижан Абдувалиев ижтимоий тармоқларда тарқалган намойишлар бўлиб ўтган кўчада қон оқаётгани, гўёки махсус машина қонни сув ёрдамида юваётгани иддао қилинган видеодаги қон эмас бўёқ экани, намойишларни тинчитишда бундай усулдан кўплаб давлатларда фойдаланилиши, тартибсизликларни тинчитиш мақсадида намойишчиларга қизил бўёқ сепилишидан мақсад улар орасидаги етакчиларни ажратиб олиш эканини айтганди.

Қорақалпоғистондаги талатўпларда жароҳатланган ҳарбийлар журналистларнинг саволларига жавоб бериб, тинч аҳолига қарши қурол ишлатишмаганини маълум қилишганди.

Мавзуга оид