Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шри-Ланкада мисли кўрилмаган намойишлар, президент қароргоҳига бостириб кирилди. Асосий маълумотлар
Шри-Ланка президенти Готабая Раджапакса 13 июл куни истеъфога чиқишини маълум қилди. У иқтисодий инқироз туфайли юзага келган ва 9 июл куни бутун мамлакатни қамраб олган намойишлар туфайли шундай қадам ташлашга мажбур бўлди.
Президентнинг лавозимини тарк этиш нияти ҳақида парламент спикери Моҳинда Япа Абейвардена маълум қилган. Бундан олдинроқ бош вазир Ранил Викремесингҳе ҳам истеъфо ҳақида маълум қилганди. Унинг баёнотидан бир неча соат ўтиб намойишчилар унинг хусусий уйига ўт қўйишган.
9 июл куни кундузи эса Шри-Ланка пойтахти Коломбо шаҳрида намойишчилар полициячилар тўсиғини ёриб ўтиб, мамлакат президенти қароргоҳига бостириб киришганди.
Сабр косаси тўлди
Шри-Ланкада энг жиддий иқтисодий инқироз кузатилмоқда, намойишлар март ойидан буён тинмаяпти, аммо норозилик шанба куни авжига чиқди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда президент қароргоҳидаги хоналар одамлар билан тўлиб-тошгани, яна юзлаб намойишчилар - майсазорда ўтиргани, айримлар ҳовлидаги ҳовузда шўхлик қилаётганини кўриш мумкин.
Президент Готабая Раджапакса жума куниёқ қароргоҳни тарк этган, айрим хабарларга кўра, Коломбодан учиб кетишга уринган.
9 июл кунги оммавий намойишлар - жорий йилда оғир иқтисодий инқироз ҳолатига тушиб қолган ушбу орол давлатда рўй берган энг йирик намойишлардан бири бўлди. 22 миллион киши истиқомат қиладиган Шри-Ланкада инфляциянинг юқори суръатлари кузатилмоқда, ёнилғи, озиқ-овқат ва дори-дармонларнинг ўткир етишмовчилиги юзага келган.
Мамлакат бош вазири Ранил Викремесингҳе ўз партияси етакчиларининг шошилинч йиғилишини чақирган ва парламент спикерига зудлик билан йиғилиш ўтказишни буюрган.
Бир неча ойлик намойишлардан кейин - норозилик тўлқини чўққисига чиқди
Инқироз даврида мамлакатнинг ёмон бошқарувига қарши бир неча ойлик норозиликлардан кейин аҳоли қатъий ҳаракатга ўтди.
Бутун мамлакатдан минглаб кишилар Раджапаксанинг истеъфосини талаб қилиб бошланган маршга қўшилди. Маҳаллий амалдорлар «Франс пресс» агентлигига айтишича, кўплаб кишилар автомобилларда, фургонлар ва ҳатто намойишчилар томонидан «эгаллаб олинган» поездларда пойтахтга етиб келишган.
Полиция намойишчиларни тарқатиш учун водомётлар ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган.
Dinuka Liyanawatte / Reuters / Scanpix / LETA
Amitha Thennakoon / AP / Scanpix / LETA
Dinuka Liyanawatte / Reuters / Scanpix / LETA
Шифокорларнинг маълум қилишича, 33 киши, жумладан полициячилар Коломбодаги Шри-Ланка Миллий шифохонасига ётқизилган.
Намойишчилар Коломбонинг ҳукумат бинолари жойлашган туманини тўлдиришган ва полициячиларнинг бир неча ҳалқасини ёриб ўтиб, президент қароргоҳига етиб келишган.
Полициячилар қароргоҳ атрофидаги ғазабланган оломонни тарқатиш учун ҳавога ўқ узишган, аммо одамларнинг бир қисми барибир қароргоҳга киришган.
Chamila Karunarathe / EPA / Scanpix / LETA
Chamila Karunarathe / EPA / Scanpix / LETA
Намойишчилар фейсбук орқали қароргоҳ ичкарисида содир бўлган воқеаларни трансляция қилишган. Кадрларда юзлаб одамлар хоналар ва йўлакларда тўплангани ва президент Раджапаксанинг кетиши талаб қилинган шиорларни айтаётганини кўриш мумкин.
Яна юзлаб кишилар мустамлакачилик даврига мансуб бўлган қароргоҳ атрофидаги майсазор ва йўлакларда йиғилган.
Ҳукумат жума куни комендантлик соати эълон қилиб, шанба кунги намойишларнинг олдини олишга уринганди, аммо инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари ва мухолифатчи партияларнинг қаршилиги туфайли чекловлар бекор қилинди.
Бензин йўқ, сув йўқ, дори-дармон йўқ
Шри-Ланка 1948 йилдан буён энг оғир иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда, ўшанда мамлакат Буюк Британия мустамлакасидан чиққанида ҳам вазият оғир бўлганди. Айни вақтда мамлакатда ёнилғи, озиқ-овқат ва дори-дармон тақчиллиги юзага келган.
Шри-Ланка анчадан буён «қулоғигача қарзга ботган», ҳозирда мамлакат ташқи қарзи 50 млрд доллардан ошади.
Ўтган ойда мамлакатда инфляция даражаси 50 фоиздан ошди.
Ўтган ҳафтада расмийлар мамлакатда муҳим функцияларни бажарувчилардан ташқари барча учун ёнилғи сотишни тақиқлади. Фақат автобус ва поездлар, шунингдек фавқулодда хизматлар автомобиллари учун бензин берилади.
БМТ маълумотларига кўра, Шри-Ланка «умидсиз гуманитар инқироз»ни бошдан кечирмоқда. Мактаблар ёпилган, саратонга чалинганларни даволаш, шунингдек бошқа мунтазам муолажалар тўхтатилган, кўплаб оилалар эса кунига бир марта овқатланиш учун зўрға имкон топмоқда.
Мамлакатда энг зарур маҳсулотлар, жумладан бензин, дизел ёнилғиси, озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларининг ўткир танқислиги кузатилмоқда. Ҳукумат уларни хориждан сотиб ололмайди, чунки валюта тугаган. Ҳукуматнинг самарасиз давлат сиёсати юритиши ҳамда коронавирус пандемияси таъсирида мамлакатнинг туризмдан кўрадиган даромадлари кескин қисқариб кетиши оқибатида Шри-Ланканинг валюта захиралари деярли нолга тенглашган.
Ўтган ҳафтада президент Готабая Раджапакса Россия президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб, қарз эвазига Россиядан ёнилғи импортини йўлга қўйиш ва мамлакатга «Аэрофлот» рейсларини тиклашни сўради. Май ойи охирида Шри-Ланка Россиядан 90 тонна нефт келганди, бунинг учун тўлов яқин ҳафталарда амалга оширилиши ваъда қилинганди.
Қарзга қарамлик ва ҳукмрон сулоладан норозилик
Май ойида Шри-Ланка суверен облигациялар бўйича 78 млн долларлик фоизларни ўз вақтида тўлай олмасдан, ўз тарихида илк бор давлат қарзи бўйича дефолт эълон қилди.
Мамлакат рисмийлари мавжуд оғир вазиятдан чиқиш учун жами 5 млрд доллар қийматидаги кредит ажратилиши мақсадида Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси каби халқаро ташкилотлар билан музокаралар олиб бормоқда. Аммо ҳозирча келишувга эришилмаган.
Фото: Dinuka Liyanawatte / Reuters / Scanpix / LETA
Жаҳон банки баёнотида «мамлакатда адекват микроиқтисодий сиёсат асослари тузилмагунча, банк Шри-Ланкага янги молиявий ёрдам кўрсатишни режалаштирмаяпти». Шу билан бирга, ташкилот Шри-Ланка ҳукуматига зарур тиббий воситаларни етказиб бериш, жуда ночор аҳволда қолган оилаларга ёрдам кўрсатиш, мактаблардаги тушликлар учун тўловлар қилиш, фермерлар ва кичик бизнесга ёрдам бериш бўйича лойиҳаларни ҳам олиб бормоқда.
Шри-Ланка аҳолиси ва иқтисодчи экспертлар юзага келган инқирозда мамлакат раҳбариятини давлатни нотўғри бошқаргани учун айбламоқда.
Май ойидаги намойишлардан кейин президентнинг катта акаси, бош вазир Моҳинда Раджапакса ҳамда оиланинг ҳукуматда юқори лавозимларни эгаллаган бошқа бир неча аъзолари лавозимларини тарк этишга мажбур бўлганди.
Ҳукмрон Раджапаксалар сулоласи мамлакатни 2000-йиллар ўрталаридан буён бошқариб келади. Кўп йиллар давомида ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу оила вакилларини коррупцияга йўл қўйиш, ўз мансабларини суиистеъмол қилиш, непотизм ва ўзгача фикрловчилар ҳамда журналистларни таъқиб қилишда айблаб келади, аммо улар сайловларда ғалаба қозонишда давом этишарди, чунки сайловчилар уларни кучли етакчилар деб билишган.
Мавзуга оид
23:56 / 27.04.2026
Шри-Ланкада можаро: 23 роҳиб 110 кг наша контрабандаси учун ҳибсга олинди
20:40 / 05.03.2026
Эрон фрегати чўктирилиши. Камида 87 киши ҳалок бўлган
17:30 / 04.03.2026
АҚШ Шри-Ланка соҳиллари яқинида Эрон кемасига зарба берди (видео)
19:20 / 30.11.2025