Ўзбекистон | 07:53 / 11.07.2022
3159
3 дақиқада ўқилади

Наманганда ДХШ асосида оқова сув тозалаш иншооти қурилади

Президентнинг “Наманган вилояти Наманган туманида оқова сув тозалаш иншоотини қуриш давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди

Республикада оқова сув тозалаш тизимларини янада ривожлантириш ва модернизация қилинишини таъминлаш, соҳага давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хорижий инвестициялар, замонавий технологиялар ва илғор бошқарув тажрибасини жалб этиш мақсадида қуйидагилар:

а) Наманган туманида қуввати суткасига 100 минг метр куб бўлган оқова сув тозалаш иншоотини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш, топшириш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш, шунингдек, узунлиги 8 километр бўлган тозаланган оқова сувни Сирдарё дарёсига тўкувчи коллекторни лойиҳалаш, молиялаштириш ва қуриш давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепцияси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган;

б) давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун хусусий шерикни танлаб олиш бўйича халқаро тендер якунларига кўра, Metito Utilities Ltd. (Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллиги) компанияси тендер ғолиби деб топилган ҳамда тендер ғолиби Ўзбекистонда “Namangan Water” хорижий корхонасини ташкил этган;

в) 2022 йил 24 февралда Ўзбекистон номидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва хусусий шерик ўртасида имзоланган давлат-шериклик тўғрисида битим имзоланган.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисида битими шартлари доирасида:

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш доирасида 90 миллион АҚШ доллари хорижий инвестициялар жалб қилинади;

давлат шериги хусусий шерикка зарур ер участкалари ажратилишини таъминлайди, оқова сув тозалаш иншоотига етказиб бериш ва тозаланган оқова сувни қабул қилиш, давлат бюджетидан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битимида белгиланган тартибда хусусий шерикка фойдаланганлик учун тўловларни ўз вақтида амалга оширади.

Молия вазирлигига белгиланган тартибда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва “Ўзсувтаъминот” АЖ ўртасида Наманган вилояти Наманган туманида оқова сув тозалаш иншоотидан фойдаланиш (эксплуатация қилиш) ва (ёки) объектга хизмат кўрсатиш даврида ундан эркин фойдаланилишни таъминлаганлик учун давлат шериги томонидан амалга ошириладиган тўловларни давлат бюджетига қисман қоплаб беришни назарда тутувчи битимни имзолаш ваколати берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид