Ўзбекистон | 08:32 / 11.07.2022
8468
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда узоқ масофадаги маҳаллаларда тиббиёт пункти ташкил этилади

Фото: Kun.uz

“Қорақалпоғистонда 2022–2024 йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада кучайтириш тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.

2022 йил якунигача бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан узоқ масофада жойлашган маҳаллаларда қўшимча 34 та маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилади, тез тиббий ёрдам хизмати 63 та янги тез тиббий ёрдам махсус автотранспортлар билан таъминланади.

2022 йил 1 сентябрдан кўп тармоқли марказий поликлиника ва оилавий поликлиника филиаллари негизида 16 та оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади, болалар орасида кўп учраётган касалликларни эрта аниқлаш мақсадида 2–10 ёшли болалар орасида гельминтоз, 12–15 ёшли қизлар орасида камқонлик касаллиги бўйича скрининг дастурлари жорий этилади.

2022 йил 1 июлдан лепрозорийларда ишлайдиган барча ходимларнинг лавозим маошига 50 фоиз миқдорида устама белгиланади.

Камида 3 йиллик иш стажига эга оилавий шифокорлар бирламчи бўғинда тор соҳа мутахассиси сифатида ишлаши учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади.

Тиббиёт ОТМ битирувчилари ҳамда тиббиёт муассасалари мутахассислари тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизматида ишлаши учун Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади;

2022–2024 йилларда камида 75 нафар тиббиёт ходимлари нуфузли хорижий тиббиёт муассасалари ва марказларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юборилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид