Жаҳон | 22:49 / 11.07.2022
18464
3 дақиқада ўқилади

Хитой ташқи ишлар вазири Тайван бўғози "қора булутлар" ва "даҳшатли бўрон" остида қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди

Ван И бутун дунёдаги мамлакатлар "Тайван мустақиллигининг жиддий хавфи"ни англаши ва Пекин билан биргаликда "ягона Хитой" тамойилини ҳимоя қилишига умид билдирди.

Фото: РИА Новости / Илья Питалев

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И АСЕАН ташкилоти котибиятида сўзга чиқиб, агарда "ягона Хитой" тамойили борасида баҳс юзага келадиган бўлса, Тайван бўғози "қора булут" ва "даҳшатли бўрон" остида қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

"Тайван бўғозининг ҳар икки тарафидаги барқарорлик "ягона Хитой" тамойилига риоя қилинишига боғлиқ. "Ягона Хитой" тамойили тўлиқ тан олинса, Тайван бўғозининг иккала томони тинч ривожланади. Бироқ "ягона Хитой" қонуни борасида баҳс пайдо бўлса ёки тан олинмайдиган бўлса, Тайван бўғози соҳиллари қора булутлар ёки ҳатто даҳшатли бўрон исканжасида қолади", - деди Ван И.

Унинг сўзларига кўра, Тайван бўғозидаги бугунги кескинликнинг сабаби орол ҳукумати "ягона Хитой" тамойилини акс эттирувчи 1992 йилги келишувдан воз кечганидадир.

"Улар Тайван бўғозининг ҳар икки тарафи муносабатларига путур етказмоқда ва мустақиллик илинжида хорижий давлатларга таяниш йўлида давом этмоқда", - деб таъкидлади Хитой ташқи ишлар вазири.

"Тайван Хитойнинг бир қисми ҳисобланади. Узоқ вақтдан буён бўғознинг икки тарафида сиёсий қарама-қаршилик мавжудлигига қарамасдан, Хитой суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳеч қачон бузилмаган. Тайван масаласидаги статус-кво ана шундай. Бу вазият қадим замонлардан буён ўзгармаган. Бу статус-кво ўзгариши мумкин эмас", - деди Ван И.

У бутун дунёдаги мамлакатлар "Тайван мустақиллигининг жиддий хавфи"ни англаши ва Пекин билан биргаликда "ягона Хитой" тамойилини ҳимоя қилишига умид билдирди.

Тайван амалда Хитойдан айри давлат сифатида шаклланган, лекин расман “Хитой республикаси” номини сақлаб турибди. Мамлакатнинг ўз конституцияси, армияси ва сайланган ҳукумати бор. Фуқаролик уруши тугаши ва 1949 йил материкда коммунистлар ғалабасидан кейин сайланган ҳукуматини Тайван Хитойдаги ягона қонуний бошқарув органи деб билади.

Аввалроқ Хитой мудофаа вазирлиги вакили мамлакат армияси урушга тайёрлигини айтганди.

Мавзуга оид