Жаҳон | 09:30 / 12.07.2022
5678
2 дақиқада ўқилади

Навалний коррупцияга қарши кураш халқаро фонди ташкил этилишини эълон қилди

Алексей Навалний томонидан асос солинган коррупцияга қарши кураш халқаро жамғармасига биринчи ҳисса унга берилган Сахаров мукофоти бўлади. Кузатув кенгашига Ги Верхофстадт, Энн Эпплбаум, Фрэнсис Фукуяма ва Юлия Навалная киради.

Фото: AP

Алексей Навалний 11 июль, душанба куни Anti-Corruption Foundation International коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро нотижорат ташкилоти ташкил этилганини маълум қилди

Қамоқдаги мухолифатчининг сўзларига кўра, жамғарманинг кузатув кенгаши таркибига Бельгиянинг собиқ бош вазири, Европарламент депутати Ги Верхофстадт, публицист, Пулицер мукофоти совриндори Энн Эпплбаум, файласуф Фрэнсис Фукуяма киради, Навалнийнинг рафиқаси Юлия Навалная раис этиб тайинланган. 

Леонид Волков директорлар кенгаши раиси, Владимир Ашурков, Юлия Навалная, Мария Певчих ва Иван Ждановлар эса кенгаш таркибига киради. 

Жамғармага биринчи ҳисса Навалнийга Европарламент томонидан берилган 50 000 евро миқдоридаги Андрей Сахаров мукофоти бўлади. «Жамғарма бутунлай шаффоф ва тушунарли бўлади, - деб ёзади Алексей Навалний. - Ҳар доимгидек, биз сизнинг ёрдамингиз ва қўллаб-қувватлашингизга ишонамиз ва яхши ишлаймиз, деб ваъда берамиз». 

«Путин ва унинг атрофидагилар йиллар давомида ҳокимиятда қолиш ва ўғрилик қилиш учун ҳамма нарсани қилишди ва энди улар жазосиз қолган ҳолда уруш бошладилар», дейилади янги ташкилот веб-сайтида. «Аммо бу ўғрилар ва қотиллар бошқа ҳеч қачон ўлжасидан фойдалана олмаслигига эришиш бизнинг қўлимизда. Монакодаги барча қасрлар ва Майамидаги барча виллаларни топамиз, уларни топгач, Путин элитаси бор нарсасини йўқотишини таъминлаймиз». 

Фрэнсис Фукуяма «ушбу ташкилотга аъзо бўлиш ўзи учун жуда шарафли» эканини маълум қилди.

2021 йил июнь ойида Москва шаҳар суди Навалний томонидан тузилган Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси (ККЖ) ва Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамғармасини, шунингдек, унинг минтақавий штабларини «экстремистик ташкилотлар» деб тан олди. 

Мавзуга оид