Россия раҳбарияти мухолифатчи Алексей Навалнийни заҳарлаш ҳақида айтилган айбловларни “қатъий рад этади”. Бу ҳақда душанба куни, 16 февралда Россия президенти Владимир Путин матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Кремл бу айбловларни “ғаразли ва ҳеч қандай асосга эга эмас” деб ҳисоблайди.
Аввалроқ РФ ТИВ расмий вакили Мария Захарова Навалний биоматериаллари таҳлили натижалари ҳақидаги баёнотларни “ахборотбозлик” деб атаб, бу гўё “ғарбнинг долзарб муаммоларидан эътиборни чалғитиш” учун қилинганини айтган.
Германия, Франция, Буюк Британия, Нидерландия ва Швеция ҳукуматлари хулосасига кўра, Навалний “катта эҳтимол билан” эпибатидин билан заҳарланиш оқибатида вафот этган. Бу заҳар Эквадорда яшайдиган дарахтбақа терисидан олинади. Ушбу давлатлар лабораториялари сиёсатчи биоматериалларида ушбу заҳар изларини аниқлаган. Беш давлат ТИВнинг қўшма баёноти 14 феврал куни Британия ташқи сиёсат идораси томонидан эълон қилинган.
Қайд этилишича, дарахтбақа Жанубий Америкада яшайди, Россияда учрамайди ва асирликда эпибатидин ишлаб чиқармайди. Буюк Британия ТИВда эса “Навалний Россиядаги Сибир жазони ижро этиш колониясида қамоқда бўлган пайтда унга қарши ушбу ўлимли токсиндан фойдаланиш учун восита, сабаб ва имкониятга фақат Россия давлати эга бўлган”и айтилган. “Биз унинг ўлими учун Россия давлатини жавобгар деб ҳисоблаймиз”, — дейилади Лондоннинг алоҳида баёнотида.
Беш давлат ташқи ишлар вазирлари 14 феврал куни Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти бош директорига Россия томони Кимёвий қуроллар ҳақидаги конвенцияни бузгани ҳақида маълумот тақдим этилганини ҳам билдирган.
Юлия Навалная 14 феврал куни эри колонияда вафот этганидан сўнг бу қотиллик экани маълум бўлганини, аммо энди “бу сўзлар илмий жиҳатдан исботланган фактга айланганини” айтди. Мухолифатчи сиёсатчи беваси бир кун келиб айбдорлар “судда жавоб беришига” умид қилишини билдирди.
Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул мухолифатчининг қамоқда заҳарланиши Москва “ўзининг хунук қиёфасини кўрсатгани”ни англатишини ва “қарши томонда тинчлик, ўзаро тушуниш ва инсонийликни қадрлайдиган ҳалол ҳамкор бор, деб ўйлайдиганлар буни билиши керак”лигини таъкидлади.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио беш Европа давлатининг Навалний заҳарлангани ҳақидаги баёнотини “ташвишли” деб атади. Ёзувчи ва публицист Энн Эпплбаум эса: “Менимча, бу Россия оддий давлат эмаслигини тушунишни янада мустаҳкамлаши керак. Бу ўз душманларини ўлдирадиган жиноий давлат”, — деди.









