Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
15 давлат Навалнийнинг ўлимини тергов қилишни талаб этмоқда
15 давлат фикрича, Алексей Навалний ўлими учун жавобгарлик “фақат Россия ҳокимияти зиммасида”. Улар мухолифатчи сиёсатчининг ҳалок бўлиш ҳолатларини синчковлик билан тергов қилишга чақирди.
Фото: Paul Zinken/ZB/dpa/picture alliance
Германия ва яна 14 давлат қўшма баёнотда Россия мухолиф сиёсатчиси Алексей Навалний ўлими ҳолатлари “сўнгги маълумотлар нуқтаи назаридан” “синчков ва шаффоф тергов қилиниши”га яна бир бор чақирди. Душанба куни, 16 февралда — Навалний РФ шимолидаги колонияда ҳалок бўлганига икки йил тўлган кунда улар мухолифатчи сиёсатчининг оила аъзоларига таъзия билдирди ва унинг ўлими учун жавобгарлик “фақат Россия ҳокимияти зиммасида” эканини таъкидлади.
Ҳужжат муаллифлари Европа инсон ҳуқуқлари суди қарорини эслатиб, Россия Навалнийнинг қамоқда “инсонийликдан йироқ ва қадр-қимматни таҳқирловчи муносабат”га дучор этилгани, шунингдек унинг мурожаатларига тегишли тарзда жавоб қайтарилмагани учун ҳам жавобгар эканини билдирган.
Мухолифатчи сиёсатчининг ўлимига икки йил тўлиши арафасида Буюк Британия, Швеция, Франция, Германия ва Нидерландия Алексей Навалний “катта эҳтимол билан” эпибатидин билан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилди. Эпибатидин — Эквадордаги дарахтбака терисидан олинадиган камёб токсин. Бу хулосага ушбу давлатлар экспертлари бир-биридан мустақил равишда келган: улар Навалнийнинг биологик намуналарини таҳлил қилган. Нашр ёзишича, сиёсатчи вафот этганидан кейин унинг қариндошлари бу намуналарни Европага олиб чиқишга муваффақ бўлган.
Кремлда Россия ҳокимияти Навалнийни заҳарлагани ҳақидаги айбловлар “ғаразли ва ҳеч қандай асосга эга эмас” деб аталди. “Биз уларни қатъий рад этамиз”, — деди РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
15 давлат баёнотида Россияда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашаётгани, хусусан ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва фуқаролик жамияти вакилларига қарши репрессиялар кучайгани юзасидан жиддий ташвиш ҳам билдирилган. Ҳозирда РФда сиёсий сабаблар билан 1700 нафардан ортиқ одам ушлаб турилгани қайд этилган — ҳужжат муаллифлари бу борада “ОВД-Инфо” ҳуқуқ ҳимоя лойиҳаси маълумотларига таянади. Шунингдек, ушланганлар орасида украин сиёсий маҳбуслари ҳам борлиги айтилади: уларнинг кўпчилиги РФнинг Украинага ноқонуний бостириб киришига қарши чиққани учун Россия асирига айланган.
“Россиядаги ички репрессиялар унга ташқи агрессияни амалга ошириш имконини беради. Бизнинг позициямиз қатъий: Россия ҳокимияти барча халқаро мажбуриятларини тўлиқ бажариши ва барча сиёсий маҳбусларни озод қилиши шарт”, — дейилади Австралия, Буюк Британия, Германия, Чехия, Дания, Канада, Латвия, Литва, Нидерландия, Норвегия, Швеция, Янги Зеландия, Полша, Финландия ва Эстония имзолаган баёнотда.