Жаҳон | 07:35 / 13.07.2022
7191
3 дақиқада ўқилади

Reuters: Шри-Ланка президенти норозилик намойишлари туфайли мамлакатдан қочиб кетди

Шри-Ланка миграция хизмати ходими журналистларга Готабая Ражапакса рафиқаси ва тансоқчилари билан бирга Малдив оролларига учиб кетганини тасдиқлади.

Фото: AP

Шри-Ланка президенти Готабая Ражапакса у ерда давом этаётган оммавий норозилик намойишлари фонида 13 июль, чоршанба куни эрта тонгда ҳарбий-ҳаво кучлари самолёти бортида мамлакатдан Малдив оролларига қочиб кетди, дея хабар бермоқда Reuters иммиграция хизмати ходимига таяниб.

Журналистларнинг сўзларига кўра, Ражапаксага турмуш ўртоғи ва икки тансоқчиси ҳамроҳлик қилган. Қайд этилишича, амалдаги қонунчиликка кўра, миграция хизмати ходимлари давлат раҳбарини мамлакатдан чиқиб кетишига тўсқинлик қилиш ҳуқуқига эга эмас. 

Малдив ороллари архипелаги Ҳинд океанида, Шри-Ланкадан 700 км ғарбда жойлашган. Маълум қилинишича, Шри-Ланка президенти Малдив ороллари пойтахти Мале шаҳрига учиб кетган. Шу билан бирга, ҳукумат доираларидаги манбалар у ердан у Осиё минтақасидаги бошқа давлатлардан бирига бориши эҳтимоли борлигини айтишмоқда, дея қайд этади Reuters. 

Шри-Ланкада давом этаётган норозилик намойишлари фонида 9 июль куни Ражапакса «ҳокимиятнинг тинч йўл билан ўтказилишини таъминлаш» учун 13 июль куни президентликдан воз кечишини эълон қилди. Аввалроқ Шри-Ланка бош вазири Ранил Викрамасинге партия етакчилари илтимосига кўра ўз лавозимини тарк этишга тайёрлигини айтган эди. Бунгача мамлакат сиёсий партиялари етакчилари фавқулодда йиғилишда президент ва бош вазир истеъфосини талаб қилди. 

Шри-Ланкадаги оммавий тартибсизликлар май ойида сўнгги 70 йилдаги энг ёмон иқтисодий инқироз фонида бошланган. 9 июль куни намойишчилар мамлакатнинг энг йирик шаҳри Коломбодаги президент қароргоҳига бостириб киришга ҳаракат қилишди. 

Бундан уч кун олдин, 6 июль куни Ражапакса Twitter’да Россия президенти Владимир Путин билан «жуда самарали телефон мулоқоти» ўтказганини ёзган эди. «Ўтмишдаги қийинчиликларни енгиб ўтишда ҳукумати Шри-Ланкага кўрсатган ёрдами учун унга миннатдорчилик билдириб, ҳозирги иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш учун ундан Шри-Ланкага ёнилғи импорт қилиш учун кредит сўрадим», деди Шри-Ланка президенти. 

Ўз сўзлари билан айтганда, у Путинга «Аэрофлот»нинг Шри-Ланкага парвозларини тиклашни таклиф қилди, чунки «туризм, савдо ва маданият каби соҳаларда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади». 

Мавзуга оид