Жаҳон | 22:19 / 13.07.2022
32665
18 дақиқада ўқилади

Украинага янги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ваъда қилинмоқда. Бу нимани ўзгартиради?

Сўнгги бир ой давомида Украинанинг ҳарбий таъминоти номенклатураси ўзгарди. Ғарб етказиб бермоқчи ёки сотмоқчи бўлаётган қуроллар рўйхатида замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари пайдо бўлди. BBC бу фронтдаги вазиятни нечоғлик ўзгартириши мумкинлигини таҳлил қилди.

NASAMS - АҚШ ва Норвегиянинг қўшма маҳсулоти. Фото: KONGSBERG

Бунгача Украинага асосан қўлда олиб юрилувчи, Американинг Stinger ёки Британиянинг Starstreak каби мобил зенит-ракета тизимлари етказиб бериларди. Фақат бир марта апрелда катта масофага ҳаракатланувчи С-300 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими етказиб берилган - Украинага уни Словакия томони топширган.

Сўнгги хабарлар орасида - Пентагоннинг Украинага янги NASAMS зенит-ракета мажмуалари етказиб бериш тўғрисидаги ваъда ҳам бор, бундай тизим АҚШ ва Норвегия ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. Айни вақтда гап икки дона мажмуа етказиб бериш ҳақида кетмоқда.

Defense News нашри АҚШ ҳарбий доираларидаги манбасига асосланган ҳолда хабар беришича, зенит-ракета мажмуалари етказиб бериш бўйича шартнома яқин вақт ичида келишилади - бир неча ҳафтадан бир неча ойга қадар бўлган муддатда. Кейин эса украин мутахассислари бу комплексни ўзлаштириши керак бўлади.

Бу анча янги мобил зенит-ракета мажмуаси бўлиб, уни 1989 йилда тайёрлай бошлашган, 1994 йилдан ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, барча синовлар цикли 1990-йиллар охирига келиб якунланган. 1999 йилда яхшиланган варианти - NASAMS II зенит-ракета мажмуалари пайдо бўлган.

Пентагон Украинага иккита зенит-ракета мажмуаси етказиб берилишини ваъда қилган. Фото: KONGSBERG

Украинага айнан қайси тизим етказиб берилиши бўйича аниқ маълумот йўқ, аммо биринчи авлоддаги зенит-ракета мажмуаси AN/MPQ-64 Sentinel радарларидан фойдаланади ва айнан шундай қурилма 2022 йил майида эълон қилинган АҚШ жўнатмалари рўйхатида кўрсатилган.

Нима бўлганда ҳам бу анча кучли зенит-ракета мажмуаси бўлиб, 25 км узоқлик ва 16 км баландликдаги нишонни йўқ қилишга қодир. Бу мажмуа ўз синфига кўра Россия ва Украина армиясида мавжуд бўлган «Бук-М1» мажмуасига мос келади.

NASAMS’нинг ўзига хослиги шундаки, у AMRAAM AIM-120 авиация ракеталаридан фойдаланади. Бундай ракеталарнинг хусусиятларини, жумладан, учиш масофасини яхшилайдиган кўплаб турли модификациялари бор.

Мазкур авиация ракеталарининг асосий афзалликларидан бири шундаки, бундай ракеталардан 13 мингдан ортиғи ишлаб чиқарилган. Бу шиддатли кечаётган ҳарбий можаро шароитида зенит-ракета мажмуалари учун ўқ-дори истеъмоли юқори ҳисобланади, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими асосини эса советлар даврида ишлаб чиқарилган мажмуалар ташкил этади.

Украинага Ғарбдан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб бериш ҳақида биринчи бор ваъда беришмаяпти. Июн ойи бошида Германия Украинага ўрта масофага ҳаракатланувчи Iris-T SLM зенит-ракета мажмуалари етказиб беришини маълум қилганди. Украинанинг Германиядаги элчиси (эндиликда собиқ) «Укринформ» нашрига берган интервьюсида Киев 10 та учириш қурилмаси харид қилмоқчилигини айтганди.

Бундай зенит-ракета мажмуалари қуруқликдан учириш учун модификация қилинган IRIS-T SL русумли ҳаво ҳужумига қарши авиация ракеталаридан фойдаланади. Ракета ишлаб чиқарувчиси бўлмиш Diehl Defence компанияси сайтида айтилишича, Iris-T SLM ракеталарини учириш билан боғлиқ илк синовлар 2014 йилда ўтказилганди.

Украина ҳарбийлари олиши мумкин бўлган зенит-ракета мажмуаларининг ҳаракатланиш масофаси - 40 километр, нишонни тўхтатиш мумкин бўлган максимал баландлик - 20 километрни ташкил этади.

Украин ҳарбийлари тўқнаш келиши мумкин бўлган асосий муаммолардан бири - Ғарбнинг бу иккита мажмуасини ўз ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига қўшиш ҳисобланади.

Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидаги қуроллар эскириб қолган. Фото: Getty Images

Россиялик ҳарбий  эксперт Александр Храмчихин BBC учун берган интервьюсида бунда жиддий муаммо кўрмаётганини айтади: «Истак бўлса, барчасини бирлаштириш мумкин».

Бошқа эксперт - исроиллик Давид Гендельман эса унга қўшилмайди. «Мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига интеграция бўлиш масаласи жуда ҳам муҳим, чунки NASAMS бошқа воситалар билан максимал интеграция учун мўлжалланган, шундай ҳолатда у янада самарали бўлади. Аммо улар агар Германия томонидан ваъда қилинган IRIS-T SLM билан НАТО стандартлари бўйича тактик маълумотлар алмашинуви тармоғи орқали бирлаштирилса, украинларнинг советлар даврига мансуб зенит-ракета мажмуалари билан интеграция бўлиш учун қўшимча техник ечимлар талаб этилади», дея изоҳлайди у.

Хорижнинг зенит-ракета мажмуаларини Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига интеграция қилиш - жуда муҳим вазифа, чунки ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими барча таркибий қисмлар ягона тармоққа уланган тизим сифатида самарали ҳисобланади.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Украина учун қанчалик муҳим?

Украина можаросида ҳаво ҳужумидан мудофаа муаммоси Россия армияси учун - энг жиддий муаммолардан бири.

Киев яқинида уриб туширилган россияликлар ҳарбий самолёти парчаси. Фото: Getty Images

Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими энг замонавий қуроллар билан қуролланмаган - нисбатан энг кучлилари ўрта масофага ҳаракатланувчи С-300ПС ва С-300ПТ ракета мажмуалари бўлиб, улар 1980-йилларда қурилган. Бундан ташқари, армияда ўрта масофага ҳаракатланувчи Бук-М1, яқин масофали Тор-М, С-125, турли ташиб юрилувчи ва жанг майдонида қўлланувчи артиллерия тизимлари мавжуд.

Аммо Украинада эшелонларга бўлинган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ташкил этилган. Бу шуни англатадики, бу мажмуаларнинг барчаси радарлар, қўмондонлик ва ахборот марказларини ўз ичига олувчи умумий схемага киритилган.

Бундай эшелонланган тизимдан ўтиш қийин, чунки турли масофаларга ҳаракатланувчи зенит тизимлари бир-бирини ёпади ва турли баландликдаги нишонларга қарши биргаликда ҳаракатланади, турли радарлардан маълумотлар келиб тушади, қайта ишланади ва бошқарув марказига юборилади, у ерда нишонни йўқ қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилинади.

Узоқ ва ўрта масофаларни қамраб оладиган тизимлардан ўтишнинг йўлларидан бири - паст баландликда учишдир, аммо бу ҳолда елкада олиб юрилувчи зенит-ракета мажмуалари ва яқин радиусдаги нишонлар учун мўлжалланган мажмуалар катта хавф туғдириши мумкин.

Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими нақадар самарали ишлаётганини баҳолаш қийин, чунки уриб туширилган нишонлар ва хатоликлар тўғрисида очиқ маълумотлар берилмайди. Украин ҳарбийлари арсеналида зенит қурилмалари учун қанча ўқ-дори қолгани ҳам номаълум - 24 февралдан буён улар нафақат авиацияга қарши туришига, балки ракеталар билан курашишига ҳам тўғри келмоқда.

Аммо тахмин қилиш мумкинки, эртами кечми Украинада ракеталар ва зенит-ракета мажмуалари тақчиллиги сезила бошлайди, улар Россия авиацияси ва ракеталари ҳаракатидан ҳам, шунчаки бузилиб ҳам сафдан чиқиши мумкин.

Россия учун муаммо

Украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими россияликлар авиацияси имкониятларини сезиларли даражада чеклайди, очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, рус самолётлари қарама-қаршилик чизиғида тактик ҳаракатларни амалга оширишда давом этмоқда, аммо украин қўшинларининг фронторти ҳудудига киришга журъат этмаяпти.

Россия авиация борасида катта устунликка эга, аммо ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари туфайли улардан фойдаланиш осон кечмаяпти
Фото: AFP

Бундай вазият Россия авиацияси Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яксон эта олмагани оқибатидир.

Аввалроқ BBC билан интервьюда россиялик ҳарбий эксперт Илья Крамник бунга кўп жиҳатдан Россия ҳарбий режасида эшелонли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини бостириш вазифалари кўриб чиқилмагани ва Россия ҳарбий-космик кучлари бунга тайёрланмагани сабаб бўлганини айтиб ўтганди.

«Россия биринчи навбатда НАТО блоки намунасидаги рақибга қарши урушга тайёрланган. НАТО блоки эса алоҳида ўчоқларни ҳисобга олмаганда, қуруқликда эшелонли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига эга эмас ва асосан ҳаводаги кучга таянади. НАТОнинг асосий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими - бу қирувчилардир», деганди у.

«Россиянинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими ва зарбдор самолётларга қарши курашиш бўйича барча машғулотлари  - НАТО зарбдор авиация орқали ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ёриб ўтишга уринишига, Россия эса ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали ҳимояланишига тўғри келишига тайёрланиш эди. Россия ўз ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига эга бўлган рақиб мудофаасини ёриб ўтиш учун тайёрланмаганди», деб ҳисоблайди Крамник.

Жуда кам

Ғарбдан Украинага қуроллар етказиб берилиши Россиянинг 24 феврал кунги босқинидан аввалроқ бошланган, аммо уруш бошлангач, етказиб бериш ҳажми кескин ошган.

Асосий донор - ҳам қурол-яроғ, ҳам молиявий ёрдам етказиб беришда - АҚШ бўлиб қолмоқда. 24 февралдан буён Американинг Украинага ёрдами ҳажми 6,92 миллиард доллардан ошган. Агар 2021 йил бошидан ҳисобланса, Қўшма Штатлар Киевга хавфсизлик соҳасида ёрдам бериш учун 7,62 миллиард доллардан ошиқ сармоя киритган.

АҚШнинг жўнатмалари 1400 донадан ортиқ Stinger зенит-ракета мажмуалари, 6500 дан ортиқ Javelin танкка қарши қурилмалар ва 20 мингдан ошиқ бошқа русумдаги танкка қарши қуролларни ўз ичига олади. Биргина АҚШнинг ўзидан Украинага 126 дона М777 русумли гаубица ва бу қуроллар учун тўрт миллиондан ортиқ снарядлар етказиб берилган.

Аммо бу жўнатмалар Украина қуролли кучлари Россия билан солиштирганда устунликка эга бўлишини таъминламади.

Июн ойи бошида, Украинага гаубицаларнинг катта партияси етиб келган ва улардан фронтда фаол фойдаланиш бошланган маҳалда Independent газетаси Россия армиясининг артиллерия борасидаги устунлиги 20 га 1 ни ташкил этиши, отилаётган снарядлар сони эса 40 га 1 нисбатда эканини ёзди.

13 июн куни BBC учун берган интервьюсида Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний Россия Украинага қараганда 10 баробар кўпроқ ўт очиш кучига эканини айтди.

Ўшанда Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк россияликлар ҳаракатини тўхтатиш учун Украина қуролли кучларига бир неча минг дона оғир қуроллар кераклигини айтганди: 155 мм калибрли 1000 та гаубица; 300 та баравар ўт очиш реактив тизимлари; 500 танк; 2000 дона зирҳли техника; 1000 дрон.

Кўздан паналар

Михаил Подоляк бу рақамларни келтирганидан кейинги муддатда Украинага кўплаб ҳарбий юклар келди, аммо очиқ манбалардаги маълумотларга қараб айтиш мумкинки, бу ҳали Михаил Подоляк айтган рақамларга умуман яқин келмайди.

«Очиқ манбалар» ҳақидаги банд расмиятчилик эмас - Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа бўйича кенгаш котиби Алексей Данилов 18 июн куни Liga.net нашрига берган интервюсида, «жуда кўплаб давлатлар ўзлари бераётган ҳарбий қуроллар ҳақидаги маълумотларни очиқламасликни сўрашгани» ҳақида айтди.

Ҳарбий экспертларнинг фикрича, Украина қуролли кучларини қуроллантиришни махфий равишда олиб бориш - бугунги кунда жуда қийин иш. Аммо иложи бор.

«Ҳарбий ҳаракатлардан олдинроқ етказиб берилиши бошланган қуроллар, яъни индивидуал қуроллар ҳақида гап кетса, уларни исталган миқдорда ва бутунлай яширин етказиб бериш мумкин. Йирик техникаларни эса яширинча етказиб бериб бўлмайди», деган BBC билан суҳбатда Александр Храмчихин.

Давид Гендельман эса чиндан ҳам «етказиб берилаётган қуроллар барча жиҳатлари билан батафсил очиқланмаслиги», аммо ҳозиргача фронтда олдинроқ матбуотда чиққан хабарларда тилга олинмаган қандайдир жиддий қурол пайдо бўлмаганини айтади. Шу билан бирга, у махфий етказмалар оқибатларини кузатиш қийин бўлган соҳаларда бўлиши мумкинлигини истисно этмайди.

«Снарядларнинг муайян тури ва бошқа «арзимас нарсалар» олдиндан айтилмайди, бу бўлиб туради. Бундай ҳолат қисман самолётлар ва ерусти техникалари учун эҳтиёт қисмлар, алоқа воситалари, радиоэлектрон кураш воситалари ва умуман олганда, янги турдаги қуроллардан фарқли ўлароқ фронтда кўзга ташланмайдиган барча бошқа воситалар соҳасида ҳам бўлади», деган у.

Гендельманнинг сўзларига кўра, эътиборни ўзига тортмайдиган ёрдам турлари бўлади, аммо уларнинг урушдаги аҳамияти артиллерия тизимлари ёки танкларникидан кам бўлмайди.

«Махфий бўлиши билан бирга жамоатчилик эътиборини жалб қилмайдиган ўқ-дори ва ёнилғи маҳсулотлари каби жўнатмалар бўлади: бир неча ўнта ўзиюрар гаубицаларсиз ҳам жанг қилиб туриш мумкин бўлса, улкан миқдорда ўқ-дорилар, биринчи навбатда артиллерия снарядлари етказиб берилмаганида, уларнинг захираси аллақачон тугаган бўларди», дейди эксперт.

Ҳарбий ёрдам ҳажмини аниқлаш кўп ҳолларда имконсиз иш. Масалан, кўплаб мамлакатлар молиявий ёрдам кўрсатмоқда ёки зирҳли техникаларни таъмирлаш имкониятини яратиб бермоқда.

Шу билан бирга, Украинага янги қуроллар етказиб берилиши ҳақида деярли ҳар куни янги маълумотлар пайдо бўлиб туради.

Арсеналдан ажратилган қуроллар

Украинага хорижий ҳарбий ёрдам турли манбалардан келиб тушмоқда. Биринчи навбатда, қуролли кучларнинг омборларидан. Яъни бирор давлат Киевга ўз армияси омборларида мавжуд бўлган қуролларни бермоқда ёки сотмоқда.

Александр Храмчихин бундай вазият таъминотни сезиларли даражада чеклашини айтади: «Менинг тушунишимча, Ғарб шунчаки ўзи қуролсиз қолмаслиги учун катта миқдорда  [қурол] етказиб бера олмайди».

Иккинчидан, донор-давлат Украинага юборган қуроллар ўрни учинчи давлат томонидан етказиб бериладиган қуроллар ҳисобига қопланиши мумкин.

Масалан, Полша билан шундай ҳолат бўлган, ушбу давлат қўшнисига советлар даврига мансуб 240 дона Т-72 русумли эски танкларни берган. Бунинг эвазига улар Ғарбдан техникалар келишидан умид қилишган, аммо ҳозирча Берлин билан бу борадаги музокаралар наф келтирмади. Варшава ленд-лиз тўғрисидаги қонун доирасида АҚШдан ҳам қанчадир танк олишга умид қилмоқда.

Ниҳоят, яна бир йўли бор - шунчаки қурол сотиб олиш, ёки янгиси, ёки ишлатилганларини. Июнда Киев Полшадан Krab русумли ўзиюрар артиллерия қурилмалари харид қилди, олдинроқ 18 дона шу каби техникадан иборат партиядан фарқли ўлароқ, буниси тўлиғича ҳарбий буюртма бўлди.

Аммо бундай тўлақонли шартномалар бажарилиши, қоидага кўра, маълум вақт талаб этади, чунки кўп ҳолларда қуролларни заводга буюртма қилиш керак бўлади.

Ленд-лиз қандай ёрдам бериши мумкин?

Алексей Даниловнинг сўзларига кўра, Украина АҚШ президенти Жо Байден 2022 йил 9 майида имзолаган ленд-лиз тўғрисидаги қонун қачон кучга киришини кутмоқда.

«У ерда процедура бор. Ленд-лиз ҳали бошланмаяпти [...] Бу июл-август, балки, сентябрда бўлиши мумкин. Бу ерда жуда кўп омиллар бор. Дунё у қадар катта эмаслигини тушуниш керак. Ҳар ким ўз мамлакатида нима борлигини билади. Қурол-яроғ, уларни ишлаб чиқариш учун ускуналар, ўқ-дорилар борлигини», деганди у 18 июн кунги интервьюсида.

Ленд-лиз тўғрисидаги қонуннинг ўзи қайсидир муайян қуролларни етказиб беришни белгиламайди. Бу ҳужжат шунчаки АҚШда қурол сотиб олишнинг анча мураккаб тартибини максимал даражада соддалаштиради, бу эса қуролларни Украина ёки Шарқий Европанинг бошқа мамлакатларига ижарага беришга шароит яратади.

Масалан, қонун бўлмаганда ижарага олувчи қуролни беш йил ичида АҚШга қайтариши ва ҳар қандай шикастланиш учун зарарни қоплаб бериши талаб этилади. Ленд-лиз тўғрисидаги қонун бу чекловни бекор қилади.

У шунингдек АҚШ президентини Конгрессга ҳисобот бериш ва Украинага фавқулодда шартлар асосида ижарага берилиши мумкин бўлган қуролларни танлашда рухсат олиш мажбуриятидан халос этади.

Шу билан бирга, май ойи охирида АҚШ Конгресси Украинага қарийб 40 миллиард доллар миқдоридаги мисли кўрилмаган ёрдам пакетини маъқуллади. Бу маблағнинг катта қисми Украина армиясини қурол-яроғ билан таъминлаш учун ажратилади.

Шу тариқа Вашингтон, бир томондан, Киевга қурол етказиб бериш тартибини соддалаштирди, иккинчи томондан - бундай ёрдамни молиявий жиҳатдан мустаҳкамлади.

BBC билан гаплашган ҳарбий экспертлар эса ленд-лиз ва молиявий қўллаб-қувватлов можародаги вазиятни жиддий даражада ўзгартириши мумкинлигига шубҳа билан қарашган.

Александр Храмчихиннинг сўзларига кўра, заводлардан қурол етказиб бериш масаласи Ғарб мудофаа саноати бундай йирик кўламли можаро учун қурол ишлаб чиқариш салоҳиятига эга эмаслиги туфайли мураккаблашиши мумкин.

«Янги қуроллар жуда қиммат ва ишлаб чиқарилиши мураккаб жараён. Ҳозирча мен Ғарб том маънода урушга заводлардан қурол етказиб бериш учун ҳаракат қила бошлаганининг ҳеч қандай аломатини кўрмаяпман», деган у.

Давид Гендельманнинг сўзларига кўра эса, қуроллар етказиб бериш ҳар қандай ҳолатда ҳам сиёсатчилар иродасига боғлиқ: «Бу Оқ уйнинг сиёсий қарорларига боғлиқ. Аслида, келажакда саноат орқали тўлдиришни ҳисобга олган ҳолда ҳозиргача берилганидан кўпроқ бериш мумкин эди, аммо барчаси айнан сиёсий қарорга боғлиқ».

Ленд-лиз ишлай бошлагач, Украинага қандай ҳажмда ва қайси қуроллар етказиб берилиши ҳақида ҳозирча ҳеч бир эксперт аниқ айта олмайди, аммо ҳозирда Киев ўнлаб, ҳатто юзлаб қуроллар сўраётган вақтда етказиб берилаётган қуроллар партияси кўп ҳолларда бир неча донадан ошмаяпти.

HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари билан ҳам шундай бўлди, ҳозирча Украинага бундай қуролдан фақат тўрттаси етказиб берилган. Уларни Украинага жўнатар экан, Пентагондагилар бу фақат дастлабки партия экани, улардан қуролларни ўрганиш учун фойдаланилишини билдирди. NASAMS тизимлари юбориш тўғрисидаги пресс-релизда эса бундай банд йўқ. Шу билан бирга, келгусида бундай қуроллардан янада кўпроқ етказиб берилиши тўғрисидаги ваъда ҳам.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид