Жаҳон | 08:43 / 14.07.2022
8946
2 дақиқада ўқилади

Литва 2025 йилгача НАТО бригадасини жойлаштиришга тайёрланмоқчи

Литвадаги НАТО батальонларини бригадалар сонига кўпайтириш тўғрисидаги қарор альянснинг июнь ойида бўлиб ўтган саммитида қабул қилинган эди. Ўшанда у учун инфратузилма 2027 йилгача тайёр бўлиши режалаштирилган эди.

Фото: Reuters

Германия бошчилигидаги НАТО бригадасини жойлаштириш учун инфратузилма Литвада 2025 йилнинг ўрталарида тайёр бўлади. Бу ҳақда 13 июль, чоршанба куни Вилнюсда чиқиш қилган Литва Сеймининг Миллий хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси раҳбари Лауринас Кашчюнас маълум қилди. Шу пайтгача бу иш 2027 йилгача якунланиши режалаштирилган эди.

Шу куни Болтиқбўйи давлати мудофаа вазири Арвидас Анушаускас ўзининг Facebook саҳифасида 2024—2025 йилларда Литвада кўпроқ муддатли ҳарбий хизматчилар ва профессионал аскарларни жойлаштириш учун зарур бўлган инфратузилма объектларини тайёрлаш бўйича лойиҳалар амалга оширилишини ёзди. «Ўқ-дорилар омборларининг ривожланаётган инфратузилмаси уларни янада кўпроқ жойлаштириш имконини беради», деб қўшимча қилди Анусаускас.

НАТОнинг июнь ойи охирида Мадридда бўлиб ўтган саммитида альянс аъзолари Литвада жойлашган НАТО халқаро батальони Германия бошчилигидаги сони 3000 дан 5000 гача бўлган аскарга эга бригадага кенгайтирилишига келишиб олди. 

«Биз ҳар йили қўшинларни қабул қилиш қобилиятимизни ошириш учун яқин бир неча йил ичида бунга (НАТО халқаро бригадасини жойлаштириш учун инфратузилмани тайёрлашга) катта маблағ сарфлашни режалаштирмоқдамиз», — деди Анушаускас НАТО саммитидан сўнг. 

Июнь ойи бошида Германия канцлери Олаф Шольц Литва президенти Гитанас Науседа, Латвия ва Эстония бош вазирлари Кришьянис Кариньш ва Кая Каллас билан қўшма матбуот анжуманида Берлин «кучли бригада» яратиш орқали «НАТОнинг шарқий қанотида ўз ҳиссасини кучайтиришини» эълон қилди. 

Литвадаги НАТО халқаро батальонлари, бошқа Болтиқбўйи давлатлари ва Полшада бўлгани каби, 2017 йилда Россия Қримни аннексия қилганидан кейин минтақада хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар кучайиб бораётган бир шароитда жойлаштирилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид