Билдирилишича, автомобилнинг давлат рақам белгиси фото ва видеоқурилмалар орқали ўқиб олиниб, оний сонияларда база орқали шу машинани бошқараётган шахс гарданида тўланмаган жаримаси бор-йўқлиги аниқланади.
Ҳеч қандай қоидабузарлиги йўқ ҳайдовчилар «яшил йўлак» орқали ҳаракатни давом эттиради. Жаримаси сўндирилмаган қоидабузарликка эга автомобиллар эса «қизил йўлак»ка ўтказилади.
Агар жарима ўша ерда сўндирилса ёки қарздорликка асос бўлган қоидабузарлик юзасидан судга мурожаат қилинган ёхуд иш судда кўрилаётган бўлса, ҳаракатни давом эттиришга рухсат берилади.
Қарздорликни тўлолмаган ҳолларда транспорт воситалари токи у тўлангунга қадар махсус тўхташ жойларига (жарима майдончасига) жойлаштирилади.
Умуман, «қизил» йўлакка ўтказиш учун асос бўладиган ҳолатлар рўйхати қуйидагича:
- автомобил эгаси қидирувда бўлса;
- суғурта полиси муддати ўтган бўлса;
- техник кўрик муддати ўтган бўлса;
- транспортга ортилган юк транспорт габаритидан меъёридан ортиқ даражага катта бўлса;
- транспорт эгасининг йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун 60 кун ичида тўланмаган жаримаси бўлса.
Бу янгилик биринчилардан бўлиб Қамчиқ довонидаги ЙПХ стационар постларида жорий этилди. Кўплаб автомобиллардан ҳайдовчи ва йўловчилари туширилиб, машина эса жарима майдончасига киритиб қўйилмоқда. Ҳайдовчиларнинг айримлари гарданида жарима борлигини шу ерда билишмоқда.
Бу қанчалик ноқулайлик ва асаббузарлик келтириб чиқараётганини тасаввур қилаяпсизми? Қолаверса, тушунмовчилик, жанжал, тортишувлар натижасида ҳеч қандай жаримаси йўқ ҳайдовчилар ҳам тиқилинчда қолиб кетиб, вақт ва асаб йўқотишмоқда.
Бу эса адолатсизлик ва мантиқсизликдан бошқа нарса эмас.
Чунки қоидабузарликка ҳайдовчиларнинг аксарияти беихтиёр йўл қўяди. Яъни 99 фоиз ҳолатда бу кўчадаги фото ва видеокамералар ёрдамида аниқланувчи тезликни меъёридан ошириш қоидабузарлиги бўлади ва ҳайдовчи қоида бузгани, қоидабузарлиги қайд этилганидан бехабар бўлади. Яна айрим ҳолларда машинада оила аъзоси ёки бошқа қариндоши қоидабузарлик содир этган ва бундан машинанинг эгаси бехабар бўлиши мумкин.
Ҳайдовчини ЙПХ ходими тўхтатиб жаримага тортса, ҳайдовчи бундан шу заҳоти хабар топади. Ҳуқуқбузарлик автоматлаштирилган тизим орқали аниқланганда эса бундай бўлмайди.
Қолаверса, қоидабузарлик учун жарима ундиришнинг бошқа йўллари бор. Аввало, ДЙҲХХнинг ўзи қоидабузар ҳайдовчига хат, SMS орқали хабар бериши керак. ИИВнинг турли базаларини бирлаштириб, машина эгасининг рақамига автоматик SMS борадиган қилишни ҳар қандай дастурчи талаба ҳам эплайди.















