Қўйлиқда электр узатиш конструкциясидан ўзини пастга ташламоқчи бўлган эркак қутқариб қолинди
Жорий йилнинг 10 июль куни Бектемир тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига Қўйлиқ бозори ҳудудида номаълум шахс ўзини ўлдирмоқчи бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, номаълум эркак киши бозор ҳудудида жойлашган юқори кучланишли электр узатиш металл конструкциясининг юқорисига чиқиб, 32 метр баландликдан ўзини пастга ташлаши билан таҳдид қилган.
Қайд этилишича, ҳодиса жойига Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда тез тиббий ёрдам хизматлари ходимлари етиб борган.
«Биринчилар қаторида етиб келган ҳудудий профилактика инспектори, катта лейтенант Улуғбек Абданбеков вазиятга тезда баҳо бериб, ўзини пастга ташламоқчи бўлган фуқаро билан мулоқотга киради ва ўз ҳаётини хатарга қўйиб юқорига кўтарила бошлайди. Бироқ, фуқаро турли хил талаблар қўйиб, ўз хатти-ҳаракатлари билан ходимда шубҳа уйғотади», дейилади хабарда.
Билдирилишича, Улуғбек Aбданбеков фуқаро билан музокаралар давомида, темир конструкция қуёш нурлари остида қизиб, унинг қўлларини куйдира бошлагани сабабли, сояли жой қидираётганини кўрган. Инспектор электр узатиш линияси устунига чиқишни давом эттирган ва фуқаронинг пастга тушишига ёрдам бериб, унинг ҳаётини сақлаб қолган.
Суриштирув давомида, 49 ёшли Ғ.М. бир кун аввал дўстлари билан спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, бозорга қандай ва нима учун келганини, электр устунга нима сабабдан чиқиб олганини эслай олмаслигини маълум қилган.