Жаҳон | 09:58
1119
2 дақиқада ўқилади

Россия бозорида арман маҳсулотларига тақиқлар кучаймоқда

Россия назорат идоралари Арманистондан олиб кириладиган бир қатор маҳсулотларга чеклов жорий қилди. Гуллар импорти тақиқланганидан сўнг, мева-сабзавот маҳсулотлари ва “Жермук” минерал суви билан боғлиқ муаммолар ҳам юзага келди.

Фото: AP

Россельхознадзор раҳбари Сергей Данквертнинг маълум қилишича, Россия Арманистондан келаётган мева ва сабзавот маҳсулотларини текширишни бошлаган. Шу билан бирга, “фитосанитар хавфсизликни таъминлаш” мақсадида арман гуллари импорти ҳам тўхтатилган.

Унинг сўзларига кўра, Россия томони маҳсулот хавфсизлиги бўйича кафолатлар тўлиқ бажарилишини талаб қилмоқда. Россия инспекторларининг Арманистонга ташрифи якунларига кўра, гул маҳсулотлари импорти бўйича кейинги қарор қабул қилинади.

Маълумотларга кўра, 2025 йил май–ноябрь ойларида Арманистон Россияга 40 миллион евродан ортиқ мевалар ва 50 миллион евродан зиёд сабзавот экспорт қилган.

Шу билан бирга, Россиянинг Роспотребнадзор идораси Арманистонда ишлаб чиқарилган “Жермук” минерал сувини импорт қилиш ва сотишни ҳам тақиқлади. Идора маълумотига кўра, сув таркибида гидрокарбонат, хлорид ва сульфат миқдори меъёрдан юқори экани аниқланган.

Бу “Жермук” сувига нисбатан биринчи чеклов эмас. Апрель ойида ҳам худди шу сабаб билан айрим партиялар импорти тақиқланган эди.

ОАВ таъкидлашича, Россия сўнгги йилларда муносабатлари ёмонлашган давлатларга нисбатан озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар импорти бўйича чекловларни тез-тез қўллаб келади. Айни пайтда Москва ва Ереван ўртасида Арманистон ҳукуматининг Ғарбга яқинлашув сиёсати ортидан келишмовчиликлар кучайган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид