Тошкент шаҳридаги Авиасозлар бозорида ҳудудни тартибга солиш сабабли савдо расталари бузилгани айтилмоқда. Тадбиркорлар бу иш огоҳлантирилмай бошланганини, оқибатда айрим маҳсулотлари сотишга яроқсиз ҳолга келганини айтиб, норози бўлмоқда. Бозор маъмурияти уларга бозор ичидан жой ажратилганини, аммо ўзлари у ерга киришни исташмаётганини, муаммо тез орада бартараф этилишини маълум қилди. Kun.uz ҳолатни жойига бориб ўрганди.

Яшнобод туманида жойлашган, халқ тилида “Кадишева” деб аталадиган Авиасозлар деҳқон бозорида бир неча кун аввал қурилиш ишлари бошланган. Сотувчи ва тадбиркорлар ҳолатдан норози бўлиб, Kun.uz’га мурожаат йўллади.

Тадбиркорлар нимадан норози?

Kun.uz ҳолатни жойига бориб ўрганди. Сотувчиларнинг айтишича, бозор маъмурияти бузиш ва қурилиш ишларини уларни огоҳлантирмаган ҳолда бошлаган. Оқибатда қулупнай, сабзавот ва бошқа истеъмол маҳсулотлари сотишга яроқсиз ҳолатга келган. Бир ой аввал патент ва ҳужжатларни расмийлаштирган тадбиркорлар эндиликда ўз жойларида савдо қилолмаётганини айтмоқда. Маълум бўлишича, уларга бозор ичидан жой ажратилган.

“Бизга берилган жой 80 см, маҳсулотимиз сиғмаяпти. Патент олдик, тўловларни амалга ошириб келдик, лекин огоҳлантирмасдан жойимиз бузилди. Қулупнайларимиз яроқсиз ҳолатга келди”, дейди тадбиркорлардан бири.

Тадбиркорларнинг кўпи узоқ йиллардан бери шу бозорда ишлаб келган. Уларга кўра, илгари ўртача икки метрли жойларда савдо қилган, ҳозир берилаётган жойлар эса жуда кичик. Баъзи савдогарлар эса жой етишмовчилиги сабабли кўчага чиқиб, вақтинча ноқонуний савдо қилмоқда.

“10 кунда жойига қайтишади”

Kun.uz Авиасозлар деҳқон бозори директори ўринбосари Исматулла Иноятовдан ҳолат бўйича изоҳ олди. Унинг маълум қилишича, муаммолар тез орада бартараф этилади.

“Бозорнинг 1-, 2- ва 3-павилонларида бўш расталар тўлдирилган, ортиқча жойлар тадбиркорлар орасида тақсимланган. Тадбиркорлар ажратилган жойга кирмай, кўчага чиқиб савдо қилмоқда. Уларни белгиланган жойларига қайтариш ва тартибга солиш режасини бир ҳафта, ўн кунда амалга оширамиз”, дейди у.