Россия Фарғона аэропортини модернизация қилиш ва Ўзбекистонда авиакомпания ташкил этишни режалаштирмоқда
Фарғона вилояти ҳокими Россиянинг “Аэропорты Регионов” ширкати вакилларини қабул қилди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров Сергей Краснов бошчилигидаги Россиянинг йирик “Аэропорты Регионов” ҳолдинги вакилларини қабул қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар бермоқда.
Учрашувда реконструкция ва модернизация қилиш орқали Фарғона аэропортини ривожлантириш истиқболлари ҳамда “Аэропорты Регионов” ҳолдингининг бу жараёнда иштироки имкониятлари муҳокама қилинди.
Фарғона водийси вилоятлари ҳамда қўшни мамлакатлар чегарадош вилоятлари аҳолиси сонини ҳисобга олганда, Фарғона шаҳри аэропортини кенгайтириш ҳамда модернизация қилиш истиқболли лойиҳа экани қайд этилди.
Келгусида Фарғона аэропортини Европа ва Осиё ўртасида халқаро транзит тугунига айлантириш, қўшимча карго терминали барпо этиш орқали юк ташиш ҳажмини ошириш имкониятлари юқори баҳоланди. Фарғона водийси вилоятлари учун ягона йирик аэропорт қуриш лойиҳаси юзасидан ҳам фикр алмашилди.
“Аэропорты Регионов” ҳолдинги томонидан Ўзбекистонда ташкил этилиши режалаштирилаётган, ўрта масофага мўлжалланган Sukhoi Superjet 100 самолётлари билан маҳаллий рейсларда хизмат кўрсатувчи авиакомпанияни Фарғона аэропортида жойлаштириш бўйича ўзаро позиция ишлаб чиқилади.
Россиянинг Ростов, Екатеринбург, Нижний Новгород, Самара, Саратов, Тобольск, Новий Уренгой ва Петропавловск-Камчатск шаҳарларидаги халқаро аэропортларни комплекс ривожлантириш дастури орқали ўз инвестициялари ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида модернизациясини амалга ошириб, бошқариб келаётган “Аэропорты Регионов” ҳолдинги бугунги кунда ушбу аэропортларда йиллик 16 миллион йўловчига хизмат кўрсатади.
“Аэропорты Регионов” ҳолдинги шунингдек “Новапорт Ҳолдинг” билан ҳамкорликда Россиядаги кичик ҳудудий аэропортларни ривожлантиришга йўналтирилган “Аэропорты Большой Страны” лойиҳасини ҳам амалга оширмоқда. Ушбу лойиҳа ҳозирда 6 та аэропортни ўзида жамлаб, йиллик 2,6 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш даражасига етган.
Мавзуга оид
16:39
Путин МДҲ ва қўшни минтақаларда вазиятни беқарорлаштиришнинг олдини олишга чақирди
14:07
2025 йилда Ўзбекистонда Россия маданияти кунлари ўтказилиши режалаштириляпти
13:20
Россия Украинанинг қатор минтақаларига ракеталар билан ҳужум қилди
10:10