Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов Самарқандга келди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов бугун биргаликда Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларини зиёрат қилади.
Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари бугун, 15 июл куни Самарқанд шаҳрида бўлиб турибди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов давлат ташрифининг иккинчи куни Самарқанд шаҳрига келди.
Аэропортда уни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Олий мартабали меҳмон давлат раҳбари ҳамроҳлигида Шарқ дурдонаси - қадим ва бетакрор Самарқанд шаҳрининг улуғвор меъморий обидалари билан танишади, дейилади хабарда.
Кеча, 14 июл куни «Кўксарой» қароргоҳида ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Туркманистон музокаралари якунида ҳужжатлар имзолаш маросими бўлиб ўтганди.
Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов қўшма баёнот имзолади. Унда эришилган асосий келишувлар мустаҳкамлаб қўйилган ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича узоқ муддатли вазифалар белгиланган.
Давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари томонидан битимлар имзоланди. Жами 19 та ҳужжатга имзо чекилди.