Жаҳон | 21:41 / 17.07.2022
81758
14 дақиқада ўқилади

Украина HIMARS билан Россиянинг асосий устунлигини йўққа чиқармоқда. Россия армияси унга чора топиши мумкинми?

HIMARS Донбассда / Anastasia Vlasova / The Washington Post / Getty Images

Россия қўмондонлиги Донбассда уч ой ичидаги илк оператив муваффақиятини нишонлашга улгурмасидан, украин армияси рақибни вайронгарчилик урушининг оғир кундалик ҳаётига қайтарди. Россия артиллерия борасидаги устунлик эвазига (Ғарб баҳоларига кўра, стволлар сони бўйича ҳам, бир қуролга захира снарядлар миқдори бўйича ҳам бир неча баробар устунлик кузатилган) муваффақиятга эришганди. Украина қўмондонлиги бу устунликни қисқартириш имконини топди — Ғарб етказиб берган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари ва у орқали қўлланадиган юқори аниқликдаги ракеталар воситасида. Зарбалар Россия ҳарбий машинасининг энг заиф қисмига — логистикага берилмоқда. Энди Россия қўмондонлиги Донбасс ва Херсондаги гуруҳлар учун таъминот тизимини қайтадан қуриши талаб этилади; ва мобилизациясиз буни уддалашнинг имкони бўлмаслиги мумкин.

«Медуза» Украинага Россиянинг артиллерия борасидаги устунлигини қисқартиришда қўл келаётган HIMARS тизими имкониятлари ва Россия армияси унга қарши туриш учун қандай чоралар кўриши мумкинлиги ҳақида материал тайёрлади.

Лисичанскни эгаллаш ҳали якунига етмасдан украин ҳарбийлари Россия армияси назоратидаги ичкари ҳудудларда жойлашган артиллерия учун ўқ-дорилар жойлаштирилган омборларга зарба бера бошлади. Йигирмага яқин йирик омборлар портлатиб юборилган — уларнинг аксарида снаряд ва ракеталар захираси тўлиғича йўқ бўлган. Уларнинг барчасига (ёки қарийб барчасига) фронт линиясидан 40-80 километр масофадан туриб Украинага АҚШ ва Буюк Британия томонидан етказиб берилган HIMARS ва M270 (бири ғилдиракли, иккинчиси гусеницали) баравар ўт очиш реактив тизимларидан юқори аниқликдаги ракеталар билан зарба берилган. Бу ҳужумларга жавоб қайтмаган: баравар ўт очиш реактив тизимлари йўқ қилинганига оид далиллар йўқ.

Шу тариқа, Украина қўмондонлиги шуларни намойиш этди: 

  • Узоқ масофага ва аниқ отувчи қуролларга эга ва улардан фойдалана олади.
  • HIMARS етказиб берилгунча етишнинг имкони бўлмаган нишонларни топиши мумкин.
  • Россия армиясининг олдинги чизиқдаги қисмларининг бутун логистика тизими ва унинг артиллерия кучидаги устунлигини хавф остида қолдириши мумкин.

HIMARS советларнинг тизимларидан нимаси билан фарқланади?

Тизим бу урушда Россия ва Украина томонидан фойдаланилаётган советлар даврига мансуб баравар ўт очиш тизимларидан («Град», «Ураган» ва «Смерч») учта асосий афзалликка эга:

  • Биринчидан, HIMARS учун стандарт ракеталар — GMLRS — GPS бўйича йўналтириш тизимига эга бўлиб, бу уларни советларнинг ракеталарига қараганда анча аниқроқ ҳаракатлантиради. GMLRS’нинг нишондан оғиш айланаси атиги бир неча метрни ташкил этади, «Ураган»да эса бу кўрсаткич 200 метрга тенг (35 километр масофага отилганда). Шу тариқа, HIMARS объектни камроқ ракета сарфлаган ҳолда аниқ нишонга олиши мумкин, шунингдек, бу ракета мустаҳкамланган нишонни (масалан, бетонли) йўқ қилиш учун кучли унитар портловчи-парчаланувчи жанговар каллаклардан фойдаланиш имконини беради, «Ураган» эса одатда жонли куч ва енгил зирҳли техникалар ҳаракатланаётган катта майдонни ёппасига ўққа тутиш учун кассетали каллакларга (аниқлиги паст бўлса-да) эга ракеталардан фойдаланади.
  • Бир отишда камроқ ракеталар учирилиши (6 дона GMLRS), HIMARS’ни советларнинг тизимларига қараганда енгил, аммо нисбатан зирҳлироқ қилиш имконини беради. Бу ҳимояни ишончлироқ қилади: уни йўқ қилиш учун яқин масофада катта миқдордаги ўқ-дори портлаши талаб этилади. Яъни уни фақат юқори аниқликдаги қурол билан уриш керак.
  • Ракеталар ҳар бирида олти дона ракетадан иборат тайёр контейнерларда етказиб берилади, бу эса тизимни қисқа вақт ичида (бир дақиқада) қайта ўқлаш имконини беради. Совет тизимлари эса битталаб ўқланади ва бунга ўн дақиқа кетади. Бу тизимнинг тезкорлигига ҳам, унинг зарбалардан ҳимояланишига ҳам таъсир кўрсатади (HIMARS қайта ўқлаш учун кўп вақт давомида бир жойда қолиши шарт бўлмайди).

Самарали отиш масофаси (85 километргача) бўйича HIMARS (227 миллиметр калибрли) анча оғир ва у қадар мобил бўлмаган «Смерч»га (300 миллиметр калибрли) мос келади — ва «Ураган»дан (200-210 мм калибрли) устунлик қилади. Шу билан бирга, 70 километрга отилганда «Смерч»нинг аниқлиги ҳам HIMARS’никидан ортда қолади — оғиш айланаси 150 метр атрофида бўлади. Шу туфайли «Смерч», худди «Ураган» каби кассетали каллаклардан фойдаланади.

Россия ҳарбий-саноат комплекси HIMARS’нинг муқобилини ишлаб чиққан («Смерч» ўлчамларида) — бу бошқарилувчи 9М544 ракеталарига эга «Торнадо-С» ҳисобланади. Аммо бундай ракеталар аниқликда GMLRS’га яқинлаша олмайди, чунки инерциал бошқарув тизимидан фойдаланади. Қолаверса, бундай ракеталар Россия армиясида кўп эмас, GMLRS ракеталари эса 40 минг донадан ортиқ ишлаб чиқарилган.

Марокашдаги ҳарбий машғулотлар вақтида HIMARS қурилмаси қўлланиши. 2021 йил
Fadel Senna / AFP / Scanpix / LETA

Натижада Америка ва советларнинг баравар ўт очиш тизимлари турлича қўллаш тактикаларини тақозо этади. HIMARS нисбатан узоқ масофали оператив-тактик ракетанинг муқобили сифатида қўлланиши мумкин (лекин «Искандер»чалик эмас). Советларнинг баравар ўт очиш тизимлари эса кассетали снарядлари билан узоқ масофадаги «юмшоқ» нишонлар ва майдон бўйича ишлаши мумкин.

Украина қўмондонлиги нишон сифатида нега айнан ўқ-дори омборларини танлади?

Омборлар ягона нишонлар эмас. Масалан, катта эҳтимол билан GMLRS орқали зарба берилиши оқибатида 11 июл куни 20-гвардия мотоўқчилари дивизияси командири, полковник Алексей Горобец ва унинг штабидаги бир неча офицерлар ҳалок бўлган.

Аммо ўқ-дори омборлари Украина баравар ўт очиш реактив тизимлари учун устувор вазифа бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади:

  • Россия армиясининг Донбасс, Харкив, Херсон ва Запорижжя областларидаги фронт чизиқларидаги асосий устунлиги артиллерия сони ва улар учун ўқ-дориларни етказиб беришнинг яхши ташкил этилганида эди. Снарядлар темирйўл орқали фронт чизиғига бир неча ўн километр масофадаги омборларга етказиб берилган, бу омборлардан эса кунига бир неча марта автотранспорт орқали олдинги чизиқдаги артиллерия қисмларига ташиб борилган. Россия гуруҳлари артиллерияси Украина позицияларига танаффуссиз ўт очиши мумкин, жумладан тўғридан тўғри зарар етказмайдиган, лекин қўшинларнинг моддий-техник базасини йўқ қиладиган ва уларни манёврлар қилиш имкониятидан маҳрум этадиган зарбалар ҳам берилиши мумкин. Шу вақтгача украин армияси бундай артиллерия конвейерига қарши ҳеч нарса қила олмаётганди, энди эса уларда Россия армияси устунлигини камайтириш имконияти юзага келди.
  • Омборлар, украинларнинг ўз артиллерияси имкониятларидан фарқли ўлароқ GLMRS хусусиятларига тўла мос келади: уларнинг координаталари маълум ва ўзгармайди (ракеталар эса географик координаталар бўйича бошқарилади), омборларнинг жойлашувини жосуслик тармоқлари орқали ҳам, техник воситалар билан ҳам (масалан, Америка сунъий йўлдошлари) осон аниқлаш мумкин. Темирйўл бўйларидаги ҳар кун ўнлаб юк машиналари қатнайдиган иншоотларни махфий тутишнинг имкони йўқ.

Бу Украина армияси ҳал қилувчи устунликка эга бўлганини англатадими?

Катта эҳтимол билан, ҳал қилувчи устунликка эришишга ҳали жуда узоқ. Ҳозирча айтиш мумкинки, Украина қўмондонлиги вайронкорлик урушида кучли қуролга эга бўлди. Аммо омборларнинг бомбардимон қилиниши Россия армияси имкониятларига таъсир кўрсатади дейиш қийин: бу ҳужумлар Лисичанск учун жанглар якунлангач, кучларни қайта тўплаш даврига тўғри келмоқда. Катта эҳтимол билан, бўлинмаларнинг  бир қисми (жумладан артиллериячилар ҳам) бошқа йўналишларга ўтказилмоқда, шунинг учун артиллериядан фойдаланиш интенсивлиги пасайиши фақатгина снарядлар етишмовчилиги ва омборлар портлатилиши билан боғлиқ эмас.

Нова Каховка саноат зонасидаги қурол-яроғ омбори портлашдан олдин. 2022 йил 11 июл
Planet Labs PBC / AFP / Scanpix / LETA
Нова Каховка саноат зонасидаги қурол-яроғ омбори портлашлардан кейин. 2022 йил 12 июл
Planet Labs PBC / AFP / Scanpix / LETA

Шуниси аниқки, Россия армияси HIMARS ва M270 тизимлари жойлашувини аниқлаб, уларга аниқ зарбалар бериш ҳамда логистика тизимини ўзгартириш учун катта ресурслар сарфлаши талаб этилади — шу билан бирга муваффақият кафолатланмаган бўлади.

Россия армияси бу таҳдидга қарши нима қила олади?

Умуман олганда иккита жавоб варианти бор:

  • Украина армиясининг кам сонли замонавий баравар ўт очиш реактив тизимларини йўқ қилишга ҳаракат қилиш.
  • Омборларни зарба таҳдиди остидан олиб кетиш ёки бу зарбалар самарасини камайтириш учун олдинги чизиқдаги омборхоналар ҳажмини кичрайтириш.

Икки вариант ҳам Россия армияси учун катта қийинчиликлар келтириши тайин.

Фронт чизиғидан ўнлаб километр ичкаридан туриб зарба бериши мумкин бўлган, яхши ҳимояланган ҳамда ҳаракатчан 20 дона баравар ўт очиш реактив тизимини (Украинага июл ойи охиригача жами шунча HIMARS ва M270 етказиб берилиши режалаштирилган) йўқ қилиш ҳам — Россия армияси учун қарийб уддалаб бўлмас топшириқдир.

  • Уларнинг мобиллиги ва яхши ҳимоялангани, шунингдек, улар рақибнинг фронт ортидан туриб ҳаракатланиши мумкинлиги (бу ҳолатда разведка олиб бориш ва тезда нишонни белгилаш осон бўлмайди) туфайли артиллерия билан бундай нишонларга аниқ зарба бериш жуда қийин. Агар HIMARS’ларнинг украин операторлари хатога йўл қўймаса, бу тизимларни Россия артиллерияси билан йўқ қилиш имкони деярли йўқ.
  • Бундай вазифани ердаги нишонларни аниқлаш ва ҳудудни доимий равишда мониторинг қилиб туриш тизимларига эга авиация билан уддалаш мумкин. Аммо бу урушнинг илк даври кўрсатдики, Россия авиацияси фронт чизиғидан ичкарида доимий ҳаракатлана олмайди, бу ҳолда рақибнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига осонгина ўлжа бўлиш мумкин.

Омборларни зарба остидан олиб кетиш учун логистика тизимини ўзгартириш ҳам жуда қийин иш.

  • Олдинги чизиқдаги омборларни HIMARS зарбаси етиб борадиган ҳудуддан, яъни фронт чизиғидан 90 ва ундан ортиқ километр масофага қайтариш мумкин. Аммо бу олдинги чизиқ таъминотини каррасига ёмонлаштиради. Гап шундаки, ўқ-дорилар Россиядан ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига темирйўллар орқали етказиб берилади. Украина жануби ва шарқидаги станцияларда улар аскарлар қўли билан юкланади (Россия армиясида махсус юкловчилар ва кранлар йўқ) ва станциялар яқинидаги омборларга жойлаштирилади. Бундай омборлардан эса олдинги чизиққа борувчи юк машиналарига юкланади. Снарядлар машиналарга яна аскарлар қўли билан юкланади. Батарея пакетини юклаш бир неча соат вақт олиши мумкин. Яна бир неча соат юк машиналари колоннаси фронт чизиғига қадар 40-60 километр масофани босиб ўтиши учун кетади; юкни тушириш ва ортга қайтиш учун яна бир неча соат сарф бўлади. Омборлар фронтдан 40-60 километр масофада бўлганида юк машиналар кунига икки рейс қатнаш имконига эга бўлади, агар масофа 90 ва ундан ортиқ километрга узайса, бир кунда фақат бир рейсга имкон бўлади. Россия армиясида юк машиналари сонини икки баробар ошириш имкони йўқ: уларнинг сони урушга қадар ҳам кам эди, феврал ва март ойларида мингдан ортиқ юк машиналари йўқотилишидан кейин эса машиналар тақчиллиги юзага келгани тайин. 
  • Ўқ-дориларни омборлар бўйлаб тарқатиб юбориш (битта йиригидан — кўплаб кичикларига) самарали восита бўлади. Омборларга ракета зарбалари муаммосини Украина армияси айнан шундай ҳал қилган. Аммо украин логистикларининг вазифаси анча кичикроқ кўламда (ўқ-дорилар миқдори Россияникидан анча кам, уларни анча кам қуроллар учун тақсимлаш талаб этилади). Россия армияси худди шундай ишни умумий сафарбарликсиз уддалаши жуда қийин бўлади: тинч замонда фронторти, логистика ва сақлаш бўлинмалари асосан муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар билан тўлдирилган, ундайларни эса ҳамон ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига юбориш мумкин эмас. Ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида моддий-техник таъминот билан, афтидан, гуруҳ қўмондонлигига бўйсунувчи ва шартнома асосида хизмат қилувчи махсус қисмлар шуғулланади. Донбассда уларга снарядларни юклашда маҳаллий аҳоли вакиллари ва Россиядан келган кўнгиллилар ёрдам қилишди. Катта эҳтимол билан, ишчи кучи етишмовчилигидан азият чекадиган логистика тизимини самарали равишда марказсизлаштириш, имконсиз: ўқ-дориларни кўплаб кичик омборлар бўйлаб қайта тақсимлаш вазифаси автоматлаштиришни, аниқ режалаштиришни талаб этади — булар эса Россия армиясининг энг кучли томонлари эмас.

Аммо ҳатто Россия армияси самарадорлиги (у билан бирга — артиллерия кучи) пасайса ҳам, бу Украина армияси Россия юришларини тўхтатиши, айниқса босиб олинган ҳудудларни тез озод қилиши мумкинлигини англатмайди. Снарядлар ташилиши тезлиги икки баробар камайиши ҳам Россия армияси устунлигини йўққа чиқара олмайди. Ва асосийси, баравар ўт очиш реактив тизимларининг ўзи билан ҳудудларни эгаллаб ва тутиб туриш имконсиз. Истеъфодаги австралиялик генерал Мик Райан айтганидек, HIMARS — бу Украина урушда ғалаба қозониши учун керак бўлган ҳарбий имкониятларнинг биргина қатлами, холос.

Мавзуга оид