Мариуполда асир тушган яна бир британиялик намойиш этилди
Бу асирликдалиги маълум бўлган олтинчи британиялик. Бир неча кун олдин асирликдаги британияликлардан бири вафот этган.
Россиялик журналистлар Украинадаги уруш вақтида асирга тушган яна бир британиялик Жон Ҳардинг акс этган видеони намойиш этишди. Видеода Ҳардинг британлар бош вазири Борис Жонсонга ёрдам сўраб мурожаат қилган ва унга ўлим жазоси таҳдид солаётганини айтган.
Дастлаб Донецк областида асирга тушган британияликлар Шон Пиннер ва Эйден Аслин (шунингдек марокашли Саадун Иброҳим) ҳақида маълум бўлганди. Июн ойи ўрталарида тан олинмаган «Донецк халқ республикаси суди» уларни терроризм ва ёлланма жангчи сифатида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишда айблаб, ўлим жазосига ҳукм қилганди.
Британия ҳукумати, асирларнинг қариндошлари ва халқаро ҳуқуқ ташкилотлари бу одамлар Украина қуролли кучлари сафида туриб жанг қилишгани, ушбу мамлакатда бир неча йилдан буён яшаб келишгани ҳамда ҳарбий асирлар ҳисобланишини айтиб келади. Шунинг учун улар халқаро қонунчилик томонидан асирлар учун кафолатланган барча ҳуқуқлар ва ҳимояга эга бўлиши лозимлиги таъкидланади.
Бундан ташқари, июл ойи бошида «ДХР» яна икки британияликни - Дилан Ҳили ва Эндрю Ҳиллни ёлланма жангчилар сифатида айблаганди. 22 ёшли Ҳили апрел ойида Запорижжядаги назорат-ўтказиш пунктида ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан украин оиласини олиб кетаётганида қўлга олинган. Украинанинг урушдан азият чеккан аҳолисига ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи Presidium Network нодавлат ташкилоти маълумотига кўра, у гуманитар фаолият билан шуғулланган ва маҳаллий аҳолига кўнгилли сифатида ёрдам берган. 35 ёшли Эндрю Ҳиллни ҳам ўша ойда Миколайив областида қўлга олишган.
Ҳардингдан «интервью»ни Биринчи канал бошловчиси Марина Ким олган. Ҳардингнинг дўстлари ва яқинлари BBC билан суҳбатда видеодаги айнан у эканини тасдиқлашган, Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги унинг оиласи билан боғланган.
Бу маълумотни Британия Форин-офисидагилар ҳам тасдиқлашди. «Биз қўлга олинганлардан сиёсий мақсадларда фойдаланилишини қоралаймиз ва бу масалани Россия билан муҳокама қиламиз. Биз бу одамлар масаласида Украина расмийлари билан алоқадамиз ва Украинанинг уларни озод этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз», дейилади вазирлик хабарида.
Ҳардинг ҳақида нималар маълум?
Ҳардинг - ҳарбий шифокор-парамедик, у 50 ёшдан ошган, у Англия шимолидаги порт шаҳар - Сандерлендда туғилган.
Маълум бўлишича, Ҳардинг май ойида Украина миллий гвардияси таркибидаги «Азов» полки билан асирга тушган. Ўшанда Мариуполни бир неча ой мудофаа қилгач украин бўлинмалари асир тушишга мажбур бўлганди.
Ҳардинг 2018 йилдан буён Украина шарқидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб келган. Аввалроқ у BBC учун берган интервьюсида бу ерга Россия ҳарбийларига қарши курашда ўз ҳарбий тиббиёт кўникмалари билан ёрдам бериш учун келганини айтганди.
Ҳардинг, Пиннер ва Аслин Украинага тахминан бир вақтда келган, бу мамлакат улар учун иккинчи ватанга айланган.
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс икки британиялик ўлим жазосига ҳукм қилинишини «ҳеч қандай легитимлиги бўлмаган сохта ҳукм» деб атаганди.
Шу ҳафтада «Донецк халқ республикаси»да россияпараст кучлар асирлигида британиялик кўнгилли Пол Ури вафот этди.
Британиянинг Уоррингтон шаҳридан бўлган 45 ёшли Ури 25 апрел куни Запорижжя яқинидаги блокпостда қўлга олинганди, уни Украина томонида жанг қилаётган кўнгилли жангчи сифатида қабул қилишган. У ўшанда Дилан Ҳили билан бирга бўлган.
Кўнгиллилар ҳарбий ҳаракатлар майдонига гуманитар миссия билан келган - уруш марказида қолган оилаларни эвакуация қилиш билан шуғулланишган. Пол Урининг онаси ҳикоя қилишича, у қандли диабет билан оғриган ўғли учун хавотирда эди - у доимий равишда инсулин қабул қилиб туриши керак бўлган.
Мавзуга оид
17:58 / 11.11.2024
Британия ва Франция Байденни Украина Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишига рухсат беришга кўндирмоқчи
09:00 / 11.11.2024
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
08:19 / 11.11.2024
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
21:05 / 10.11.2024