Жамият | 23:00 / 19.07.2022
21822
2 дақиқада ўқилади

Андижондаги узумчилар маҳалласи

Булоқбоши тумани Учкўча маҳалласи узумчилик билан шуғулланади. Маҳалладаги 480 та хонадоннинг деярли барчасида узум етиштирилади. Ўтган йилдан тажриба тариқасида йўл устига ҳам сўритоклар қилинган.

Маҳалла йўлларида юрганингизда ўзингизни “узумлар ёмғири” остида қолгандай ҳис қиласиз. Кўчага қилинган сўритоклардаги узумлардан ҳам қўшимча даромад олиш режалаштирилган.

“Эсимизни таниганимиздан бери узумчилик билан шуғулланиб келамиз. Узумчилик – отамиз раҳматлидан мерос. Баҳордан кузгача меҳнатини қилиб, қараб, вақтида ўғитини берамиз, вақтида дорисини берамиз. Ҳосилни олгандан кейин бозорга олиб бориб сотмаймиз: экспортчилар ўзлари келиб, пул тўлаб, тарозига қўйиб, ўзлари узиб олиб кетишяпти.

Оилавий шуғулланамиз шу билан. Ўзим бошқа жойда ишламайман. Узум билан тирикчилик қиламан”, – дейди Авазбек Тешабоев.

Ҳозирда 5 хил навдаги узум етиштирилмоқда. Деҳқонлар етиштирган узумига қараб бир мавсумда 30-40 миллиондан 70-80 миллион сўмгача даромад қилмоқда.

Кўчаларга қилинган сўритоклардан эса бу йилдан ҳосил олиш бошланади. Бу ҳам деҳқонларга қўшимча 1-2 тонна узум етиштириш имкониятини берган. Ҳозирда маҳалладаги деҳқонлар бошқа узум навларини ҳам мослаштириш билан шуғулланмоқда.

Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов.

Мавзуга оид