Футболга муҳаббат ва шарҳловчиликка кириб келиши

– Шарҳловчиларнинг кўпчилигига эътибор берган бўлсангиз, болалигида футболчи бўлишни орзу қилган. Менда ҳам шундай – болалигимдан футболчи бўлишни хоҳлаганман. 1994 йилги мундиал, 1996 йилги Осиё Кубоги футболга қизиқишимга сабаб бўлган. «Касаллик» шундан келиб чиқа бошлаган. 1998 йилги жаҳон чемпионати ва 2000 йилги Европа чемпионати футболга муҳаббатимни янада оширган. «Қанийди, футболчи бўлсам…» деб орзу қилардим.

Орзуларим ҳатто тушларимга кўчарди. 2000 йилги ­тарихимиздаги энг шармандали Осиё чемпионати (Ўзбекистон Японияга 1:8, Саудияга 0:5 ҳисобида ютқазган) вақти тушимда ўзимни Ўзбекистон миллий жамоасида кўрганман. Жуда яхши эслайман: Туркманистон билан ўйинда Миржалол Қосимовнинг узатмасидан сўнг гол урганман ва ўша баҳсда 2:1га ютганмиз.

Лекин ҳаётда орзум амалга ошмади. Шундан сўнг Жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факултетига ўқишга кирдим. Шарҳловчи бўлишни мақсад қилдим. Ўшанда ҳам асосий ўқийдиганимиз футбол газеталари эди. Уч ўртоқ уч хил газета – «Интерфутбол», «Футбол экспресс» ва «Ўзбекистон футболи»ни олиб, алмаштириб ўқирдик.

2003 йил ноябрь ойларидан телевидениега амалиётга қатнаганман. 2004 йилдан «Sport» телеканали ташкил этилди. Ўша йил ёзида амалиётимни «Sport»га олиб, Афина олимпиадаси, Европа чемпионати ва Осиё Кубогини кўрдим, устозлар билан бирга ишладим.

Устозлари ҳақида

– Биринчи бор қўлимдан тутган Хайрулла Ҳамидов ва марҳум Давлат Турдиалиевни алоҳида тилга олган бўлардим. Илк чиқишим Хайрулла аканинг «Футбол плюс» дастурларига тўғри келади. Ҳеч эсимдан чиқмайди – 2004 йил 25 июл куни отамнинг туғилган кунларида эфирга кетган. «Реал» ҳақида лавҳа тайёрлагандим.

Давлат аканинг яхши хусусиятлари бор эди: ўсиб келаётган ёшларни кўрсалар, ҳеч қачон кўксидан итармасдилар. Хатоларни шундай кўрсатиб берардиларки, чўкиб ҳам қолмасдик ва шу билан бирга туртки бўларди. Умрларининг сўнгги йилларида энг кўп тандемда ишлаганимдан фахрланаман.

Фото: Tribuna.uz

Шарҳга биринчи марта Элдор Мустафоев олиб кирган. Қўрқардим. Лекин Элдор ака ички қўрқувни енгишимга сабабчи бўлган. Ҳозир ҳам шундай: ҳеч кимдан сўрамай, ёш шогирдларни шарҳга олиб кириб кетаверади. Таваккалчи инсон.