Жаҳон | 21:07 / 19.07.2022
26066
7 дақиқада ўқилади

Владимир Путин Эронга келди. Бу унинг февралдан бери собиқ иттифоқ давлатларидан ташқарига илк сафари

Россия президенти Эронга келди - бу унинг феврал ойи охирида Украинага босқин бошлашидан буён собиқ иттифоқ минтақасидан ташқарига қилган илк хорижий ташрифи бўлди. Теҳрон халқаро майдонда Москванинг кам сонли иттифоқчиларидан бири бўлиб қолмоқда.

Сергей Савостьянов / Reuters / Scanpix / LETA

Владимир Путин Эрон президенти Иброҳим Раисий билан учрашди, у Эрон президенти ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан уч томонлама учрашув ўтказиши ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек Эрон диний раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий билан учрашув ўтказилди - бу томонларнинг ўзаро бешинчи учрашувидир.

Шахсини сир сақлашни сўраган туркиялик амалдорларга асосланган нашрларнинг ёзишича, Теҳронда буғдой экспорти, Сурия ва Украина масалалари муҳокама этилади.

Путин Украинада уруш бошлангач, халқаро ташрифларини чеклаб қўйганди. Июн ойида у февралдан буён илк ташрифини амалга ошириб, Тожикистон ва Туркманистонга келганди.

Ташрифнинг илк меваларими?

Владимир Путиннинг Теҳронга ташрифи фонида Россиянинг «Газпром» ва Эрон миллий нефт компанияси NIOC ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди ва 40 млрд долларлик битим тузилди, бу битим иккита газ ва олтита нефт конларини ўзлаштиришни назарда тутади.

Битим «Газпром» раиси ўринбосари Виталий Маркелов ҳамда NIOC раҳбари Муҳсин Хойстемир иштирокидаги виртуал маросимда онлайн-режимда тузилган.

Режалаштирилган лойиҳалар қаторига Киш ва Шимолий Парс газ конларини ўзлаштириш, суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича аввал бошланган лойиҳаларни якунига етказиш ҳамда экспорт учун газ қувурлари қуриш бўйича лойиҳалар ҳам киради.

Эрон табиий газ захиралари бўйича дунёда Россиядан кейинги иккинчи ўринда туради, аммо Америка санкциялари расмий Теҳронга уларни қазиб олиш учун янги технологиялардан фойдаланишга имкон бермайди ва газ экспортини ривожлантиришга халал беради.

Қадрдон рақиблар

Стив Розенберг, BBC

Қўшни суверен давлатга бостириб кириш одатда дўстларни йўқотишга олиб келади. Ва Россия ҳам Украинага тажовузи билан боғлиқ равишда кўп нарсани йўқотди. Ғарбда Москвани бутунлай четга чиқариб қўйишди.

Аммо Кремл халқаро санкциялар дунёнинг энг йирик давлати бўлмиш Россияни яккалаб қўя олмагани ва унда ҳамон дўстлар борлигини намойиш этишга бел боғлаган. Масалан, Туркия ва Эрон.

Россия Сурия масаласидаги мазкур уч томонлама саммитдан унда ҳамон кучли иттифоқчилар ва геосиёсий таъсир борлигини кўрсатиш учун фойдаланмоқда.

Аммо булар «қабргача дўстлар» эмас. Туркия ва Эрон бошқа нарсалар қатори Россияга рақиб ҳамдир. Туркия ва Россия Сурия ва Ливия масаласида қарама-қарши томонда туради. Улар шунингдек, Жанубий Кавказдаги таъсир борасида ҳам рақобатлашади. Туркия дронлари украин армиясига ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Эрон эса жаҳон энергетика бозоридаги ўрин учун Россия билан рақобат қилади.

Тўғри - Россия, Туркия ва Эронда умумий манфаатлар бор.  Аммо уларнинг дўстлиги узоқ давом этишига кафолат ҳам йўқ.

«Санкцияларга кўникканлар»

Экспертларнинг ҳисоблашича, мазкур ташриф кўп йиллар давомида Ғарб санкциялари остида қолган ва Москванинг кам сонли иттифоқчиларидан бири бўлган Эрон билан алоқаларни чуқурлаштириш имконини беради.

Аввалроқ Кремл расмийси Дмитрий Песков Россия ва Эрон санкцияларга кўникканини айтиб ўтди. «Эрон кўп йиллардан буён у ёки бу турдаги санкциялар остида бўлиб келган ва Эрон ривожланиш, ўз халқи фаровонлигини оширишга яхши мослашган», деган у.

Россия Украинадаги уруш бошланиши ортидан қатъий санкцияларга дучор бўлди. Эрон ҳам, Туркия ҳам бундай санкцияларга қўшилмаган.

Кейинги ҳафтада Ғарб давлатлари элчилари санкцияларнинг янги пакетини тасдиқлаш учун йиғилади. Бу вақтда, Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, Москва ва Теҳрон янги давлатлараро келишув лойиҳаси устида ишламоқда.

Эрон дронлари

Путин Эронга ташрифини Теҳроннинг Россияга юзлаб учувчисиз учиш қурилмалари, жумладан, жанговар мақсадларда қўлланадиган дронлар етказиб беришни режалаштираётгани ҳақидаги хабарлар фонида амалга оширмоқда. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Россия делегацияси ўтган ойда Эронга келиб зарбдор дронлар билан танишгани ҳақида айтганди.

«Эрон ҳукумати Россияни тезкор равишда бир неча юзтагача учувчисиз учиш қурилмалари, жумладан, қурол олиб юришга қодир бўлган жанговар аппаратлар билан таъминлашга тайёрланмоқда. Бизнинг маълумотларимиз яна шуни кўрсатадики, Эрон россиялик ҳарбийларни бундай учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланишга ўргатмоқчи», деган у.

Кўп ўтмай Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн-Амир Абдуллохиён Италиянинг La Repubblica газетасига берган интервьюсида унинг мамлакати Украинада эскалация келтириб чиқарувчи ҳар қандай ҳаракатдан, жумладан қурол етказиб беришдан тийилишини маълум қилди. «Россия билан мудофаа соҳасида келишувлар бор, аммо биз бу можаронинг ҳеч бир иштирокчисига ёрдам бермаймиз», деган у.

Песков Путиннинг Теҳронга ташрифи чоғида дронлар мавзуси муҳокама қилиниши эҳтимоли борасидаги саволга жавоб қайтаришдан бош тортди. Салливан АҚШ Россияга аллақачон эронликларнинг дронлари етиб борган ёки етиб бормаганидан бехабар эканини билдирди.

Ғалла

«Украина ғалласини экспорт қилиш масаласи муҳокама қилинади, бу борада фаол иш олиб борилмоқда», деган Россия президенти ёрдамчиси Ушаков.

24 феврал куни бошланган босқиндан кейин украин ғалласи экспорти ҳажми кескин қисқарди, чунки Қора денгиздаги портлар, хусусан, Одесса ва Миколайивдаги портлардан чиқиш йўли тўсилганди, Азов денгизи соҳилларидаги портлар эса Россия назоратига ўтди. Ғарб экспертлари баҳоларига кўра, Одесса ва унинг атрофидаги ҳудудларда 20 млн тонна ғалла тўпланиб қолган, бу вақтда эса дунёга озиқ-овқат инқирози таҳдид солмоқда.

Шу кунларда Туркия мудофаа вазири Хулуси Оқар томонлар буғдой ташиш йўналишлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича келишиб олганини маълум қилганди. «Умид қиламизки, ғалла ва озиқ-овқат муаммоси имкон қадар тез фурсатда ҳал қилинади. Туркия, РФ, Украина ва БМТ вакилларининг кейинги ҳафтадаги учрашувида тегишли ҳужжат расмийлаштирилиши мумкин», деганди у. Бундай учрашувларнинг биринчиси 13 июл куни Истанбулда ўтказилди.

Шахси сир қолиши шарти билан BBC мухбирига интервью берган ғарблик амалдорлар музокаралар «ишбилармонлик руҳида» ўтгани, аммо қарорни Путиннинг Эрдўған билан Теҳронда учрашуви бўладиган 19 июлдан олдин кутмаслик кераклигини айтган. Манбаларнинг сўзларига кўра, Эрдўған аввалроқ ўтказилган телефон мулоқотида Путиннинг экспортни очиб юборишга розилигини олишга умид қилганди, аммо афтидан Путин бу қарорни ўзи қабул қилиб, бу ҳақда ўзи эълон қилмоқчи бўлмоқда.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид