Жаҳон | 19:43 / 21.07.2022
17569
2 дақиқада ўқилади

Зеленский ўзининг оғир аҳволда реанимацияга тушгани тўғрисидаги хабарни рад этди

Аввалроқ Украинадаги TAVR Media ҳолдингига қарашли радиостанциялар Зеленский реанимацияда оғир аҳволда ётгани ҳақида хабар берганди. Ҳолдинг радиостанциялар киберҳужумга учраганини билдирди. 

Фото: Reuters

Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг реанимацияга тушиб қолгани тўғрисидаги хабарни рад этди, деб хабар берди РБК

Аввалроқ Украинадаги TAVR Media ҳолдингига қарашли радиостанциялар Зеленский реанимацияда оғир аҳволда ётгани, президент вазифасини эса олий рада спикери Руслан Стефанчук бажараётганини хабар қилганди.

Зеленский бу маълумотни «фейк» деб атади.

«Мана, хонамда ўтирибман. Ўзимни ҳеч қачон ҳозиргидек бардам ҳис қилмаганман. Бундай фейк тарқатувчилар учун ёмон хабар: мен ёлғиз эмасман. Биз 40 миллионтамиз. Ва кексаларга ҳурмат бажо келтирган ҳолда айтаман: 44 ёш – бу 70 ёш эмас», — деди Украина президенти. 

TAVR Media ҳолдинги унга қарашли радиостанциялар серверлари ва тармоқларига киберҳужум бўлганини билдирди. 

«Украина президентининг саломатлиги билан боғлиқ муаммолар тўғрисидаги ҳеч бир хабар ҳақиқатга мос эмаслигини таъкидлаймиз», — дейилади ҳолдингнинг Facebook саҳифасидаги баёнотида. 

TAVR Media ҳолдингига «Хіт FM», «Kiss FM», Radio ROKS, Radio Relax, «Мелодія FM», «Наше Радіо», Classic Radio, Radio Jazz, «Радіо Байрактар» радиостанциялари киради. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид