Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Киев Европолдан Украинага берилган қуроллар Европа қора бозорида сотилаётгани борасида далил сўради
Аввалроқ Европол Украинадан Европа иттифоқи мамлакатларига ўқотар қурол ва ўқ-дорилар контрабандаси амалга оширилаётганини қайд этгани хабар қилинганди.
Украина миллий мудофаа ва хавфсизлик кенгаши котиби Алексей Данилов мамлакат ҳукумати Европолдан Европага қурол контрабандаси амалга оширилаётганини исботловчи далилларни кутаётганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, Европол расмий вакиллари билан батафсил мулоқот ўтказилиши кутилмоқда. Данилов мулоқот доирасида Украинага берилган қуроллар Европа қора бозорида сотилаётгани борасида факт ва далиллар тақдим этилишини тахмин қилмоқда.
«Тезкор ахборот алмашиш ва ҳаракат қилишдан манфаатдормиз», — деди у.
Аввалроқ Евроиттифоқ полиция хизмати (Европол) жиноий тармоқлар Украинадан Европа иттифоқи мамлакатларига «катта миқдордаги ўқотар қурол ва ўқ-дорилар» контрабандаси билан шуғулланаётганини қайд этгани хабар қилинганди.
Ушбу маълумотларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Украинадан айрим шахслар ўқотар қуроллар билан чиқиб кетишга урингани бўйича бир қатор ҳолатлардан хабардор. Полиция хизмати Украинанинг ЕИ билан чегарасида контрабанда учун яширин жойлар ташкил этилганини ҳам тахмин қилмоқда.
Европол вакили Ян Оп Ген Оортнинг dpa агентлигига хабар беришича, қора бозорда Украинадан келган ўқотар қуроллар ва бошқа ҳарбий товарлар савдоси ҳоллари кузатилган. Айрим ЕИ давлатларининг ҳуқуқ-тартибот идоралари оғир қуроллар савдосини ҳам истисно этмаяпти.